
Бир бор Голландия ширкати вакили билан учрашганимни ҳеч ҳам унута олмайман. Сўзлашиб ўтирганимизда унга Аллоҳ таоло ҳақида сўзлаш хаёлимга келди ва сўзлай бошладим. Бироздан сўнг у сўзимни бўлиб:
- Бунақа сўзлар менга умуман қизиқ эмас. Мен бунақа гапларга эътибор бермайман, илтифот ҳам қилмайман. Менга яшашнинг учта нарсаси қизиқ ва аҳамиятли, деди.
- У уч нарса нима?
- Кетворган аёл, данғиллама уй ва ҳашаматли машина, қолган нарсалар мен учун бир пул. Аллоҳ таоло марҳамат этган: «Агар Аллоҳ уларда бирор яхшиликни билганида, албатта, эшиттирар эди ва агар уларга эшиттирса ҳам, албатта, юз ўгириб, бурилиб кетар эдилар» (Анфол сураси, 23-оят). Аллоҳ таоло улардан бирор яхшилик чиқишини билганида эди, албатта, уларни эшитганидан фойда оладиган қилиб қўйган бўларди. Аммо уларнинг табиатлари бузуқлигини, эшитсалар ҳам, юз ўгириб кетишларини билгани учун ҳам Аллоҳ бундай қилмади. Демак, бу ўринда инсоннинг бахту саодати, роҳату фароғати Аллоҳни таниши, У Зотнинг китоби ва Пайғамбарининг суннатини билиши, уларни ўзига дастурул амал қилиши, Аллоҳ бандаларига холис хизмат қилиши билан бўлар.
Таржимон изоҳи:
Йигирма йиллик хизмат мобайнида турфа хил инсонларни кўрдик. Бир киши:
- Охиратга ким борибди, ким кўрибди? - деган эди.
Яна бири:
- Ароқни ҳаром деяверишади, узумни суви ҳаромми, узум ҳам еманглар бўлмасам, - деган.
Яна бошқаси:
- Мен жаннат-у дўзахга умуман ишонмайман. Менга мана шу дунёдаги айш-ишрат етади, - деган эди.
Аллоҳ таолони сўккан бадбахтни кўрганман, кўп ўтмай оғзи қийшайиб қолган эди. Мавъиза асносида жаннат ҳақида гапирилаётганида:
- Зўр эртак эканда, а? - дея истеҳзо қилганни кўрганман.
Дунёда Аллоҳга иймон келтириб яшайсанми ёки динсиз кофир бўлиб яшайсанми - ихтиёр ўзингда. Ибодат ва ҳалолликда яшайсанми ёки зино ва зулмдами ихтиёр ўзингда. Мўминлар Аллоҳ таолога охиратни, ғайб оламини кўрмай туриб ишонишади, шунинг учун ҳам улар мўминлардир! Энг улкан бахтни не эканини биламизми? Ҳеч бу ҳақида ўйлаб кўрганмизми? Энг улкан ва бебаҳо бахтимиз Аллоҳ таоло бизга Ўзини таниш имкониятини берганидир!
«Шайх Нобулсийдан қиссалар ва ҳиссалар» китобидан.