ҲАМИЯТ (биринчи боб)
Muallif: . .
Sana: 13.03.2025
68

Қисса

Қишнинг биринчи ойи ҳам охирлаб қолди.

Эрталаб қиров тушган. Дарахтларнинг баргсиз шохлари қор ёққандек оппоқ. Булутлар орасидан қуёш эриниб мўралайди. Ҳароратсиз нурлари қировли шохларда йилтирайди.

Азиз қишки таътилдан аввал шаҳардаги баъзи ишларимни битирай деб кўчага чиқди. Бекатда синфдоши Хуршидга кўзи тушди. Хуршид ҳам Азизни кўриб, кўнгли бироз кўтарилди. Унинг баъзи ишлари битмаётган эди, бундан хуноб бўлганини Азизга билдирмади. Чунки у Азизнинг олдида ўзини бекаму кўст, замонавий йигит қилиб кўрсатгиси келар, доимо ўзини бошқалардан, айниқса, Азиз каби йигитлардан устун қўярди. Азиз буни сезади, лекин индамайди: “Иззат нафсим учун ранжимай”, – дейди.

– Ҳа, Азиз, – дея сўз бошлади Хуршид. – Сен ҳам дунёда яшаяпман, бу ҳаётдан баҳра оляпман деб юрибсан-да. Ичмасанг, чекмасанг, қизлар билан ўйин-кулгу қилмасанг, бунинг нимаси ҳаёт? Яна менга ҳам дашном бериб, бундай лаззатлардан қайтаришга уринганингга кулгим келади. Ўзи сени нима жин урди. Мактабда туппа-тузук юрардинг. Бирга ўйнаб-кулардик. Ҳатто севган қизинг ҳам бор эди, эсингдами? Исми Насиба эди. Мактабни битирдингу фикринг ўзгариб, ҳар хил тушунарсиз гаплар билан бош қотирадиган бўлиб қолдинг. Мадрасага кириб олдингу кейин бизга қўшилмай қўйдинг-а?

Шундай деб Азизнинг елкасига эркалагандек урди, синфдошининг кўзларига тик қаради. Аслида, бу кучсиз зарба эркалашдан кўра қаттиқроқ эди. Балки бу уришга Хуршиднинг ғарази қўшилиб кетди, ўзи буни сездими, йўқми, буни билиш учун қалбга назар солиш лозим. Бу эса иложсиз иш.

Азиз, одатдагидек, табассум қилиб гапини бўлмасдан дўстининг сўзларига қулоқ тутди. “Хуршид... Сенга қандай ёрдам берсам бўларкан? Роббимизнинг ҳақ дини қандай етказсам сенга? Жаҳолат ботқоғидан қутулмоқ фурсати келди, ахир...” – деди ичида куйиниб.

Хуршид ўзи айтаётган гапларга қасддан қалампирдек аччиқ сепаётгани учун дўстининг хотиржам ва жаҳлланмаслигидан ҳайрон ҳам қолди, ич-ичидан ҳасад ва ҳавас аралаш туйғу уйғонди, ғашланди ҳам, лекин унга тан беришни истамади, койиш оҳангида яна нималардир деди.

Азиз Хуршид сўзлашда давом этса, суҳбат бачкана тус олишини англади, шунинг учун гапни бошқа ёққа буриш учун:

– Хуршид, қўйсанг-чи бу гапларни. Анави айтганинг Насиба ўқишга кирдими ёки турмушга чиқиб кетдими? – деб сўради.

– У ҳам сендек сал томи кетганлар тоифасидан. Ота-онаси намоз ўқиркан, келган совчиларга «ичадиган, чекадиганларга қизимизни бермаймиз», дея қайтаришяпти эмиш. Менимча, Насиба қари қиз бўлиб қолиб кетса керак. Йигит ичадими, чекадими, қизинг бахтли бўлса бўлди-да, шунга нима? Тавба, одамларга ҳам ҳайронсан, ўзларича бировларга баҳо беришади.

Хуршиднинг, айниқа, «У ҳам сендек томи кетганлар тоифасидан» дегани Азизга қанчалар оғир ботди. Аммо Азиз жилмайиб тураверди. Лекин беихтиёр шундай деди:

– Ҳа, тўғри-да жўра, сен қизингни, йўқ-йўқ, қизингни демайлик, чунки сен ҳали уйланмагансан, сен ўз синглинг Ситорани ўзинг каби йигитга раво кўрармидинг? Сен мени хато тушунма, Ситорани мен ҳам ўз синглимдек кўраман, сени ҳам ёмонламоқчимасман. Лекин ўзинг инсоф билан айт-чи, синглингни ичадиган, чекадиган, ҳар қанақа қизлар билан айшу ишрат қиладиган йигитга турмушга чиқишини хоҳлайсанми?

