Зикр тасаввуф таълимотининг асосий амалий бўғинларидан ҳисобланиб, турли тариқат вакиллари зикрнинг жаҳрий ва хафий турларини қўллаб келганлар. Жаҳрий зикр кўриниши ва ижро усули жиҳатидан жуда ранг-баранг бўлиб, асосан Яссавийа, Кубравийа каби сулукларда амалда бўлган. Зикр маросим сифатида, одатда, пайшанба ёки жумадан шанбага ўтар кечаси хонақоҳда амалга оширилган ва у соликларни дунёдан тажарруд қилишга руҳан тайёрлаган
Зикрга йиғилганлар доира шаклидаги ҳалқага тўпланганлар. Ўртада чиройли овоз ва ифода соҳиби бўлган ҳофиз ёки сарҳалқа (бошловчи) ўтириб, Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наътлардан иборат дуоларни, баъзида Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларидан овоз чиқариб ўқий бошлайди. Кейин шайх баланд овоз билан муайян ритм беради[1].
Нақшбандия тариқати асосан «хафий зикр»га асосланган тариқат ҳисобланади. Унда зоҳиран кўзга ташланадиган хатти-ҳаракатлардан фарқли, «суҳбат»[2] ва «робита»[3]га кучли эътибор берилади. Бироқ мазкур тариқатнинг тадрижий ривожини кўрадиган бўлсак, унинг турли босқичларида гоҳ хафий зикр, гоҳ жаҳрий зикр амалда бўлганини кўришимиз мумкин. Баҳоуддин Нақшбанд (13181389) даврида зикри хафий амалда бўлган бўлса, Махдуми Аъзам Косоний Даҳбидий (ваф. 1542 й.) уни жаҳрий зикр билан қориштирган.
Биз ушбу мақоламизда зикрнинг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарган, тариқат тарихида бу борада учрамаган ҳолат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бунда Мусохон Даҳбидийнинг халифаларидан бири халифа Сиддиқ фаолиятига қисман тўхталиб ўтамиз.
XVIII асрда яшаб ўтган Нақшбандийа-Мужаддидийа тариқатининг Ўрта Осиёда ёйилишига катта ҳисса қўшган Мусохон ибн Исохон Даҳбидий (ваф. 1776й.) хожагон-нақшбандийа тариқатида ихтиёр қилинган хуфя зикрга алоҳида тўхталади. У Марказий Осиёга тасаввуф таълимотини олиб кирган Юсуф Ҳамадоний ва барча издошлари томонидан жаҳрий зикр қўллаб келингани, хожагон/нақшбандиййа тариқатининг асосчиларидан Абдухолиқ Ғиждувоний эса хуфя зикрни илгари сурганини таъкидлаб ўтади.
Даҳбидий Абдулхолиқ Ғиждувоний хуфя усулини танлаганига Юсуф Ҳамадоний ҳам унинг бу қарорига қарши чиқмаганига алоҳида эътибор беради. Шунингдек, у Хожагон-Нақшбандийа тариқатида ихтиёр қилинган хуфя зикрнинг тўғри эканини Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар ҳадислари орқали исботлашга уринади ва жумладан шундай дейди: «Вазкур раббака фий нафсика тазарру‘ан ва хуфятан дуна ал-жаҳр минал қавли билғудувви вал-осол ва ла такун минал-ғофилийн». Яъни: “Раббингизни ичингизда қўрқув билан ҳамда гапирганда овозни кўтармаган ҳолда эртаю кеч зикр этинг! Ғофиллардан бўлманг”[4].
Даҳбидий Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг хуфя зикр тарафдори эканини таъкидлар экан, унинг жаҳрий зикрни ҳам инкор этмагани, балки бу йўлда юрганларга ҳурмат кўзи билан қарашини ҳам ёддан чиқармайди. Бунга мисол тариқасида Ғиждувоний ўғлига қилган васиятини келтиради: “Кўп самоъ қилмаки, бисёр самоъ нифоқ келтиради. Самоънинг кўплиги дилни ўлдиради. Самоъни инкор қилма, чунки самоъ асҳоблари кўпдирлар”[5].
Мусохон Даҳбидий ўз издошларига ҳам хуфя зикрнинг афзаллигини уқтиради. Унинг вафотидан сўнг ўрнига дастлаб Халифа Худоёр ва кейин эса муршидлик мақоми ва иршод бериш ҳуқуқи халифа Сиддиққа насиб этди. У асли Ҳиндистонлик бўлиб Мусохон Даҳбидий у ердан қайтаяпган вақтида ўзи билан олиб келган эди[6]. Манбаларда Халифа Сиддиқнинг таваллуд санаси аниқ кўрсатилмаган, лекин мавжуд маълумотлар таҳлилидан аён бўлишича, у тахминан 1727– 1731 йиллар оралиғида туғилган.
