МАҲСИГА МАСҲ ТОРТИШ
Muallif: . .
Sana: 10.03.2023
381

Маҳси – маълум ва машҳур оёқ кийими. У оёқни тўпиғидан юқорисигача яхшилаб беркитиб туради. Совуқдан ва турли нопокликлардан сақлайди. «Маҳси» деб номланмаса ҳам, унинг мазкур сифатларига эга бўлган оёқ кийимлари Маҳси ҳукмида бўлади. Ҳар таҳоратда бу оёқ кийимни ечиб оёқни ювиш машаққат туғдиргани учун, тўлиқ таҳорат билан кийилган маҳси унинг ичидаги оёқни пок сақланишини эътиборга олиб, шариатимизда маҳсига масҳ тортишга рухсат берилган.

“Масҳ”нинг луғавий маъноси қўл билан бирор нарсани силаш, артишга айтилади. Масалан, бир киши қўли билан бирор нарсани силаса, унга араб тилида “مسح عليه (масаҳа алайҳи - у фалон нарсани силади ёки артди)” ибораси ишлатилади.

Маҳсига масҳ тортишлик суннат билан жоиздир. "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳсига масҳ тортдилар. Мен у кишига: "Эй Аллоҳнинг расули, унутдингизми" дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Йўқ, сен унутдинг. Роббим азза ва жалла мени шунга амр қилган" дедилар".

"Нажжоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир жуфт қора, содда маҳси ҳадя қилди. Бас у зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масҳ тортдилар".

Ҳазрати Али родияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир киши эса уч кеча-кундуз масҳ тортади"деганлар.

Ҳасан Басрий айтдилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан етмиш киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқ кийимларига масҳ тортганларини кўришганлигини ривоят қилади".

Маҳсига масҳ тортишни жоиз эканлигини тасдиқлашлик аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодидандир. Шунинг учун Абу Ҳанифа Нўъмон ибни Собит "Кимда-ким маҳсига масҳ тортишни инкор қилса, унинг куфрга тушиш хавфи бор, чунки маҳсига масҳ тортишлик ҳақидаги ривоятлар маънан мутавотир даражага етган". Абу Юсуф "Маҳсига масҳ тортишлик ривоятларига ўхшаш ривоятлар ҳатто Қуръон оятини насх қилиши мумкин", деб айтдилар.
Исломда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири таҳоратда оёқни ювиш ўрнига оёқ кийимга, яъни маҳсига масҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. Маҳси деб оёқнинг ошиғини беркитадиган оёқ кийимга айтилади. Оёқ кийими бўлган маҳсига масҳ тортиш шариатимизда жоиздир. У эркак ва аёл учун баробар, уларга хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ муқимликда қишин-ёзин масҳ тортишга рухсат этилади.

Маҳсига масҳ тортиш шартлари:
1-Оёқнинг ошиқларини беркитган бўлмоқлиги.
2-Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги.
3-Юрган вақтда оёқдан ечилиб кетадиган даражада бўлмаслиги.
4-Сув ўтмайдиган бўлиши. Бугунги кундаги пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас.
5-Камида бир фарсах миқдордаги йўлни босиб ўтиши билан йиртилиб кетмаслиги. Бир фарсах тахминан 8 қилометрни ўз ичига олади.
6-Маҳсини тўла таҳоратли ҳолда кийганбўлмоқлиги ҳам шарт.

Баъзи кишилар бу рухсатни тўғри тушунмаганлар. Улар бир вақтлар Маҳсига масҳ тортиш бўлган, аммо «Моида» сурасидаги таҳорат ҳақидаги оят тушиб «оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» деган буйруқ келгандан кейин Маҳсига масҳ тортиш ботил бўлган, дейдилар.

Бу нотўғри гап. Ҳамма асл ҳадис китобларида ривоят қилинган машҳур ҳадисда келишича, Жарир розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб, Маҳсиларига масҳ тортганлар. Шунда у кишига: «Сен шу ишни қиласанми?» дейилган. У киши:«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишни қилганларини кўрган бўлганимдан кейин бундоқ қилишдан мени нима ман қилар эди?!» деганлар. Одамлар: «Бу «Моида» сураси нозил бўлишидан олдин бўлган». дедилар. Жарир розияллоҳу анҳу: «Мен у сура нозил бўлганидан кейин мусулмон бўлганман», дедилар.

Демак, «Моида» сурасидаги оят суннат билан собит бўлган Маҳсига масҳ тортишни бекор қилган, деган гап мардуддир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Маҳсига масҳ тортганлар ва бошқаларга масҳ тортишга кўрсатма ҳам берганлар. Саҳобаларнинг кўплари бу ишни қилганлар.

Аммо Маҳсига масҳ тортиш ҳақидаги мазкур нотўғри фикр кўпчиликни адаштиргани ҳамда у тез-тез қайтадан пайдо бўлиб тургани учун ҳадис ва фиқҳ китобларида бу масала алоҳида бобда, айри эҳтимом билан баён қилинадиган бўлиб қолган.

Маҳсига масҳ тортишга рухсатдан мурод енгиллик яратишдир. Шу билан бирга унинг яна сувни тежаш, вақтни тежаш, совуқдан ва нопокликдан сақланиш каби фойдалари ҳам бор.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак шариатимиз рухсат қилиб берган енгилликларни қадрига етмоғимиз лозим. Шариатимизда маҳсига масҳ тортиш борсида келган ҳукмларни ўқиб-ўрганиб, унга ихлос билан амал қиладиган бўлсак турли-хил ихтидофларни олдини олган бўламиз.

Қосимов Убайдуллоҳ

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .