Аллоҳ таолонинг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!
عَنْ ا بْنِ عَبَّاسٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فَقِيْهٌ أَشَدُّ عَلَى الشَّيْطَانِ مِنْ أَلْفِ عَابِدٍ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир фақиҳ шайтон учун минг обиддан ашаддийроқ (душман)дир”, дедилар”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида диний илмлар олимининг фазли қанчалар улуғ эканини баён қилмоқдалар. Ушбу фазлни яна ҳам равшанроқ кўрсатиш учун диний илмлар олимини обид кишига, солиштириб баён қилмоқдалар. Обид – ўзини ибодатга бағишлаган одам. Қўшимча ибодатларга кўп аҳамият берувчи, кўп вақтини нафл ибодатларга бағишлаган киши. Шубҳасиз, бундай одам фазилатли бўлади. Кўпчилик уни ибодатли бўлгани учун ҳам ҳурмат қилади. Аммо олимга солиштирганда мингта обиднинг фазли ҳам битта олимнинг фазлига тўғpи келмас экан. Нима учун? Чунки обид сифатига эга бўлган инсон илмдан унчалик хабардор бўлмайди, бўлса ҳам фақат ўзи учунгина ишлатади.
Кўпинча ибодатли кишиларга илм етишмаса, шайтон васвасасига учиб, йулдан озишлар ҳам содир бўлиб туради. Шунинг учун ҳам обид киши шайтонга унчалик қаршилик кўрсатолмайди. Тўғрироғи, шайтоннинг ишларига қарши туролмайди. Олим киши эса, Аллоҳ таоло берган илм ёрдамида шайтоннинг барча макр ҳийлаларидан хабардор ва уларга қарши кўриладиган тадбир-чораларни яхши билади. Шайтон қаерда одамларни иғвога солса, уларни тўғpи йўлдан адаштирмоқчи бўлса, олим ўша ерда пайдо бўлади ва шайтоннинг иғвосига қарши зарур чораларни кўради. Шунинг учун бир олим шайтон учун минг нафар обиддан кўра ашаддийроқ душман ҳисобланади.
Исломда шунинг учун ҳам диний илм олимлари юқори қадрланадилар. Олим бор жойда кишиларнинг шайтон васвасасига учиши оз бўлиши тарихий тажрибада кўрилган ҳақиқатдир. Қайси бир жамиятда кераклигича диний олим бўлса, ўша жамиятда шайтоннинг васвасаси оз бўлади. Олимлар
ваъз-насиҳат, дарсу иршодлари билан халқни шайтонга малай бўлишдан қайтариб, Аллоҳнинг йўлига солиб турадилар. Уламолари йўқ, ёки кам жойларда эса, халқ оммаси шайтонга малай бўлиб қоладилар. Шунинг учун ҳам орамиздан кўпроқ етук диний олимлар чиқиши учун ҳаракат қилмоғимиз лозим. Бор уламоларни эса жамият учун, эл-юрт учун зарур кишилар сифатида тақдирлашимиз лозим.
عَنْ اَ بِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ ذُ كِرَ لِرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: رَجُلاَنِ أَحَدُهُمَا عَابِدٌ وَالاَخَرُ عَالِمُ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدنَاكُمْ ثُمَّ قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أِنَّ اللهَ وَ مَلاَ ئِكَتِهِ وَ أهْلَ السَّمَوَاتِ وَالاَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَ حَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلَّونَ عَلَى مُعَلَّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ.
Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳ алайхи васаллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди”, дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар”, дедилар”.
Саҳобаи киромлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши – олим ва обид зикр қилинди ва уларнинг қайси бири афзал эканлиги ҳақида сўралди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди”, дедилар.
