МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК - ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ
Muallif: . .
Sana: 14.11.2024
61

Ислом дини ўзининг халқчиллиги, адолатпарварлиги тинчликсеварлиги билан бир қаторда, ўзидан олдин ўтган динларга яхши муносабатда бўлишга чақиради.

Ислом барча инсонларни диний бағрикенгликка, меҳр-мурувватга, хайр-саховатга ва яхшиликка чорловчи инсонпарвар дин. Албатта, барча самовий динларнинг асли бир манбадир.

“(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга юборган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат – (қонун) қилди, – “Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!” (Шууро сураси, 13-оят)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга бир нарсани, яъни ёлғиз Аллоҳнинг динини барпо қилишни ва бу динда турли фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюргани баён этилмоқда. Пайғамбарлар биродардирлар. Рисолатда уларнинг ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ. Уларнинг ҳаммасига мусулмонлар имон келтиришлари лозим. Шунинг учун ислом асосларидан бўлган имоннинг бир шарти Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбарлардан бирортасини ҳам ажратиб қўймасдан барчасига бирдек эътиқод қилиш ҳисобланади. Барча динларнинг ибодат масканлари эътиқод қилувчилар учун эъзозланувчи масканлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ислом дини бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини мусулмонларнинг масжидлари каби ҳимоя ва мудофаа қилиш лозим деб ҳисоблаган.

Бу ҳақда: “Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даъф қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди”, дейилади (Ҳаж сураси, 40-оят).

Одамларнинг динларидаги ихтилофлари бир-бирларини ўлдиришларига ёки бир-бирларига адоват қилишларига сабаб бўлмаслиги керак. Балки эзгу ишларни қилишда, ёвузликка қарши курашда ўзаро ҳамкор бўлишлари лозим.

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида сураси, 2-оят). Пайғамбар алайҳисалом ҳам мусулмонлар билан бирга шартнома асосида яшаётган бошқа дин вакилларига гўзал муоамала қилганликлари ва уларга ҳадялар бериб, ҳадялар қабул қилганликлари айни шу қоида ҳаётий аҳамият касб этганидан далолат беради.

Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг афзаллиги ўзига ва одамларга қилган яхшилик ва эзгулиги миқдорида бўлади.

“Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Аллоҳ таоло бизларга аҳли китобнинг таомини ҳалол қилди.

“Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир” (Моида сураси, 5-оят).

Одамлар динларида ихтилоф этсаларда, бир-бирлари билан гўзал шаклда, одоб доирасида, ҳужжат ва қаноатлантириш билан мужодала этишлари мумкин.

“(Эй мўминлар), сизлар аҳли Китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала - мунозара қилинглар” (Анкабут сураси, 46-оят).

Мухолифларга ёмон сўзлар айтиш, агар бошқа дин вакиллари бўлсалар ҳам, эътиқодларини сўкиш жоиз эмас.

Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар” (Анъом сураси, 108-оят).

Ислом динининг яна бир бағрикенглик томони шундаки, унда миллати ва ирқига қараб муомала қилиш ашаддий қораланади. Пайғамбаримиз шундай деганлар: “Агар уч киши бўлиб сафарга чиқсанглар ҳам, ичинглардан бир кишини бошлиқ қилиб сайланглар, агар ўша бошлиқ қора ҳабаш бўлса ҳам унга итоат қилинглар”. Демак, ҳадиснинг мазмунига кўра, мусулмон киши ҳаргиз одам ажратмаслиги, ҳаммага бир кўз билан қараши лозим.

Пайғамбаримиз мусулмонларга қарата: “Барчаларингизнинг оталарингиз ва яратган Парвардигорингиз битта, сизлар Одам алайҳиссаломдан тарқалган инсонларсизлар” – деган мурожаати ва насиҳати яна бир карра мусулмон кишининг фазилати бағрикенглик эканлигини англатади. Бу қуйидаги мисолда ҳам кўринади. Бир куни пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳисалом саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтирганларида олдиларидан бир жаноза ўтиб қолади. Шунда у киши майитнинг ҳурмати учун ўринларидан турадилар. Саҳобалар: “Расулуллоҳ, ўтираверинг, бу бир яҳудийнинг жанозаси”, дедилар. Пайғамбаримиз: “Ким бўлишидан қатъи назар, аввало, у – инсон ва Аллоҳнинг бандасидир”, -деган эканлар.

Бизнинг, Ўзбекистон аталмиш муқаддас заминимизда азалдан мавжуд бағрикенглик ислом дини кириб келгандан сўнг янада кенг тарғиб этилган. Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид ва бошқа дин вакилларининг ибодат қиладиган жойларининг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради.

Хулоса ўрнида, Аллоҳнинг энг мукаммал сўнги дини Исломнинг асосий мақсадларидан бири бўлган диний бағрикенглик – турли миллат ва элатга мансуб кишиларнинг бир-бирларининг тилини, ирқини, динини, турмуш тарзи, урф-одати ва анъаналарини, миллий-маданий меъросини ҳурмат қилишни, уларнинг шаъни, қадр-қийматини, ор-номусини қадрлаш орқали амалга ошадиган ўзига хос маънавий кенгликни (бағрикенгликни) англатади. Бу эса, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган юртимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришининг мустаҳкам асосидир.

Устоз Жобир домла Элов,
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори

. .