ЁШЛАРНИНГ ТАЪЛИМ ТАРБИЯСИГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ
Muallif: . .
Sana: 21.11.2023
150

Инсонга ақл неъматини берган ва уни барча махлуқотлардан устун қилган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, инсонларнинг энг афзали ва тарбиячиси бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловатлар бўлсин!

Ислом — бу илм динидир. Бежизга Қуръони Каримнинг илк оятлари илм олишга даъват қилиб “Ўқи” деб нозил бўлмаган. Ёш болаларнинг ниҳолга ўхшатилишининг сабаби ҳам аслида уларнинг таълим - тарбияси назарда тутилиб айтилганидан. Ёш ниҳол парваришга мухтож. Параваришсиз, эътиборсиз қолдирилган ниҳол, беўхшов ва қийшиқ дарахт кўринишида етилади.

Шундай экан фарзандларимизнинг ҳам келажакдаги илмий савиялари уларнинг ёшлик пайтларидаги илмга бўлган рағбати ҳамда тарбиясига боғлиқ бўлади. Бу эса энг аввало уларнинг ота-оналарининг зиммасида бўлган ишдир.

Борлиқда ҳар бир мавжудот атрофга мослашиш, ўз табиатига муносиб яшаш илмини ота-онаси ва муҳит асносида ўзлаштиради.

Шунингдек, инсон камолотида ҳам ота-онанинг тарбияси ва муҳитнинг бевосита таъсири мавжуд ҳамда инкор қилиб бўлмас кучдир.

Шундай экан, ёш авлод тарбиясига энг аввало ота-она ва унинг оиласи, яшаб турган муҳити, ёши улғайган сари босқичма-босқич таълим даргоҳларидаги тарбиячи муаллимларнинг ўрни беқиёс ўрин тутади.

Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Ҳатто пайғамбарлар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган. Жумладан, Иброҳим сурасининг 35-оятида бундай дейилади:

وَإِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِيمُ رَبِّ ٱجۡعَلۡ هَٰذَا ٱلۡبَلَدَ ءَامِنٗا وَٱجۡنُبۡنِي وَبَنِيَّ أَن نَّعۡبُدَ ٱلۡأَصۡنَامَ

“(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

أكرِموا أولادَكم وأحسِنوا آدابَه

“Фарзандларингизни иззат-икром қилиш билан бирга, ахлоқ- одобини ҳам яхшиланглар”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек фарзандни яхши кўриб иззат-икром қилиш билан бир қаторда, одоб-ахлоқи ва тарбияси борасида сергак бўлмоғимиз талаб этилади.

Бугунги тезкор замон ёшлар олдида янгидан-янги имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, мисли кўринмаган ёвуз хавф-хатарлар гирдобига чорламоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр, ёш ниҳолларни эгрилик томонга йўллаб, ота-онаси, киндик қони тўкилган Она диёри ва қадриятлари, дину диёнатини тўғри англамайдиган, унга қарши номақбул эътироз билдирувчи шахсга айланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев 2017-йил 15 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқида ёш авлод тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтганлар: “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким, ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акссадо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”.

Дарҳақиқат, бундай кескин шароитда ёш авлодни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Содда қилиб айтганда уларни ўзимиз кўрган ота-боболаримизнинг тарбия усули асосида тарбия қилишимиз лозим. Авваллари ота-оналар фарзандларига кўпроқ вақт ажратар, бобо-бувиларимиз насиҳатлар қилар, китоб ўқитишга қизиқтиришар эди. Ҳозирги кунда эса бунинг акси. Фарзандни овутишдан, тарбиялашдан кўра телефон билан, ижтимоий тармоқлардаги турли хил видеороликлар билан чалғитиб қўйиш ҳоллари ота-оналарга маъқул бўлиб қолган. Мақсади номақбул инсонларнинг видеороликлари орқали бугунги кунда ёшлар, тарбияни ўшалардан олиб таълимга бўлган қизиқишдан бутунлай узоқлашиб кетмоқда. Фарзандларимиз шундай тарбиясиз бўлиб улғаядиган бўлса биз не-не умид билан кутаётган келажак кимларнинг қўлига қолади?

Шундай экан азизлар кўча-кўйда юрган фарзанд барчамизники. Ватан, миллат, қадрият тушунчамиз ягона экан бирорта фарзандни бегона дея олмаймиз. Юртимиздаги ҳар бир фарзанднинг таълим тарбиясига барчамиз масъул бўлиб қоламиз.

Жобир домла Элов

Бухоро вилояти бош имом-хатиби,

Мир Араб олий мадрасаси ректори

. .