Саҳобалик каттга бахт, ҳaттo энг кичик саҳоба бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини топиш ҳам чексиз саодат. Шунингдек, обид бўлишлик ҳам яхши нарса. Аммо обидни олим билан тенглаштириб бўлмайди. Олимлик даражаси жуда ҳам устундир. Олим билан обиднинг орасидаги фарқ худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобанинг орасидаги фарқга ўхшайди. Бу фарқни тўла тасаввур этиш учун Пайғрамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти мубораклари нақадар олий эканлигини англаб етишимиз керак бўлади. У зот одам боласининг энг улуғи, Аллоҳ пайғамбарларининг энг афзалидирлар. Оддий инсонлар ичида энг афзал инсонлар саҳобалар бўлиб, уларнинг ичида катта сахобалар, катта саҳобалар ичида эса тўрт халифа энг афзал бўлсалар, уларнинг ҳаммалари тўплангандаги фазллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Энди шу тақкосни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобий ўртасида қилиб кўрайлик. Орадаги фарқ қандоқлигини шундан билиб олсак бўлади.
Ислом назарида олим билан обид орасидаги фарқ шунча бўлса, энди олим билан оддий одам ўртасидаги фарқни билиб олаверинг.
Шунинг учун ҳам шундай фазлга эга бўлишни хоҳлаган киши диний илмларни эгаллаб, олим бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.
عَنْ اَبِي سَعْدِ الْخُدْرِيُّ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَنْ يَشْبَعَ الْمُؤْمِنُ مِنْ خَيْرٍ يَسْمَعُهُ حَتَّى يَكُونُ مُنْتَهَاهُ الْجَنَّةُ. رَوَى هَذِهِ الْخَمْسَةَ التِرْمِذِيُّ.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин интиҳоси жаннат бўлгунча ўзи эшитган яхшиликдан зинҳор тўймайди”, дедилар”.
Юқоридаги беш ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Исломдаги бешикдан қабргача илм талаб қилиш зарурлигига ишора бу ҳадисда ўзига хос услуб билан айтилмоқда. Мўмин киши доимо илм талаб қилиши, ўзи, дини, биродарлари, эл-юрти учун фойдали бўлган нарсаларни ўрганиб юриши лозим. Бу қоидага ҳаммамиз тўлиқ амал қилсак, улкан бахту саодатга эришган бўламиз.
عَنْ عُثْمَانَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَشْفَعُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلاَثَةٌ الاَنْبِيَاءُ ثُمَّ الْعُلَمَاءُ ثُمَّ الشُّهَدَاءُ. رَوَاهُ بْنُ مَاجَهْ
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилинади: “Анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар”, дедилар”.
Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У киши билан яқиндан танишиб олайлик: Усмон ибн Аффон ибн Абу Осс Умавий ал-Қyрайший, куниялари Абу Абдуллоҳ Маккада таваллуд топганлар. Аввалгилардан бўлиб Исломни қабул қилганлар. Мўминларнинг амири, хулафои рошидинларнинг учинчиси, жаннатга киришларига башорат берилган ўнта саҳобанинг бири бўлганлар. Икки ҳижрат соҳиби. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Руқия ва Умму Гулсум исмли қизларини ўз никохларига олганликлари учун “3иннурайн” (икки нур соҳиби) лақабини олганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этаётганларида рози бўлинган олти саҳобанинг бири.
Жоҳилиятда Усмон розияллоҳу анҳу шарафли бойлардан бўлган. У киши тақводор, ҳаёли саҳобалардан эдилар. Расулуллохҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳамма ғазотларда бирга бўлдилар. Фақат Бадр ғазотида хотинлари Руқия қаттиқ касал бўлганлиги сабабли иштирок эта олмадилар. Ана шу кунда мусулмонлар ғалабаси Руқия розияллоҳу анҳонинг вафотлари билан бир кунга тўғри келди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўп эҳсон қилувчи саҳий бой кишилардан эдилар. Ғазотларнинг бирида аскарларнинг ярмини ўз тасарруфларига олган ва минг динор пулни камбағалларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилган, бундан ташқари, бир яҳудийдан “Равма” номли қудуқни сотиб олиб, мусулмонлар фойдаланиши учун бериб юборган эдилар.
