Ҳанафий мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий, яъни — Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳ Ироқнинг Кўфа шаҳрида ҳижрий 80- мийлодий 699- йилда таваллуд топганлар. У киши аҳли сунна фиқҳий мазҳаб етакчилари ичида энг аввал дунёга келганларидир. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг отаси Собит ибн Зутий роҳимаҳуллоҳ Термиз, Қобул, Наса ва Анбор шаҳарларида яшаб, охири Кўфада қарор топган. Айнан шу шаҳарда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ дунёга келганлар. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг отаси Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу билан учрашган ва ўзи, ҳамда келажакда дунёга келадиган ўғли Нўъмоннинг ҳақига барака тилаб, у зотнинг дуоларини олган, дейилади тарих китобларида. Отаси Собит ибн Зутий Кўфада ипак ва жун мато совдоси билан шуғулланган. Нўъмон ибн Собит кичик ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. Қироатни, етти қиридан бири сифатида танилган Имом Осимнинг ўзларидан олганлари ривоят қилинган. Нўъмон ёшлигини тижорат билан ўтказганидан сўнг. Имом Шаъбийнинг кўплаб қўллаб-қувватлашлари сабаб, таълим ва таҳсилда давом этганлар. Даст аввал Араб адабиёти, сарф ва наҳв, шеъриятни ўрганган. У вояга етган Кўфа шаҳри, ҳамда бутун Ироқ минтақаси, турли хил эътиқодий ва фалсифий фирқалар мавжуд бўлган ва қизғин тортишувлар қилинадиган бир минтақа эди. Диндор оила муҳитида вояга етган Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг ҳам бу эътиқодий мунозара ва тортишувларда вақти-вақти билан иштирок этиб турганлиги эҳтимолдан холи эмас. Абу Ҳанифа Шаъбийнинг, ўзини илм олишга тарғиб ва ташвиқини шундай ҳикоя қилади: "Кунларнинг бирида Шаъбийнинг ёнидан ўтаётган эдим. Мени чақириб, менга: —Қаёққа боряпсан?-деди. Мен эса:— бозорга-дедим. У эса: — буни наразда тутмадим. Уламолардан кимнинг дарсига боряпсан?- деди. Мен — ҳеч қайсисининг олдига- деб жавоб берганимда, Шаъбий: —Илм ва уламолар билар кўришиб туришни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирма! Мен сенинг ниҳоятда ҳушёр ва фаол бир ўсмир эканингни кўряпман- деди. Унинг бу сўзлари менинг қалбимда яхши бир из қолдирди. Ва мен тижоратни ташлаб, илм йўлини тутдим.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ тобеинлардан саналади. Унинг ёшлик даврларида ўз даврининг барча фиқҳий йўналишларни кузатгани, ихтилофларни жуда яхши аниқлаштиргани зикр қилинади. Устозлари— Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Иброҳим Нахаиъй ва Шаъбийдек буюк олимлардан фиқҳни ўрганди. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳижрий- 150/ мийлодий- 767- йили Кўфада вафот этган. Ва Бағдол шаҳрининг Асрак Маҳдий номли мавзейида Ҳайзурон номли қабристоннинг шарқий томонига дафн қилинган. А. Деҳхудо ёзишича, унинг жаноза намози Ҳасан ибн Аммора имомлигида ўқилган. У ўзидан кейин бир неча таълифотлар —"Муснад" номидаги ҳадис тўпламлари, "Фиқҳул акбар" номли ақоидга доир асарларни қолдирган. Булардан ташқари, "Фиқҳул абсат", "Китобул олим вал мутаъллим", "Китобур рисола", "Ал-қасидату Нўъмония", "Маърифатул мазоҳиб" номли асарлари ҳам бор ва улар бизгача етиб келган. Шулар қаторида манба ва тадқиқотларда нусхалари топилмаган бошқа асарлари ҳақида ҳам сўз юритилган.
Мир Араб олий мадраса талабаси
Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо ўғли таёрлади