УСМОН ИБН АФФОН (Розияллоҳу анҳу)
Muallif: . .
Sana: 08.04.2023
889

Усмон ибн аффон разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан 6 йил кейин 577-йил Тоиф шаҳрида таваллуд топган. У киши халифаларнинг учинчилари бўлган, хилм ва виқорда ниҳоятда гўзал намуна бўлган ҳамда тажовуз ва зулм туфайли намоз ўқиётган меҳробларида омонатини топширган. Расулуллоҳнинг икки муборак қизларининг куёвлари. У киши асли қурайш тоифасидан бўлиб, насаблари Расулуллоҳ насабларига Абдуманноб орқали бирлашади. Оналари Арво Қурайз ибни Ҳабиб ибни Абду Шамс ибни Абдуманнобнинг қизларидурлар. Момолари эса набий алайҳиссаломнинг аммалари бўлмиш Абдул Муталлибнинг Байзо номли қизлари эдилар. Усмон разияллоҳу анҳунинг Исломдан аввалги ҳаётлари тўғрисида тарих бизга жуда оз нарсани маълумот берган. У киши кўркам, ўрта бўйли, чиройли юзли эдилар, демоқдан ўзга нарсалар тўғрисида муфассалроқ хабар бермайди. “Қуюқ сочли, буғдойранг юзларида чечакдан қолган икки нуқталари бўлган хуштабиат бир киши эдилар”, дея ёзади тарих китоблари. Бундан ташқари, яъни у зот Қурайш қабиласининг насабида улуғларидан бўлганликлари ҳамда яхши-ёмонни ажратишда тамизли бир зот бўлганликлари, ҳаёли ҳамда, Қурайшнинг катта савдогарларидан бўлганликлари ҳам қайд этилган.

Расулуллоҳ ҳазратлари оламга нури ҳидоят этиб юборилганларидан сўнг дарҳол у зот бу хабарни биродарлари Абу Бакр Сиддиққа келиб айтдилар. Абу Бакр Сиддиқ дарҳол у кишини тасдиқ этиб имон келтирганлар.

Абу Бакр Исломга дохил бўлганларидан уч кун ўтгач, бир гуруҳ дўстларининг ичларида турган Усмони Зиннурайнга Исломни арз этдилар. Ҳазрати Усмон ҳам Абу Бакрнинг таклифларини қабул қилиб динга кирганлар. Усмон динни қабул қилганларини эшитган амакилари Ҳаким ибни Ос у кишини ушлаб олиб келиб уйга занжирлаб боғлаб қўяди ва у кишига қараб: “Ҳали сен ота-боболарингнинг динидан қайтиб аллақандай динни қабул қилдингми? Аллоҳга қасамки, яна ота-боболаринг динига қайтиб кирмасанг, кишандан ҳаргиз бўшатмасман!” деди.

Усмон унинг сўзини тинглаб шундай деб жавоб бердилар: “Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, ҳаргиз бу диндан қайтмасман. Ссн эса қўлингдан келганини қилавер”. Амакилари Усмонни бундай саботликларини кўргач, ўз ҳолларига ташлаб қўйди ва занжирдан бўшатиб юборди. Исломга дохил бўлганларидан кейин Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ ҳазратларига энг яқин сирдош кишилардан бўлиб қолдилар. Расулуллоҳ қизлари Руқияни у кишига хотинликка бердилар. Усмон Руқияга Маккада яшаган вақтларида уйлангандилар. Биргаликда Хабаш вилоятига ҳижрат қилганлар. Хабашда Абдуллоҳ исмли ўғил кўрдилар. Усмон розияллоҳу анҳу мазкур ўғилларининг номи билан кунияланиб Абу Абдуллоҳ дея аталдилар. Абдуллоҳ олти ёшга етганларида кўзларини хўроз чўқиб олганлигидан, юзлари жароҳатланиб вафот этганлар.