Ҳижратнинг 23-санасида мусулмонлар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга байъат беришди. Бу зот халифалик даврларида кўп ишларни амалга оширдилар. Шулардан бири Африка, Сижистон, Хуросон, Арманистон, Кавказ, Кармон, Қабрис мамлакатлари мусулмонлар тарафидан фатҳ этилди. Қуръони карим асл нусхали китоб ҳолига келтирилди. Зобитлик йўлга қўйилди. Масжиди ҳаром ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари кенгайтирилди. Ийд намозига хутба ўқиш ва жума намозига аввалги азонни айтишлик жорий қилинди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб, 146 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан бир неча саҳоба ва тобеъинлар ривоят қилишган ва у киши ривоят қилган ҳадислардан учта “Саҳиҳ” соҳиблари ўз китобларига киритишган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 35-санасида зулҳижжа ойининг 12-кунида
80 ёшдан ўтганларида вафот этдилар.
Ҳадиси шарифнинг маъносидан кўриниб турибдики, Ислом уламолари нафақаси бу фоний дунёда, балки, у боқий дунёда ҳам юксак ҳурматланар эканлар, қиёмат куни уламолар пайғамбарлардан кейинги мартабага, ҳатто Ислом учун Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб жон берган шаҳидлардан ҳам устун мартабага эришар эканлар. Қиёмат кунининг нима экани ҳаммага маълум. У кунда ҳамма ғaм-ташвишда, қўрқинчда қолиши, биров билан бировнинг иши бўлмай қолиши барчага маълум. Ана ўшандоқ кунда Аллоҳ таоло ўз бандаларидан уч тоифасига алоҳида имтиёз берар экан, улар мазкур қўрқинч, даҳшат ва хорликлардан мустасно қилинар экан-да, ундан ҳам зиёда ҳолда бошқа бандаларга шафоат бериш ҳуқуқи ато этилар экан. Аввало, анбиёлар ўзлари хоҳлаган, муносиб билган кишиларга шафоат бериб, Аллоҳдан уларни жаннатга киритишини сўрар эканлар. Анбиёлардан сўнг эса, уламоларга шафоат қилиш ҳуқуқи берилар экан. Улар ҳам ўзлари муносиб деб билган одамларга шафоат бериб, Аллоҳдан уларни жаннатга киритишини сўрар эканлар. Сўнгра бу ишга шаҳидлар муяссар бўлишар экан. Улар ҳам маълум кишиларни шафоат қилар эканлар.
Бу ҳадис уламоларнинг охиратдаги мартабалари қанчалик улуғ эканини кўрсатиб турибди. Бу эса олим бўлиш учун қаттиқ интилиш лозимлигини ҳам билдиради. Уламоларнинг фазли ҳақидаги ҳадислар жуда ҳам кўп. Улардан баъзиларини келтирамиз:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
1. “Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла бандалари орасида ажрим қилиш учун курсисига ўтирганида уламоларга: “Мен сизларга илмимни ва ҳилмимни фақат сизларнинг бор нарсаларингизни танламасдан мағфират қилишим учун берганман”, дейди”, дедилар.
2. “Аллоҳ қиёмат куни бандаларни қайта тирилтирганида уламоларни ажратиб олиб: “Эй уламолар жамоаси, Мен сизларга илмимни сизни азоблашим учун берган эмасман. Кетаверинглар, сизларни мағфират қилдим”, дейди”, деганлар.
3. “Ибодатнинг афзали фиқҳдир. Диннинг афзали пархезкорликдир, деганлар. (Парҳезкорлик энг ҳалол нарсаларни истеъмол қилиб, шубҳали нарсаларни тарк этиш, тақволи бўлишдир).
4. “Толиби илмга илм талаб қилиб турган ҳолатида ўлим келса, у шаҳиддир”, деганлар.
5. “Кимга илм талаб қилиб турган ҳолида ажали келса, у билан пайғамбарларнинг ўртасида фақат пайғамбарлик бўлади, холос”, деганлар.
Ушбу беш ҳадисни Имом Термизий ривоят қилганлар.
Имом Aҳмaд ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар”, дедилар.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олим билан обид қайта тирилтирилади. Обидга: “Жаннатга кир”, дейдилар. Олимга: “Одамларнинг одобини гўзал қилиб тарбиялаганинг учун, уларга шафоат бериш учун собит тур”, дейилади”, дедилар.
Ушбу хадиси шарифлардан ибрат олмоғимиз, ҳаётимизда фойдаланмоғимиз лозим.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Шарипова Нодира тайёрлади