ЁШ АВЛОДНИ КАМОЛ ТОПТИРИШДА ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ АҲАМИЯТИ
Muallif: . .
Sana: 29.04.2024
57

Қуръони карим – барча замонлар ва маконлар оша ўз долзарблигини йўқотмайдиган, инсонларинг абадий саодатга эришишлари учун Аллоҳ таоло томонидан юборилган дастурул амал китобдир. Унда аҳкомлар, насиҳатлар, қиссалар, зарбул масаллар ва ғайбга доир масалалар келтирилганки, башариятнинг ақллари бу маъноларнинг ҳаммасини тўлиқ қамраб олишга ожиздир. Қуръони каримга тафсир ёзган мутафаккир олимлар ҳар замон ва ҳар маконда ундан янги маънолар чиқариб оладилар ва бу ҳеч қачон тугамайди. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг барчани ожиз қолдирувчи каломидир. Ушбу калом каттаю кичик барча масалаларни қамраб олган йўл-йўриқлар мажмуасидир, шу жумладан, унда инсоннинг маънавий дунёси ва ахлоқига доир бир қанча кўрсатмалар келтирилган.

Аллоҳ таоло ўз каломини башариятга етказиш учун уларнинг орасидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олди ва У зот орқали Қуръонга қандай амал қилиш кераклигини умматга кўрсатиб берди.

وَ اِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Ва албатта, сен улкан хулқдасан ”. Қалам сураси 4 оят

Тафсири Насафийда бу оят тафсирида шундай келтирилган: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча олийжаноб хулқларни жамлаганлар. У зот икки дунёнинг энг афзали ва ўз яратувчисига таваккал қилган зотдир ”.

Оиша розияллоҳу анҳодан расуллуллоҳнинг хулқлари тўғрисида сўралганда:

عن عاىشة رضي الله عنهما قالت: كان خُلْقَه القُرْانُ رواه مسلم

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди”, дедилар.

Бу бизга Расулуллоҳнинг барча хулқлари Қуръонга мувофиқ ва Аллоҳ рози бўлган хулқлар эканини билдиради. Қуръони карим илоҳий таълимот бўлса, уни башарий татбиқи Расулуллоҳнинг суннатлари ва сийратларида мужассам бўлган эди. Қуръонга амал қилиш Расулуллоҳга тўлиқ эргашиш билан бўлади. Шундай экан, умматнинг каттаю кичик барчаси У зотдан намуна олиб нажотга эришадилар.

Бугунги глобал тараққиёт даврида мафкуралар тўқнашувларига ва маънавий инқирозларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Диний ва миллийлигимизга ёт бўлган, ахлоқий қадриятларимизга зид бўлган одатлар хавф солмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқлардан қаттиқ таъсирланадиган ёш авлод тарбияси бугуннинг энг долзарб масаласидир. Ижтимоий тармоқларда ёшларни ўзлигини йўқ қиладиган, тўғри йўлдан оздириб онгини заҳарлайдиган кўплаб каналлар мавжуд. Ёш авлоднинг тарбия топиб камолотга эришишлари учун биз мурожаат қиладиган манбамиз албатта Қуръони карим ва суннати набавийдир.

Ёш авлодни камол топишлари учун Қуръоний ахлоқлардан энг муҳим ва зарурларидан ростгўйлик, илмга интилиш ва соғлом тафаккур малакасини шакллантиришдир.

اَللَّهُ لاَ اِلَه اِلَّا هُوَ لَيَجْمَعَنَّكُمْ اِلَى يَومِ الْقِيَامَةِ لَا رَيْبَ فِيهِ و من اصدق من الله حديثا

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У зот албатта қиёмат куни ҳаммангизни бир жойга тўплайди. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор”. Нисо сураси 87-оят

Аллоҳ таоло ростгўйликни биринчи ўзига нисбат берди. Тафсири Насафийда шундай келтирилган: “Яъни, ваъдасида, хабар беришида Аллоҳдан ростгўйроқ ҳеч ким йўқ, деганидир. Ёлғон – воқеъликни аксини хабар бериш ва хунук иш бўлгани учун Аллоҳ таолога қўллаш имконсиздир ”.

Албатта, ёш авлод мафкурасига ростгўйликни сингдириш энг муҳим амал ҳисобланади. Ўтган асрларда аждодларимиз дунё цивилизацияси тизгинини қўлларида тутганларида алдов ва хиёнатдан узоқ бўлган эдилар. Ёшлар дастлабки даврларидан ростгўйликка одатлансалар ва ҳар қандай вазиятда ҳам ёлғон ишлатмасалар, жамиятда бир-бирини алдаш ва хиёнат топилмаса бундай жамият шубҳасиз пешқадамга айланади.

Ёш авлодни камол топишига хизмат қиладиган омиллардан бири илмга интилишдир.