Расулуллоҳ, ҳазратлари Бадр урушига тайёргарлик кўраётган пайтларида Руқия касал бўлиб қоладилар. Расулуллоҳ ҳазратлари Усмонни Руқиянинг касалига қараб туришлик учун Мадинада қолдириб кетадилар. Бадрда мусулмонлар мушриклар устидан зафар топганликларининг севинч хабари Мадинага келган куни Руқия вафот этадилар. Усмон хотинлари вафотидан сўнг қаттиқ қайғурадилар.

Расулуллоҳ у кишининг бундай қаттиқ алам чекаётганларини кўриб: “Сизга нима бўлди, бунча ҳам қаттиқ қайғурмасангиз”, деганларида Усмон у зоти баракотга қараб: “Бирор кишига ҳануз менинг бошимга тушган каби мусибат тушганмики, Расулуллоҳнинг менинг никоҳимдаги қизлари вафот этган бўлса, энди ўртадаги куёвлик алоқаси узилган бўлса”, дея жавоб бердилар. Расулуллоҳга қараб шундай деб сўзлаб турган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Жаброил келиб менга Аллоҳ таолодан сизга қизимнинг синглиси Умму Гулсумни бермоқликка фармон бўлганлигини буюраяптилар” дедилар. Аввалги маҳр баробарига Умму Гулсумни Усмон розияллоҳу анҳуга тўй қилиб бердилар. Усмон розияллоҳу анҳу у киши билан олти йил умр кўрганларидан кейин вафот этиб кетадилар. Қизлари вафот бўлганидан кейин Расулуллоҳ ҳазратлари агар яна бир қизим бўлса эди, албатта Усмонга хотин қилиб берар эдим, дегандилар. Мана шу сабабли Зиннурайн дея ном олгандилар. Зеро, у киши Расулуллоҳнинг икки покдамон муборак қизларига уйланган эдилар.

Ҳазрати Усмон ниҳоятда қаттиқ ҳисли, уятчан киши эдилар. Ойиша онамиздан шундай ривоят қилинган: Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳнинг хоналарига келиб, олдиларига кирмоқликка ижозат сўрадилар. Расулуллоҳ, ўринларида Ойиша онамизнинг чопонларига ўралиб ётардилар.

Шундай ҳолда ёта туриб киришларига рухсат бердилар. Абу Бакр олдиларига кириб ишларини битказиб, қайтиб чиқиб кетдилар. Кейин бир оздан сўнг Умар розияллоҳу анҳу олдиларига кирмоқликка рухсат сўраб келдилар. Аввалги ҳолларида ётганларича киришларига ижозат бердилар. Кириб, аҳволларини гапириб, ишларини битказиб чиқиб кетдилар. Бироздан кейин Усмон розияллоҳу анҳу келиб олдиларига киришга рухсат сўрагандилар. Расулуллоҳ дарҳол ўринларидан туриб ўтирдилар. Ойиша онамизга қараб: “Чопонингизни кийиб олинг” дедилар. Усмон, олдиларига кириб, ишларини битказиб чиқиб кетдилар. Кетганларидан сўнг Ойиша онамиз Расулуллоҳга қараб: “Ё Расулуллоҳ, Абу Бакр ва Умарга нечун Усмонга қилганингиз тарзида муомала қилмадингаз?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ у кишига қараб: “Усмон ниҳоятда уятчан киши, агар мазкур ҳолда турсам у ўз ҳожатини гапиролмай қолишдан ҳавф этганлигим учун ўрнимдан туриб ўлтирдим”, деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ ҳазратлари Усмон разияллоҳу анҳуни жаннатга киришлари билан башорат берган ҳамда у жанобни Расулуллоҳ ҳазратларининг ҳузурларида жуда ҳам катта ҳурматга эга эканликларини кўрсатган ҳадисларни айтганлар. Усмон разияллоҳу анҳу ўзларининг ваҳий котибларидан эдилар.

Аллоҳ таоло Усмон разияллоҳу анҳуни ва у зотдан аввал ўтган барча саҳобаларни ўз раҳматига олсин, бизларга у зотларни ҳаётидан ибрат олишлигимизни барчамизга насиб айласин!

Турғунов Хуршид

Мир араб олий мадрасаси талабаси

. .