ФИРОҚИДАН ЁҒОЧ ЙИҒЛАДИ
Muallif: . .
Sana: 02.10.2024
135

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбар алайҳисаломни умматларга шафиқу-меҳрибон қилиб юборди. Бу ҳақида оламларнинг Парвардигори ўзининг каломида марҳамат қилиб:

وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةࣰ لِّلۡعَٰلَمِينَ

Биз сизни оламларга раҳмат ўлароқ юбордик”, деб марҳамат қилди.


Дарҳақиқат, пайғамбарликларидан олдин ҳам ва пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни инсонлар фақатгина яхшилик билан эслаганлар.

Барчаларимизга маълумки Расул алайҳиссалом Мадинайи мунавварага келаганларидан кейин биринчи қилган ишлари барчани бир жойда жамланиб Роббиларига ибодат қилиш ва кишиларга ислом динини танитиш бўлди. Бу иш ўзларининг бошчиликларида Мадинада масжид бунёд қилдилар. Мана шу масжид устунларининг бири олдида туриб доимо жума хутбасини қилардилар. Кунларнинг бирида Тамидуд Доримий розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, сиз учун минбар ясатсак, унинг устига чиқиб хутба қилсангиз, қандай бўлади, деб сўради? У Зот алайҳиссалом рухсат берадилар. Шундан сўнг минбар ясаб, уни имом меҳробининг ўнг томонига қўйишди. Жума куни одатдагидек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хутба ўқиш учун суяниб, хутба ўқийдиган устун ёнидан ўтиб кетиб, минбарга чиқишга чоғландилар. Шу пайт ўша устундан йиғи овози эшитилди. У бўталоғидан ажраган туя каби бўзлаб, гоҳо инграб овоз чиқарар эди. Бу товушни шу ерга йиғилган барча саҳобалар эшитишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиқсалар устундан чиқаётган овоз кучайиб, ҳатто устун силкиниб, гўё қўйиб берса, ёрилиб кетадиганга ўхшарди. Шу онда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушиб, тезлик билан келиб устунни қучоқладилар. Устун У зотнинг қучоқларида ўксиб-ўксиб ёш бола сингари юпанганди. Бу ҳолнинг гувоҳи бўлган саҳобаларнинг барчалари ўзларини тутиб тура олишмасди. Йиғи овозидан масжиднинг ичи ларзага келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоага юзланиб: “Ушбу устун олдида ҳар жума Аллоҳ таолонинг зикри айтилар эди. Бу сафар ушбу фазилатдан бебаҳра қолганига йиғламоқда. Аллоҳга қасам, агар бунинг йиғисини ўзим келиб тўхтатмаганимда, у қиёмат кунигагача шу тарзда йиғларди”, дедилар. Устун йиғидан тўхтагач, унга: “Эй Ҳаннона (йиғлагувчи), хоҳласанг, сени кесиб келган чорбоққа элтайлик. Яна қайтадан илдиз чиқариб кўкарасан. Хоҳласанг, жаннатга кўчат қилиб ўтқазаман, жаннат аҳиллари мевангдан ейишади”, дедилар. Шунда устун бундай жавоб қилди: “Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга кўчат қилиб ўтқазинг, мевамни Аллоҳнинг дўстлари есин. Ўткинчи дунёдан кўра абадий жаннатни хоҳлайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жаннатга ўтқазишни унга ваъда қиладилар. Устунга яқин турган саҳобалар унинг гапини очиқ ва тиниқ ҳолда эшитишди.

Ҳар гал устун мўъжизаси ҳақида гапириладиган бўлса, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ йиғидан ўзларини тўхтата олмасдилар ва дердиларки: “Бир жонсиз ёғоч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашганига шунча ғам чекди. Биз умматлар У зотнинг дийдорини истаб яхши амал қилиб, йиғлай оляпмизми?”.

Муҳаммад Иқбол Лоҳурийдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўрашганда у киши:

Ман чи гўям ка-з таваллояш ки чист,
Хушк чўбе аз фироқи ў гирист.


Яъни, фироқидан қуриган, жонсиз ёғоч йиғлаган Зот ҳақларида нима ҳам дея оламан дея марҳамат қилганлар.

Шундай экан биз У Зотни йўлларини ўрганаяпмизми? У Зотга ҳақиқий умматлик қилаяпмизми? Пайғамбаримизга эргашиш йўлларини ўрганиш ва суннатларини иҳё қилиш билан бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳақиқий умматлик шарафини насиб айласин.

Дилшод Алиев,
“Боло Ҳовуз” жоме масжиди имом хатиби

. .