Ислом – террорга қарши
Muallif: . .
Sana: 26.12.2024
59

Муқаддас Ислом дини ноҳақ одам ўлдириш, ўғирлик қилиш, зинокорлик, бировларни обрўсизлантириш каби ишларни ҳаром қилганидек, тинч аҳолининг қалбига ғулғула солиш, инсонларни қўрқитиш, шу орқали осойишталикка путур етказиш маъноларини ўз ичига олган террорни ҳам ҳаром қилди. Чунки, Исломда бундай разил ишлар Аллоҳ ва Унинг расулига қарши уруш очиш билан тенглаштирилган – Ер юзида фасод тарқатиш, дея баҳоланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда фасодни ва фасодчи кимсаларни суймаслиги ҳақида бот-бот такрорлайди, бандаларни Ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтаради.

Одамларнинг тинчини турли баҳоналар билан бузиб, қўрқувга солиш инсоний биродарлик қоидаларига зид келувчи таъқиқланган ишлардан эканини билиш учун қуйидаги ҳадиси шарифларни эслаб ўтиш ўринлидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:

- Кимки, ўз биродарига тиғли нарса билан ишора қилса, бас то ўзини тийиб олмагунча фаришталар унга лаънат ўқийдилар, гарчи у одам ўзининг туғишган укаси (ёки акаси) бўлса ҳам. (Муслим ривояти);

- Кимки, бир мўмин кишини қўрқитса, ундай одамни Қиёмат кунининг даҳшати ва қўрқувидан хотиржам қилмасликни Аллоҳ Ўз зиммасига олади;

- Бир киши ҳазил тариқасида бошқа бировнинг кавушини олиб, беркитиб қўйди. Бу воқеа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етказилганда: “Мусулмон кишини қўрқитманглар, мусулмонни қўрқитиш катта зулмдир”, - дея марҳамат қилдилар;

- Кимки, мусулмон кишига ноҳақ равишда қўрқитувчи нигоҳ билан қараса, ундай одамни Аллоҳ таоло Қиёмат кунида қўрқитади.

Энди, қўлига қурол олиб террорчилик қилиб, инсонларни қўрқитиш борасида Пайғамбар (алайҳиссалом)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга эътибор қаратайлик: “Биронтангиз зинҳор ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин (ўқталмасин). Чунки, у билмайдики, шайтон унинг қўлини бузиши мумкин (яъни, унинг қалбига васвас солиш орқали мусулмонга қарата оттириши мумкин). Оқибатда эса у одам дўзах чоҳига қулайди”.

Юқоридаги далилларда фаришталарнинг лаънатига гирифтор бўлиш, Қиёмат кунининг даҳшати билан қўрқитиш, дўзах чоҳига қулаш каби ваъидлар орқали огоҳлантирувлар келгани боис, террор ва унга ўхшаш ҳаракатлар ҳалокатга олиб борувчи гуноҳи кабиралардан эканлиги маълум бўлади.

Демак, Ислом дини терроризмни мутлақо қоралайди. Чунки, бу дин Аллоҳ таоло томонидан инсониятнинг икки дунё бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилинган.

Ислом динининг таълимоти, қонун-қоида ва аҳкомларидан бешта бош мақсад кўзда тутилган:

1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш;

2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш;

3. Инсон динини муҳофаза қилиш;

4. Инсон наслини муҳофаза қилиш;

5. Инсон молу мулкини муҳофаза қилиш;

Террор эса айнан ушбу мақсадларнинг барчасига қарши қаратилаган фаолиятдан иборатдир. Исломда ҳар бир инсоннинг ҳаёти ҳатто ибодат чоғида ҳам муҳофаза қилиниши таъкидланган. Масалан, намоз ўқиётган киши чаённи кўриб қолса, уни ўлдириши жоиз. Чунки, бу ҳашорат унинг ҳаётига хавф солиб турибди. Хавфни бартараф этиш биринчи навбатдаги вазифа. Зеро, унинг ҳаётига зарар етса, уни ортга қайтариб бўлмайди. Шунинг учун ҳам намоз асносида қилинган бу ҳаракат туфайли намоз бузулмаслиги фиқҳий китобларда қайд этилган.

Ислом дини террорнинг жамият ҳаётига соладиган барча хавф-хатарларидан мукаммал суратда огоҳлантириб, доимо унга қарши бўлишга чорлайди. Жумладан, қўрқитиш, зулм ўтказиш, бузғунчилик қилишга асосланган ҳар қандай мафкурага қарши курашишга даъват этади.

Асрорхон Маҳмудов,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .