КИБЕР МАКОНДА ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ ХАВФИ
Muallif: . .
Sana: 03.10.2024
125

Дунё ҳамжамияти ҳозирда инсоният тинчлиги ва хавфсизлигига ўзининг салбий таъсирини ўтказаётган бир қатор муаммолар ечими йўлида тинимсиз ҳаракатлар олиб бормоқда. Бундай муаммоларга экстремизм ва терроризм хавфини ҳам киритиш мумкин.

Сўнги йилларда экстремист ёки террорчилар томонидан интернет тармоғидан фойдаланиш таҳдиди халқаро даражада эътироф этилаётганига қармай,ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган универсал кураш воситаси мавжуд эмас.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблея томониданқабул қилинган 60/288 сонли “Глобал Терроризмга қарши кураш Стратегияси” резолюциясида ташкилотга аъзо мамлакатлар халқаро ва минтақавий даражада терроризмга қарши курашда ўз саи-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга ва интернетдан терроризмни тарқалишига қарши кураш воситаси сифатидафойдаланишга келишилган.

1980 йилларнинг охиридан бошлаб то бугунги кунгача интернет бутун жаҳон бўйлаб тобора ортиб бораётган аудиторияни қамраб олувчи юқори динамик алоқа воситаси сифатида ривожланмоқда.

Интернет технологияси ҳар қандай шахсга анонимлик билан тез ва самарали тарзда чегаралар бўйлаб деярли чексиз аудитория билан мулоқот қилишни осонлаштирди. Бу эса ғараз ниятли инсонларнинг экстремистик ва террористик ҳаракатларини бажариш учун айни муддао бўлди.

Интернетдан экстремист ёки террорчилар кўпинча экстремистик ва террористик ҳаракатларнитарғиб қилиш ва қўллаб қувватлаш, шунингдек, ўз ғоя ёки мақсадларини тарғибот ва ташвиқотқилиш учун асосан фойдланадилар. Тарғибот одатда ғоявий ёки амалий кўрсатмалар, тушунтиришлар, асослашлар ёки ўз мақсадларини тарғиб қилувчи мултимедиали воситалар шаклида бўлади. Уларга виртуал хабарлар, тақдимотлар, журналлар, экстремистик ёки террористик ташкилотлар ёки уларга хайрихохлар томонидан ишлаб чиқарилган рисолалар, аудио ва видео файллар ва видео ўйинлар бўлиши мумкин.

Зўравонликни тарғиб қилиш терроризм билан боғлиқ пропоганданинг умумий мавзуси саналади. Зўравонлик ҳаракатларини рағбатлантирувчи экстремистик тарғиботларни олдини олиш бугунги кунда кўплаб фойдаланувчиларига эга интернет платформаларининг ҳам асосий муаммоларидан саналади.

Интернет тармоғи ривожланиши билан параллел тарзда ривожланиб бораётган кибер жиноятчилик, кўп ҳолларда экстремистик ва террористик гуруҳ ёки ташкилотларнинг манфаатларига ҳам хизмат қилмоқда.

Онлайн тўлов воситаларидан шахсий маълумотларни ўғирлаш, кредит карталарини ўғирлаш, биржа фирибгарликлари, интелектуал мулк жиноятлари ва аукцион фирибгарликлари каби ҳаракатлари орқали ҳам фойдаланиш мумкин.

Террорчилик ҳаракатларини молиялаштириш учун ноқонуний даромадлардан фойдаланиш мисолини Буюк Британиянинг Юнис Тсулига қарши ишида кўриш мумкин.

Кредит карталаридан ўғирлаб олинган даромадлар турли йўллар билан ювилган. Шу жумладан, электрон онлайн тўлов ҳисоблари орқали пуллар бир неча мамлакатларда айлантирилиб, кейин мўлжаллаган манзилга йўналтирилган. Ювилган пуллар Тсоули томонидан Ал-Қоидани тарғиб қилувчи видеоларини жойлаштирган 180 та веб-сайтни молиялаштириш ва бир қатор мамлакатларда террорчилик фаолияти учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун ишлатилган. Тахминан 1400 та кредит карталаридан 1,6 миллион фунт стерлинг(£) ноқонуний маблағлар террорчилик фаолиятини молиялаштириш учун ишлатилган[1]. Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, бугунги глобал ривожланишнинг муҳим омилларидан саналган интернет тармоғи экстремистик ва террористик ҳаракатларни қўллаб – қувватловчиларнинг улкан кибер маконига айланиб улгурди. Бундай шароитда, турли интернет платформаларида ахборот хавфсизлигини кучайтириш ҳамда давлатлараро ва соҳа тузулмалариаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ўсиб келаётган ёшларни реал вақт ва кибер макон шароитида таҳдидларга нисбатан иммунитетларини кучайтириш йўлларинитизимли ишлаб чиқиш долзарб саналади.

Учқун Авлиёқулов,
Мир Араб олий мадрасаси
Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори

[1] The use of the Internet for terrorist purposes. United nations. New York, 2012, p.7.
. .