БАҒРИКЕНГЛИК
Muallif: . .
Sana: 18.11.2024
53

Маккани фатҳ қилиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг саҳобий билан келдилар. Туя устида, совут ва дубулғани кийган, қўлларида қилич ва белларида найза билан қуролланган ҳолда Аллоҳнинг буюклиги олдида бош эгиб Маккага кирдилар. Ҳа, ўн уч йил давомида мусулмонларга узлуксиз зулм қилган, ўлдирган, жароҳатлаган, эзган, таҳқирлаб сўккан, очлик билан қийнаган, фарзанднинг кўз ўнгида ота-онасини қатл қилган, хуллас қўлидан келганча моддий ва маънавий зарарлар берган, улар кўчиб кетишгандан кейин ҳам устига бир неча марта қўшин тортиб жанглар қилган душман устидан ғолиб ҳолда кирдилар.

Макка аҳли ўта танг ҳолга тушиб қолишган эди. Интиқомдан қўрқардилар, аммо, нимадир уларга хотиржамлик ҳиссини ҳам уйғотарди. "Энди нима бўлади? Аҳволимиз нима кечади?" Кўпчиликнинг тилида ва баъзиларнинг кўзида шу саволлар айланар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳлини бир жойга тўплашни буюрдилар. Улар саросимага тушишди. "Энди нима бўлар экан а?"... Бу савол мусулмонларга зулм қилган барчанинг хаёлида айлана бошлади. Ҳамма тўпланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туя устида туриб уларга бирма-бир назар солдилар. Жимжитлик ҳукм сурар, ҳамма охирги ҳукмни интизорлик билан кутарди.

"Эй Макка аҳли! Бугун сизларга қандай чора кўраман деб ўйлайсизлар?" Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари тобора даҳшатли тус олаётган сокинликни бузди. Гўёки ўз узрларини баён қилиш учун имкон сифатида айтилган бу гап уларнинг умидини учқунлатди ва улар бир овоздан: "Карамли биродаримизсиз, олийжаноб биродаримизнинг фарзандисиз..." дейишди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бораверинглар, сизлар озодсиз" деб ҳаммасини кечирдилар.

Ҳақиқий бағрикенглик мана бундай бўлади. Мусулмон қўрқоқ, ожиз, ўз ўрнини тополмайдиган қарам, ўз томонини белгилай олмайдиган ғўр бўлмайди. Албатта матонатли бўлиш керак. Лекин, мусулмон кечиримли, киришимли, гўзал муомалали, сабрли ва узоқ режали бўлади.

Муаллиф: устоз Улуғбек домла

. .

Eng ko'p o'qilgan Nuqtai nazar