ВАҚТ ҚАДРИ
Muallif: . .
Sana: 23.09.2024
51

Олтиндан қадрли, жавҳардан қимматли бир нарса бор бўлса, у ҳам бўлса – вақтдир. Вақт бизнинг ҳар турли ишни қилишга кучимиз етадиган фурсатдир. Бир соатнинг бекор ўтгани - ихтиёримизда бўлган фурсатнинг зое бўлганини билдиради. Ҳолбуки, шу фурсат ичида фойдали ишларга ихтиёримиз бор эди. Фурсатни ғанимат билган одам вақтидан унумли фойдалана олади. Вақт қадрини билган одам ҳавойи нафсдан тийила олади. Вақт қадрини билган одам буюк бўлишга ҳақлидир. Ақлсизликнинг энг ёмон кўриниши - вақтни бекор ўтказишдир. Шоир айтганидек:

Гарчи пиёдамиз, гарчи отлиқмиз,

Ким яхши, ким эса ёмонотлиқмиз.

Қанчалар фурсатни ўтказдик зое,

Аллоҳнинг олдида ёмонотлиқмиз...

Миқдори кўп нарса қадр-қийматини тез йўқотади. Ҳар бир мусулмон учун вақт энг қиммат тушунчадир. Аммо ақл эгалари учун вақт ҳеч қачон қадрсизланмайди. Юз йил қанча қимматга эга бўлса, соат ёки дақиқанинг қадри ҳам шу кабидир. Вақт одамига қараб энг қиммат ёки энг арзон матоҳдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Икки нарса борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Бири - соғлик, иккинчиси эса - бўш вақт», деб марҳамат қилганлар.

Киши умрининг ҳамма соатларини, ҳаттоки дақиқаларини фойдали ва соғлиққа мувофиқ машғулотлар билан тўлдириши керак, токи қайғу-алам бош суқадиган бўш жой қолмасин.

Одамларнинг ўзаро муомалаларида «бўш вақт» деган ибора тез-тез тилга олинади. Аслида вақтнинг ҳам исрофи бўлиб, вақтнинг исрофи бу - умрнинг исрофидир. Умр беҳуда сарф бўлдими, демак одам яхши ишларни амалга ошира олмабди. Инсонлар учун, жамият учун фойда бермабди. Вақтнинг исрофи худди мевасиз дарахт каби умр кечиришдир.

Вақтдан оқилона фойдаланишни ҳамма ўзича белгилайди. Биров китоб ўқишни яхши кўрса, яна бошқаси спортдан баҳра олади.

Олимларимиз: «Вақт ҳаётдир. Инсон ҳаёти эса унинг туғилган вақтидан токи вафот этгунича яшаб ўтадиган вақтидир. Энг яхши вақт, ҳаётини манфаатли ишлар билан тўлдирган одамдир», деганлар.

Ҳасан Басрий ҳазратлари шундай деган эканлар: «Эй одам боласи, сен ташкил топган кунлардан иборатсан. Сен учун бир кунингни кетиши, умрингни бир қисми кетиши демакдир».

Бу ёруғ дунёда инсон умри қанчалик узун бўлмасин, модомики ўлим ҳар тирикликнинг ниҳояси экан, барибир у қисқадир.

Нуҳ алайҳиссалом минг йилдан ортиқроқ умр кўрганларидан кейин у кишини жонларини олиш учун ўлим фариштаси келиб: «Эй пайғамбарларнинг энг узун умр кўргани, сиз дунёни қандай тушундингиз?», деб сўради. Шунда Нуҳ алайҳиссалом: «Бу дунё гўёки бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кириб, бошқасидан чиқиб кетдим», деган эканлар.

Бизнинг «вақт ўтмоқда» деган ўйимизда озгина хатолик бор, вақт эмас, ўзимиз ўтиб боряпмиз. Аслида ёмонликнинг энг катта аломати бу - вақтни зое кетказишдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақт бир қилич кабидир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади», деб марҳамат қилганлар.

Хулоса ўрнида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг айтган сўзларини келтирмоқчимиз: «Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунлик яхши ишларим кўпаймаганига қилган пушаймонимдек қаттиқ пушаймон қилмадим. Агар кун ўтган ва мен ўзимни Аллоҳга яқин қиладиган илмимни зиёда қилмаган бўлсам, шу куннинг чиққан қуёши мен учун баракали бўлмагандир», дегандилар.

Ҳар нафасимиз, ҳар кунимиз учун Аллоҳга шукур қилиб, уни қадрига етайлик. Чунки бу вақт барчамиз учун омонатдир.

Нодир Маъдиев
Пешку туман «Хўжа Рўшноий» жомеъ масжиди имом хатиби
. .