Халифа Сиддиқ доимий равишда Мусохон Даҳбидийнинг ёнида юриб, ундан тасаввуф сирлари, зикр, пир ва муршидлик[7] одоби, тариқат ва шариат илмларини мукаммал ўрганган. У тариқатга бағишланган асарлар ҳам ёзган, лекин манбаларда тўлиқ бўлмаган биргина асари тилга олинади.
Халифа Сиддиқ иршод мақомига ўтирар экан, Нақшбандийя-Мужаддидийя сулукини Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Дашти Қипчоқни ўз ичига олган кенг ҳудудга тарқатди. Бу ҳақда XVIII асрда Марказий Осиёда кечган ижтимоий-сиёсий ва маданий-диний вазиятни қоғозга туширган тарихчилардан бири Жумақули Хумулий (туғ.й.1776/77) шундай ёзади: “Бу азизнинг замонасида тариқат ғоят тараққий топди, хавосу авом томонидан сулукни қабул қилиш кенг қулоч ёйди. Кишилар Мовароуннаҳр, Фарғона, Кошғар ва Дашти Қипчоқдан тўда-тўда бўлиб бу буюк зот даргоҳига келар эдилар. У киши ҳаммани ўз тарбияларига олар эдилар”[8].
Халифа Сиддиқ сулукни бошқаришда ўзидан аввалгилардан фарқлироқ йўлни танлади. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шу эдики, муридларни зикр ўрнига кўпроқ Қуръон ўқишга чақирарди, турли диний билимларни, шариат аҳкомларини ўрганишга буюрарди. Ҳалқаларда кўпинча Атоуллохўжа Бухорий, Фарғона шайхул исломи Эшон Зокирхўжа Марғиноний, шайхул ислом Мир Абдулҳайхўжа Самарқандий каби ўша замоннинг фозил, олим кишилари ташриф буюриб, соликларга тафсир, ҳадис, фиқҳ каби фанлардан дарслар ўтишарди. Ҳар куни зикр ҳалкасидан ва ишроқ намозининг ўртасида Тафсир ал-Байдовий, Мишкоти шариф ва бошқа саҳиҳ китобларни илм толиблари мазкур уламолардан ўрганар эдилар. Фарз намозларидан сўнг хуш овоз қориларга Қуръон ўқишни, чиройли таъбирли шоирларни маснавий ўқишга буюрар эдилар[9].
Дарҳақиқат, Халифа Сиддиқ сулукка раҳбарлик қилишда, тариқатни ривожлантириш ва ёйишда ноанъанавий усулни қўллаган. Бу услуб кўпчиликка маъқул келганлигини сулук тарафдорларининг сони кескин кўпайганидан билиш мумкин. Бироқ, бундай ҳолат билан келиша олмаган ёки ўзига сингдира олмаганлар ҳам кўплаб учраб турган. Айниқса, бошқа сулук соҳиблари, шайхлар, эшонлар орасида Халифа Сиддиқ йўлини хушламайдиганлар кўп бўлган. «Тарихи Хумулий»дан олинган қуйидаги парча фикримизнинг ёрқин далили бўла олади: «Бу жаннатнишон мажлис диний илмлар музокарасисиз ўтмас эди. Бир куни акобирлардан бири савол бердики: “пирларимиз суҳбатида бирор дарснинг музокараси, ёки китоб ўқиш урф бўлмаган эди. Сиз бу йўлни ихтиро қилдингиз ва ўз шайхларингизга хилоф равишда тариқатда муҳдаса (янгилик) амрга журъат қилдингиз”[10]. Бироқ бу каби эътирозлар Муаммад Сиддиқни ўз йўлидан қайтара олмаган.
Муҳаммад Сиддиқ Нақшбандийа-Мужаддидийа маросимларини Аҳмад Сирҳиндийдан аввалги давр намояндаларининг фикрлари билан бойитди, бошқача қилиб айтганда, уйғунлаштирди, тариқат амалиёти ва таълимотини шариат илмлари билан боғлашга ҳаракат қилди. У Нақшбандийя сулукининг йирик намояндалари, жумладан, Махдуми Аъзам ҳам шу каби усулни қўллаганини айтади.
