ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ
Muallif: . .
Sana: 05.12.2023
207

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи ила бошлайман. Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин. Набий варасулларнинг энг шарафлиси бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад

Мустафосоллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли оилаларига ва асҳобларига саловату саломлар ёғилсин!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўп ўринларида Ўзининг ҳаққини ота-онанинг ҳаққи билан ёнма ён келтиради. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга уфдема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин, деб айт”. (“Исро” сураси, 23, 24-оятлар)

Уларга яхшилик қилишни эса жаннатга киришга сабаб қилиб қўйди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат
қиладилар: Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!Шунда саҳобийлар: Ё Расулуллоҳ, кимни айтаяпсиз? – деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ота-онасининг иккаласи ёхуд бири кексайиб қолган вақтида ҳаёт бўлиб, сўнгра жаннатга кирмаганни, – дедилар. (Муслим ривояти)
Бу борадаги оят ва ҳадислар ота-онанинг ўрни ва фазли ҳақида умумий шаклда келган бўлса, онанинг ҳаққи улуғлигини алоҳида баён қилиб берадиган бошқа ҳадислар билан хосланади. Она бундай шарафга ҳомиладорлик ва дунёга келтириш қийинчиликлари, тарбиялаш ва шу йўлда дуч келинадиган қийинчиликларни матонат билан бўйнига олгани учун сазовор бўлди. Она инсонларнинг яхшилик қилишга энг лойиқроғидир.

Баҳз ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу отаси ва бобосидан ривоят қилди, бобоси айтди: Эй Расулуллоҳ, мен яхшилигимни кимга қилсам бўлади? – деб сўрадим. Онангга! – дедилар. Мен шу саволимни уч маротаба қайтарсам ҳам, Расулуллоҳ Онанггадеявердилар. Тўртинчи маротаба сўраганимда: “Отанга ва яқин бўлган қариндошларинга”, – дедилар.

Ота-оналарига яхшилик қилишга муваффақ бўлганларнинг
кўпчилигининг ҳолатларини тааммул қилганимизда уларнинг
қилаётган ишларини осон, уларнинг розилигига эришиш учун қилган ҳаракатлари енгил, ишларини хурсандчилик билан қиладилар. Улар кўп меҳнат қилиб, катта машаққатни кўтармайдилар. Улар доимо уч нарсани ташийдилар: зийрак (фаросатли) қалб, кулгувчи юз (табассум) ва ихлос. Ихлос ҳар қачон юқоридаги иккаласини озиқлантириб туради. Муваффақият уларнинг ҳамроҳлари, тавфиқ эса йўлдошларидир.

Шундай экан биз доимо ота-онамизнинг хизматларига лаббай деб уларни рози этмоқлигимиз, охиратда эса Аллоҳнинг фазл-у марҳамати ила шараф тожини кийдирмоқлигимиз лозимдир.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг ҳақ йўлида юрадиган солиҳ фарзандлардан қилсин. Амин!!!

Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Сайфуллаева Ўғилой Абдулло қизи

. .