Хуршиднинг ранги гезарди, Азиз жавоби синфдошининг жаҳлини чиқарганини сезди, унинг мақсади бу эмасди, бироз пушаймон бўлди ва ундан жавоб ҳам кутмасдан:

– Албатта, хоҳламайсан. Чунки сен ҳам, бошқалар ҳам ўз сингилларини, ўз қизларини бахтли, тинч ва фаровон яшашларини истайдилар-да, – деб гапини тугатди.

Азиз мактабда беш баҳога ўқиди. Устозлари унинг одоб-ахлоқини ҳаммага намуна сифатида кўрсатарди. Табиатан раҳмдил Азиз синфдошларига жуда меҳрибон эди, улар билан доимо иноқ-аҳил бўлишга ҳаракат қилиб, уларнинг дарсларига ёрдамлашарди. Синфдошлардан Насибани яхши кўриб қолганди. Насиба босиқ ва тарбияли эди.

Азиз Насибага нисбатан ичида ўзгача туйғу сезса-да, бу ҳиссиётни ошкор қилишдан ҳамиша тортинди.

Аммо бир куни дўстларининг бир-бирига гал бермай: «Мен у қизга ундай дедим, бу қизга фалон дедим», – деган мақтанишгани таъсир қилди. Насибага қалбини очмоқчи бўлди.

Дарсдан сўнг Насиба ёлғиз қайтаётган эди. Азиз: “Эҳтимол, бу мен кутган фурсат бўлса керак!” – деди ичида ва қизнинг олдига борди.

Бугун адабиёт дарсида «Ўткан кунлар» асари мавзу бўлган эди. Шундан сўз очди. Гап орасида Азиз унга: «Мен Отабекдек бўлиб қолганман», – деди. Дедию қиз унга: «Кумуш ким экан?» – деб савол берадигандек нафасини ютди. Ҳатто терлаб кетди. Жим бўлиб қолди.

Насиба эса ҳеч нарса демади, негадир қадамларини тезлатди.

“Амакисини кўриб қолдимикин?” – хаёлидан ўтказди Азиз. Аммо беш-олти одим илдамлагач, қиз орқага ўгирилди ва: «Кумуш ким бўлса ҳам, бахтли экан!» – дедию яна тезроқ юриб кетди.

Азиз Насибани кузатиб, унинг ақлу заковатига ҳар доим ўзича қойил қоларди. Бу сафар ҳам Насибанинг жавоби уни ўйлантириб қўйди. У бу гапни «Сен Кумушсан» дея очиқ айтмагани учун “Кумушинг ким бўлса ҳам бахтли экан, у билан бахтли бўл”, деган маънода аччиқланиб айтдими ёки ўзини Кумуш деб, бахтлилигини айтиб хурсанд бўлдими, буни аниқ билолмай қолди. Битта гап билан икки хил маънони назарда тутиш – вазиятдан чиқиб кетишнинг энг яхши йўли.

Азиз қалбини Насибага шу тариқа очди, аммо бу воқеадан кейин бошқа ҳеч қачон бу мавзуга қайтмади. Чунки изҳори ҳам, Насибанинг сўзлари ҳам унинг учун хурсандчилик келтирмади, назарида. Ичида аллақандай ҳузун ёки гуноҳкорликка ўхшаш туйғу пайдо бўлган эди.

Бир куни опаси билан бу ҳақда сирлашмоқчи бўлди.

Лекин иш бошқача тус олди. Опаси онасига, онаси эса дадасига айтибди. Дадаси уни чақирди.

– Ўғлим, сени ҳолатингни жуда яхши тушунаман, – деди мулойим оҳангда. – Сен жазоланадиган бирон иш қилмагансан. Сендан хафа эмасман. Лекин бу туйғулар маълум бир ёшда пайдо бўлиб, кучайиб сўнгра саробдек йўқолиб кетадиган ҳаваслардир. Агар бу нарсаларни ҳақиқат билиб ортидан югурсанг, ёшлигинг беҳуда ишлар билан ўтади. Гулдай ёшлигини зое қилиш эса кўплаб ҳасрату надоматларга сабаб бўлади. Ўғлим, кўзингни оч, ҳар бир ишингни ўйлаб ақл билан қил. Сендан ёмонлик чиқмаслигини биламан. Чунки бизнинг авлоддан ёмон одам чиқмаган. Қолаверса, ҳар кун намозларимда Аллоҳимга ёлвориб, сизларни ҳар доим тўғри йўлда мустаҳкам бўлишингизни сўрайман.