Бу тажрибанинг минтақадаги ижтимоий-сиёсий вазиятга ҳам ўзига ижобий таъсири бўлган. Нақшбандийа тариқатига оид маҳаллий сулуклар вакиллари (Ҳиндистон, Қашқар минтақаларидан тортиб то Болқон ва шимолий Африкагача) ўзларининг мамлакатларида сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ва осойишталик ўрнатиш, қабилалар ўртасида эса тинчлик ва тотувликка фақат шариат аҳкомларининг мустаҳкамлиги орқали эришиш мумкин, деган хулосага келдилар. Айнан шу боис улар шариат аҳкомларини мустаҳкамлашни лозим деб топдилар. Халифа Сиддиқ ҳижрий 1210 / 1795-6 йилда вафот этган ва Даҳбидда дафн этилган. Қабри Даҳбид қишлоғининг шимолий чеккасидаги боғлар орасида[11]. У вафот қилган санани Хумулий назмда қуйидагича ифода этади:
Имоми собиқон Сиддиқ ногаҳ,
Ки жонаш буд аз сирри Ҳақ огаҳ,
Аз-ин ғурбат саро рафти ватан кард,
Ба дору-л-қурби мулки ли мааллоҳ.
Равонаш жониби ризвон хиромид,
Ба соли як ҳазору ду саду даҳ.
(Мазмуни: ўтган улуғ зотларнинг имоми – Сиддиқнинг жони ногоҳ Ҳаққа юзланди. У бу ғурбатхонадан кетиб «ли ма‘аллоҳ» мақомида қурбат уйида ватан топди. Ризвон жаннати томон сафари 1210 йилда бўлди – Ҳ.Ю.).
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, халифа Муҳаммад Сиддиқ ўз фаолияти давомида Мусохон Даҳбидийнинг назарий кўрсатмаларини нафақат ижро этган, балки уларни ўзининг рационал ғоялар билан бойитган, ривожлантирган. Тариқат маросимларининг муайян доирада қотиб қолмаслигини, балки замон ва макон тақозосидан келиб чиқиб, соликлар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда янгиликлар қилиниши мумкинлигини яна бир карра исботлади. Шунингдек соликларни илм олишга тарғиб қилиш, қилаётган амалларини онгли равишда, ўзлари моҳиятига тушуниб етган ҳолда бажаришлари лозимлигига чақирди.
Айни кунда тариқатга кирганларга илм шарт эмас, ибодат қилиш, таркидунёчилик қилиш етарли деган нотўғри ғояларни тарғиб қилаётган айрим тариқатчилар Муҳаммад Сиддиқ каби пири комилларнинг илғор, ҳаётий фикрларига эргашсалар мақсадга мувофиқ бўларди.
Мир Араб олий мадрасаси ректори
Xайдархон Юлдашходжаев
[1] Бабаджанов Б. О видах зикра джахр у братств Центральной Азии. «Ислам на территории бывшей Российской империи. Энциклопедический словарь» (Отв. ред. С. М. Прозоров), вып. 4, Москва: «Восточная литература», 2003, с. 25-27.
[2] Суҳбат (صحبة) – араб. «дўстлик, ҳамроҳлик». Пир ва мурид ҳамда тариқат аҳллари ўртасида ўзаро дўстлик, бир-бирига нисбатан илиқлик.
[3] Робита (رابطة) – араб. «алоқа, боғлаш, занжир тартиб ва қоида». Робита икки қисмдан иборат: «Робитаи муҳаббат» – ишқ ила шайхни хотирлаш; «робитаи талаббус» – муриднинг ўзини баъзан шайхи қиёфасида тасаввур этиши). Робитадан кўзланган мақсад Аллоҳ томонидан бериладиган ижобий энергия – файзни қабул қилиш учун замин тайёрлаш.
[4] Қуръони карим. «Аъроф» сураси, 205-оят.
[5] Мусохон Даҳбидий. Зубдат ал-ҳақойиқ. ЎзР ФА ШИ. Инв. № 10472/II. – В. 26б.
[6] Мажзуб Намангоний.Тазкира-и Мажзуб-и Намангоний. ЎзРФА ШИ. Инв №2662/ II. -В. 28а, 28б
[7] Мурид-муршид муносабати хусусида қ.: Майер Ф. Учитель и ученик в ордене Накшбандийа // Суфизм в Центральной Азии. – С. 94-113.
[8] Хумулий. Тарихи-и Хумулий. ЎзР ФА ШИ. Қўлёзма, инв. № 37/VI. – В. 299б.
[9]. Ўша асар. – В. 300б.
[10] Ўша асар. –В. 302а.
[11] Абу Тоҳирхожа. Самарийа // Абу Тоҳирхожа. Самарийа. Наршахий. Бухоро тарихи. Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий. Ибрат. Фарғона тарихи. – Т.: Камалак, 1991. – Б. 57.