ОТА-ОНАНИ ЭҲТИРОМ ҚИЛИШ
Muallif: . .
Sana: 07.11.2023
123

Инсон ёши ўтган сайин ўзи ота-она бўлиб, фарзандларининг оқибатларини кўрган сайин ўз ота-онасининг нақадар доно бўлганини сезиб бораверади. Шунинг учун яхшилик қилишга энг кўп лойиқ бўлган зотлар – ота-оналар ҳисобланади.

Бу ҳақида Имом ал-Бухорий Кулайб ибн Манфаадан ушбу ҳадисни ривоят қилганлар: Кулайб ибн Манфаа айтадиларки, “Менинг бобом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган эканлар, демак, Кулайб ибн Манфаанинг бобоси саҳоба бўлган. Сўрадиларки, “Кимга яхшилик қилай, эй Расулуллоҳ?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аввал онангга, сўнгра, отангга, кейин опа-синглингга, ака-укангга. Ва ундан сўнг қариндошларингга яхшилик қилгин”.

Ушбу ҳадиси шарифда аввал она, сўнг ота ва кейин опа-сингил ва ака-укалар зикр қилинди. Ҳар бирининг ўз ўрни ва фазли бор. Она бошқа баъзи кўрсатмаларда 3 карра зиёда экани зикр қилинган. Онанинг 3 марта зиёда қилинганига сабаб нима?
Ҳамаср уламоларимиздан бири марҳум доктор Мустафо Зуҳайлий ўзининг “Тафсири Мунир” деган тафсир китобида юқоридаги ояти кариманинг тафсирини шундай келтиради:
Она отадан 3 карра зиёда қилинди. Чунки 3та ишда она ёлғиз бўлган бўлади: ҳомилани кўтариш машаққатида, ҳомилани дунёга келтириш синовида ва туғилган болани 2 йилгача уйқусини бузиб эмизиш муддатида она ёлғиз бўлади.
Ота қанчалик меҳрибон бўлмасин, аёлининг ҳомиладорликдаги азобини ҳис қила олмайди. Қанчалик меҳрибон бўлиб аёли ёнида турса-да, туғруқ азобини ҳис қила олмайди. Кечалари уйғониб боласининг бешигини тебратса ҳам, у бу ишни она каби меҳр билан бажара олмайди. Онанинг шу 3та иш орқали даражаси орттирилади.
Силаи раҳмда ота-онага яхшилик қилишдан кейин биринчи ўринда опа-сингиллар ака-укалардан олдинги ўринга қўйилди. Чунки опа-сингиллар доим шафқатли ва меҳрибон бўлиб келган. Буни тушунган фақиҳларимиз бир масала айтадилар:
Сингил зиёратига кетаётган ака катта буғдойзор майдоннинг орқасида синглиси яшаса, буғдойзорни айланиб боргунча вақт кетиши сабабидан ўша буғдойзорни босиб ўтиб, пайҳон қилиб бўлса-да, сингилни бориб кўришига шариатимиз рухсат берган. Бошқа ҳолатда ҳосилни пайҳон қилишга рухсат йўқ.

Ота-онаси тирик фарзанд – моли касодга учрамайдиган тижоратчи мисолидир
Бу мавзуда гап кетса, ўз ҳаётимда содир бўлган бир қисса доим ёдимга тушади. Умра зиёратига борганимда Масжидул-ҳаромдан чиқар эканман, ногиронлар аравасида ўтирган жуда нуроний отахонга кўзим тушди. У кишининг ёши кекса, соч-соқоллари оппоқ, араб миллатига мансуб эди. Мен уларнинг ёнларига бориб мени дуо қилишларини сўрадим. Шунда у киши мендан: “Эй болам, отанг ҳаётми?” деб сўрадилар. У маҳалда раҳматли ота-онам ҳаёт эди. “Ҳа, отам бор” деб жавоб бердим. “Онанг бормилар?” деганларига ҳам ҳа деб жавоб бердим. Шунда у киши табассум билан: “Ундай бўлса, эй болам, сен катта савдогар экансан. Тижоратингга мустаҳкам бўл, мустаҳкам бўл”, дедилар. Мен у кишининг пешонасидан ўпиб йўлимда давом этар эканман, қулоғимдан у одамнинг “Тижоратингга мустаҳкам бўл”, деган гаплари кетмади. Ҳа, ота-она энг катта тижоратдир. Ҳатто ҳеч қачон касод бўлмайдиган тижоратдир. Ота-онаси ҳаёт кишилар буни яхши билиши керак. Шунинг учун улар ҳаётлигида ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиш керак.

Мир Араб олий мадрасаси 2-курс талабаси
Мансуржонова Муаззам

. .