Ўрта Осиёда тасаввуф илми ривожланишида хоразмлик буюк аллома,Нажмиддин Кубро ал-Хивақий ал-Хоразмий ўзига хос муносиб ўринни эгаллайди. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, аллома Хоразм, Боғдод, Искандария ва Табризда ўз даврининг машхур алломаларидан сабоқлар олган ва тасаввуф фалсафаси илмининг етук устозларидан бўлиб камол топтан.
Буюк ватандошимизнинг номидаги Нажмиддин Кубро сўзлари унинг етук истеъдодини ҳисобга олиб берилган илмий даражалардир.
Нажмиддин сўзи - диннинг юлдузи, Кубро эса улуғ деган маънони англатади. Нажмиддин Кубро таълимоти асосида шаклланган кубровия тариқати Шарқ ва Ғарбдаги жуда кўплаб мамлакатларга тарқалган. Бунинг натижасида Фирдавсия тариқати, Нурия тариқати, Рукния тариқати, Ҳамадония тариқати, Нурбахшия тариқати, Нематуллоия тариқати сингари йўналишлар юзага келган.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Нажмиддин Кубро қаламига мансуб асарлар сони ўнтага яқин. У асос солган кубровия тариқати “олтин тариқат” деб ҳам аталган. Нажмиддин Кубронинг ўзи “Рисолатут – турук” асарида уни “Тариқуш шутто” (ишқ аҳли бебошликларининг йўли) деб ҳам атаганлиги маълум. Бу рисолада “кубровия” тариқатининг ўнта усули қисқача зикр этилган
1. Тавба — содир бўлган хатолар, гуноҳлардан пушаймон бўлиб, худога юз тутмоқ.
2. Зуҳд-тақво — парҳезгарлик, Аллохдан қўрқиб, ман этилган ишлардан ўзини сақлаш.
3. Худога таваккул қилиш — ўз ишларини бутунлай худога топшириш.
4. Қаноат — озга рози бўлиб, кўпдан воз кечиш, тамагирликнинг зиди.
5. Узлат — бошқалардан ажралиб якка ўтирмоқ.
6. Доимий зикр — ҳам тил, ҳам юрак билан худони ёд этмоқ.
7. Бутун вужуд билан тангрига таважжуҳ қилиб сиғнмоқ.
8. Сабр — бошга тушган оғир аҳволдан нолимай чидаш, чидам кўрсатмоқ
9. Муроқаба — тангри борлиғининг денгизига ботиб, илоҳий оламга боқмоқ.
10. Ризо — тангри иродасига қаршилик кўрсатмасдан, қазо ва қадар - тақдир ҳукмига бўйсўниш.
Кубровия тариқатида динийлик билан дунёвийлик чамбарчас боғланиб кетган. Унда кишиларнинг диний эътиқоди, худога бўлган ишончи, ҳалоллик, одамийлик молу-дунёга ҳирс қўймаслик, ножўя ишларидан тавба қилиш, шахвоний ҳирсу-ҳаволардан сақланиш лозимлиги сингари ахлоқий ғояни талаблари бир-бири билан боғланиб кетган. Кубровия тариқатининг қатор ахлоқий қоидалари бизнинг кўпчилигимизда ҳам ғоятда катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Нажмиддин Кубро Хоразмда хонақо қуриб, тасаввуф илми бобида жуда кўп садоқатли ва номдор шогирдлар тайёрлайди. Ана шулардан бири мутасаввуф олим “Мантиқут-тайр” асарининг муаллифи Фаридиддин Аттордир.
Нажмиддин Кубро она юрт бошига кулфат тушганда садоқатли бир фарзанд сифатида уни кўкрак кериб ҳимоя қилишга қодир лашкарбошилик қобилиятини ҳам кўрсатади. 1221 йилда мўғуллар босқини даврида 76 ёшли Нажмиддин Кубро фожеали ҳолда халок бўлади.
Шунга кўра, инсоннинг энг асосий ғояси қалбини покламоқ ва руҳини ойдинлаштирмоқда. Гўёки қалб ўз аскарлари ва халқи орасидаги шоҳга ўхшайди. Бошқа аъзолар эса (бу шоҳдан буйруқ олувчи) аскар ва қулларни эслатади. Шоҳ тузалса, унинг атрофидагилар ҳам унга эргашиб, итоат этган ҳолда тузаладилар. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Билингки, жасаднинг ичида шундай бир гўшт парчаси бор. Агар у яхши бўлса бутун вужуд ҳам яхши бўлади. Бу гўшт парчаси - қалбдир” дея марҳамат қиларканлар, бу ҳақиқатни жуда гўзал шаклда ифодалаб берганлар.
Мир Араб олим мадрасаси ўқитувчиси
Рўзметов Муҳаммадмустафо