Азиз қизарди. Ер ёрилмадию, кириб кетмади. Опасидан ичида қаттиқ хафа бўлди.

Аслида, ота оиладаги ҳар бир ишни, фарзандларининг ҳолатини билиши шарт, акс ҳолда, қандай қилиб оиласини тарбиялайди?

Опаси тўғри иш қилганлигини Азиз вақт ўтиб тушунди.

Мактаб ҳам тугади. Ҳар ким ўз йўлидан кетди.

Азиз болалигидан динга қизиқар эди. Ўз шаҳридаги мадрасага ўқишга топширди. Биринчи йил ўқишга киролмади. Тайёрлов курсида ўқишга қарор қилди. Сўнг иккинчи йил ўқишга кирди

Ўшандан бери Насибани ҳам кўрмади.

Хуршиднинг бояги гапидан кейин хаёллари уни мактаб даврига етаклаб кетди, шуларни эслади, аммо дарҳол ўзига келди, истиғфор айтди, ич-ичидан Насибага бахт тилади. Бахт тилашга тиладию, лекин уни турмушга ҳали чиқмаганини эслади ва «Нимага шу пайтга қадар тўй бўлмади экан?» – деб ўйланди.

Хуршид эса Азизнинг охирги гапидан озорланган экан,

– Энди сизлар фариштасиз, бегуноҳсиз-да! – деди аччиқланиб. – Бизлардек ахмоқлар билан дўст бўлиб юришингларга ҳайронман! Менга қара, ўзи сен кимсанки, мани бунча ерга урасан? Гапим қаттиқ тегадиям демайсан-а, ҳе бор-е!

Хуршид, одатда, Азизнинг насиҳатларига эътибор ҳам қилмасди. Лекин бу сафар ранжиганини яширмади. Азиз ҳайратга тушди. Лекин бу ғазабнинг сабаби унинг синглисини тилга олгани эканлигини англаб қолди, хатосини тўғирлашга шошилди:

– Эй жўра, сен хафа бўлма! Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бошқага ур Ҳозир бола-чақам, оилам, умр йўлдошим дейдиган, ҳалол меҳнат қилиб оила боқадиган йигитларни топиш осон эмас. Насибанинг отаси ҳам шундай йигитни излаётгандир-да, – деди.

Аслида у Хуршидга: «Куёв танлашда ота-боболаримиз аввало дину диёнатига эътибор қилганлар. Агар йигит диёнатли, тақволи бўлса, ўз умр йўлдошининг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмай, унинг ҳурматини жойига қўяди. Худодан қўрқадиган инсон ўз қўл остидаги аёлга зулм қилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам куёв танлашда шунга ўхшаш кўрсатмалар берганлар. Аждодларимиз ҳам бунга тўлиқ амал қилиб келганлар», – демоқчи эдию, лекин бу гаплар Хуршидга таъсир қилмаслигини, аксинча унинг ғашини келтиришини билгани учун унга мосроқ жавоб билан кифояланди.

– Ҳа, майли, Азиз, қўй, энди бу гапларни, – Хуршид бироз ҳовуридан тушгандек. Лекин ичида Азизга бирор нишдор жавоб излаётган эди. – Ҳали Насибангни ҳам топарсан сен ҳам. Ҳалиям кўнгил борда-а? Бир оғиз гапирганимга менга нималар деб ташламадинг. Шунчалик кўнглинг бўлса сен юбор одамингни, рози бўлишса, ол ўша қизни, ёмон қиз эмас-ку. Мен ҳам ўқишга кетганимдан бери унга кўзим тушмади. Эшитишимча, рўмол ўраб юрармиш, жинни. Яна тўпиғигача ёпиб, кўчада ҳам лозим кийиб юрарканми-ей!

Хуршид шундай деб ўнг томонига бурилдию бир нарсадан нафратланган кишидек тупурди. Тупуришни ҳам тўғри эплолмаганидан аччиқланган Хуршид бир сўкиндию, лабининг четига ёпишиб қолган тупукни кафти билан артиб, қўлини шимига суртди.

Ўз момоларининг қадриятини, динининг кўрсатмаларини бажарадиган қизларга нисбатан бунчалик нафрат Хуршиднинг онгига росмана томир отганидан Азиз ҳайратланди.