"فَتَعَالَى اللَّهُ الْمَلِكُ الْحَقُّ وَلَا تَعْجَلْ بِالْقُرْأنِ مِنْ قَبْلِ اَنْ يُقْضَى اِلَيْكَ وَحْيُهُ وَ قُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْماً"

“Ҳақ ва Ҳукмдор бўлган Аллоҳ олий зотдир. Унинг ваҳийси тугамасдан Қуръонга шошилма. Ва айт: эй Роббим илмимни зиёда қилгин”. Тоҳо сураси 114-оят

Аллоҳ таоло мазкур оятда илмни зиёда қилишни мендан сўранглар демоқда. Илм қанча зиёда бўлса шунча яхши. Чунки илм чексиз ва инсон умри эса қисқа.

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَ الَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ اِنَّمَا يَتَذَكَّرُ اُولُوا الْاَلْبَابِ

“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми? Албатта ақл эгалари эслатма олурлар.” дейилган. Зумар сураси 9-оят

Имом Мотуридий ушбу оят тафсирида “Аллоҳ таолонинг неъматларини танишда ва неъматни шукрини адо қилишда, унга исён қилишдан ва азобидан ҳазар қилишда биладиганлар билан билмайдиганлар тенг эмас ”, дейилган.

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганлар ва илм берилганларни даражаларга кўтарур”, деб марҳамат қилди. Мужодала сураси 11-оят

Тафсири Байзовийда шундай келтирилган: “бу ерда илм ва амални жамлаганлар назарда тутилган. Илм қадри нечоғли баланд бўлиши билан бирга унга амал қилишни тақозо қилади ”.

Ёшларни юксак маърифатли ва мафкуравий иммунитетга эга ҳолатда тарбиялаш учун илм билан тўйинтириш шарт бўлади. Замонавий дунёда ҳам илмга олдинроқ катта эътибор қаратган давлатлар технологияларда ҳам, ижтимоий муносабатларда ҳам олдинлаб кетганларини гувоҳи бўлиб турибмиз. Эртага келажагимиз порлоқ бўлиши учун бугун ёшларимиз кучли билимга эга бўлишлари керак, чунки нажот илмдадир.

Ёш авлодни камолотига сабаб бўладиган омиллардан бири бу мустақил фикрга эга бўлишдир.

Ёшларимиз жамиятда шахс бўлиб етишишлари учун уларда тўғри фикрлаш қобилиятини шакллантириш жуда муҳимдир. Зеро тафаккурсиз халқлар бошқа халқларга қарам бўлишга мажбур бўладилар. Зеро Қуръони каримда тафаккурга чорлайдиган, ақл юргизишни талаб қиладиган бир қанча оятлар келган.

Анъом сурасида келган қиссада Иброҳим алайҳиссалом бутларга сиғинадиган ўз қавмини ақл юргизиш орқали тавҳидга далолат қилади.

اَلَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَاماً وَ قُعُوداً وَ عَلَى جُنُوبِهِمْ وَ يَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَ الْاَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

“Тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида Аллоҳни зикр қиладилар ва еру осмонларни яратилишида тафаккур қиладилар ва айтадиларки: “эй Роббим буларни бекорга яратмадинг, Ўзинг поксан, бизни дўзах азобидан қутқар”. Оли Имрон 191-оят. Тафсири Жалолайнда. Еру осмонлар яратилишида тафаккур қилиш буларни яратувчисининг қудратига далолат қилади ” дейилган.

Қуръонни тиловат қилганда тафаккур ва тадаббур билан ўқиш тиловатнинг энг баланд даражасидир. Тафаккур билан Аллоҳни таниб иймон келтириш, тақлид қилиб иймон келтиришдан афзал ҳисобланади.

Ёш авлодни тўғри фикрлашга ўргатиш келажакда катта ишларнинг муқаддимаси ҳисобланади. Чунки, фикрлаб ақл юритган инсон албатта янгилик топади. Инсонни Аллоҳ мўъжиза қилиб яратган. Инсон фикрласа ва фикрлашни одат қилса, вақт ўтиши мобайнида катта натижаларга эришади. Ёш авлодни мустақил фикрга эга қилиб тарбиялаш учун уларда аввало тўғри фикр юритиш малакасини шакллантириш керак бўлади.

Жамиятимиз бугун илмли ёшларга жуда муҳтож. Соғлом фикр ҳам жамият тараққиётининг асосий омилларидандир. Биз ёшларимизни ростгўй, илмли, юксак тафаккурли қилиб тарбияласак, уларда қуръоний фазилатларни акс эттирган бўламиз ва бунинг самарасини албатта кўрамиз.

Жобир домла Элов
Мир Араб олий мадрасаси ректори

. .