
Кўчаларда биттадан ёки иккитадан челакни тўлдириб, сув кўтариб кетаётган опа-сингилларимизга кўп бор кўзимиз тушади. Айниқса, бу ҳолат қишлоқларда кўпроқ кўзга ташланади. Зеро, қишлоқларда ҳар бир хонадонга алоҳида сув қувурлари тушурилмаган бўлади. Шунинг учун аёл-қизлар сувларни кўчадан, баъзи ҳолларда, икки, уч маҳалла нариги томондан олиб келишига тўғри келади. Ҳатто баъзи ҳолларда сув олдида уларнинг навбат кутиб туриши ҳам воқеликда мавжуд. Бир томондан, бу ишлар уларнинг уй ишларидан, аёллик юмушларидан бири сифатида табиий қаралади. Аммо, шаръий жиҳатдан қаралганда, бу каби ишлар кимнинг вазифаси ҳисобланади?
Бу ҳақда ислом ҳуқуқида мўтабар манбалардан бири “Муҳит” асарида бундай дейилган:
“Эркакларга аёллар учун сув олиб келиб бериш учун идиш тайёрлаб қўйишлари лозимдир. Зеро, аёлларнинг сув ичишга эҳтиёжлари бор. Аммо, улар анҳорлар ва ҳовузларнинг олдига чиқишга имконият қилолмайдилар. Зеро, улар (уй юмушлари билан банд бўлиб) уйда қолишга буюрилгандир. Шунинг учун эрлар ўз хотинларига кўчадан сув олиб кириб беришлари даркор. Зеро, шариат эркакларга аёлларнинг эҳтиёжларини қондиришга буюргандир. Ичимлик суви ҳам ушбу ҳожатларнинг бири саналади”.
Ушбу кичик мақола билан айтмоқчи бўлган гапимиз шуки, ислом шариати аёлларни шундай кичик жабҳаларда ҳам эътибордан четда қолдирмаган. Бу сўзларни зикр қилиш билан аёллар кўчага чиқмасин, сув олиб келгани ҳам бормасин демоқчи эмасмиз. Аммо, бу ва шу каби аёлнинг кўчадаги эҳтиёжларини қондириш эркакларнинг вазифаси эканини эслатиб қўймоқчимиз, холос. Дарҳақиқат, ҳозирги кунда кўпчилик аёллар эрларининг масъулиятсизлиги туфайли кўчаларда тирикчилик қилиб юришга мажбур бўлмоқда.
Ислом шариати юқоридаги кичик бир масала билан биз эркакларнинг вазифаларидан бирини ёдга солмоқда. Аллоҳ барчамизни ўз масъулиятимизга виждонан ёндашадиган, аёл-қизларимизни эъзозлайдиганлардан қилсин.
РЎЗИМУҲАММАД ТЎХТАСИНОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