“Ҳозир яна нимадир дейишнинг мавриди эмас”, – деди ўзига ўзи, сўнг ўртоғини яқинда янги очилган ошхонага таклиф қилди.

Вақт тушликка яқинлашган бўлса-да, Азиз ҳали нонушта қилмаган эди. Хуршид бу таклифни рад қилмади.

Улар ошхонага киришди, ичкарида қўл ювиш учун махсус қўйилган жўмракдан қўлларини ювиб, бўш жойлардан бирига ўтиришди, хонтахта устидан бир марталик қўл сочиқни Азиз Хуршидга узатди.

Хуршиддан Насибанинг рўмол ҳам ўраганини эшитганидан сўнг Азиз хаёлга ботган эди. Тўғри, Насиба мактабда ҳам рўмол ўрарди, аммо бошини орқасидан. Ўқитувчилар унинг ота-онасини ҳадеб чақириб: “Қизингизга қаранг, ёшгина бўлиб нима учун рўмол ўрайди?” – дер эдилар. Уларнинг ўзлари ҳам рўмол ўрамасди, бошқалар ҳам ўрашини хоҳлашмасди. Нимага шундай қилаётганларини ҳатто ўзлари ҳам билишмасди.

«Хуршид уни рўмол ўраб юрибди дейишига қараганда, олдингидан фарқли равишда, тўлиқ ўранибди-да. Буни аниқлаш керак», – деб ўйлади Азиз. Аммо буни сўрашдан тийилди.

– Ҳа, бизга ҳам Худойимни атагани бордир, – деди эътиборсиз равишда. – Ма, чойдан ол, ана, овқатни ҳам олиб келяпти. Сендан сўраб ўтирмасдан лағмон айтгандим. Агар кейинчалик ўзгармаган бўлсанг, олдин лағмонни яхши кўриб ердинг. Менга шу жойнинг лағмони ёқади. Бошқа жойга нисбатан ҳавоси ҳам тозароқ.

– Сен кабилар лағмон, ош, чучвара деб юраверинглар. Европача овқатлардан хабарларинг йўқ. Ҳа, майли анчадан бери лағмон емагандим. Ол-чи, ҳақини сен тўлаганингдан кейин заҳар бўлса ҳам ейавераман, – деди Хуршид ҳазиллашиб.

– Ол, ош бўлсин, жўра, – деди Азиз унинг гапларини жилмайиб қарши олиб.

Азиз: «Наҳот энди ватан, халқ, миллат шундайлар қўлига қолади? Наҳот келажакда шундай тақлидчилар, ўз ота-боболари ҳақида ҳеч нарса билмасдан, уларнинг ҳикмати, ақлу заковати ҳақида бирон нарса англамасдан бошқаларга – ғарбга ҳамма нарсада кўр-кўрона эргашадиганлар бизнинг фарзандларни бошқарадими? Ҳатто овқатни ҳам Европаники дейилса мақташади, ўз миллий овқатларидан устун ва афзал билишади-я! Буларни тўғри йўлга солиш, уларга ҳақиқатни, ватанпарварлик ва миллийликни ўргатиш ҳар бир муҳаббат эгасининг бурчидир. Ҳа, ватанига муҳаббати чексиз ҳар бир инсон бошқаларга ватан севгисини ўргатмоғи шарт», – дерди Хуршидни кузатиб.

– Азиз, мадрасани қачон битирасан? – сўради Хуршид.

– Шу йили, ҳозир тўртинчи курсда ўқияпман.

– Жуда кўп ўқиб юбормадингми шу муллаликка? Мен сен билан баъзи нарсалар ҳақида гаплашиб олмоқчиман. Шу эскиликка оид бўлгани учун сенга айтаман ва сендан сўраб оламан деб юргандим.

– Майли, бирор кун бемалол ўтирармиз унда. Лекин бугун, менимча, бўлмайди. Чунки ҳозир бир жой боришим керак – деди Азиз.

– Йўқ, мен ҳам бугун деяётганим йўқ. Яқин кунларда мен уйимга сени ва бошқа ўртоқларимни чақираман. Ўшанда гаплашармиз, – деди Хуршид.

– Худо хоҳласа! Овқатни еб бўлган бўлсанг турамиз жўра. Борадиган жойим бор, – деб Азиз дастурхонга дуо қилди. Хуршид ҳам қўлларини ёқмагандек юзига суртди.

Таомдан сўнг хайрлашдилар. Азиз орада бирор аччиқ сўз ўтмагандек очиқ юз билан дўстини кузатди.
Давоми бор...

Муаллиф: Устоз Улуғбек Бухорий,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .