Мункар ҳадис
Muallif: . .
Sana: 17.05.2025
57

Мусталаҳул ҳадисда “мункар ҳадис” деб номланган истелоҳга дуч келамиз. У қандай маънога эга, у ҳадис уламолар ўртасида қай мақомда эканлигини билиш учун қуйида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Мункар сўзи араб тилидан олинган бўлиб “инкор қилинган”, “нотаниш”, деган маънода келади. Истелоҳда эса – заиф ровийлардан бири ёлғиз ривоят қилган ёки заиф ровий ўзидан кучли бўлган муҳаддисга хилоф тарзда ривоят қилган ҳадисни мункар ҳадис деб номланади. Яъни, ҳифзи жиҳатидан заиф бўлган ровий бир ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилган бўлиб, ҳудди шу ҳадисни ўзидан кучлироқ ёки ўзи билан бир даражада бўлган муҳаддис ривоят қилмаган бўлади. Ёки у ҳадисни ўзидан забтда кучлироқ бўлган кишига хилоф тарзда ривоят қилган бўлади. Яъни, ундан даражаси кучли бўлган муҳаддиснинг ривоятига матнда ёки санадда хилоф бўлган ҳолатда ҳадисни ривоят қилган бўлади.

Мисол: Имом Бухорий “Тарихул Кабийр”да, Имом Аҳмад, Насоий, Ибн Можа, Баззор ва Ибн Шоҳин ривоят қилган ҳадисда Назр ибн Шайбон айтади: “Мен Абу Саламага: “Отангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтганда эшитган бирор ҳадисни менга айтиб беринг!”, деб айтдим. Абу Салама: “Менга отам рамазон ойида бир ҳадис айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизларга рамазон ойи рўзаларини фарз қилди. Мен эса сизларга қиёмул лайлни суннат қилдим. Бас кимки иймонли бўлиб савоб умид қилган ҳолатда рўза тутиб кечалари бедор бўлса, онасидан туғилган кундаги каби гуноҳлардан (покланиб) чиқади”, деб айтган эканлар. Ушбу ҳадиснинг ровийлари ичида Назр ибн Шайбон бўлиб у заиф ровийлардан саналади. У юқоридаги ҳадисни ривоят қилишда хатога йўл қўйган. Ҳадисда Назр ибн Шайбон Абу Салама ўз отасидан ҳадис айтиб берганини зикр қилди. Ҳолбуки, Абу Салама отасидан бирорта ҳам ҳадис ривоят қилмаган. Бу эса биринчи эътироз. Иккинчиси, ҳудди шу ҳадисни Назр ибн Шайбондан ҳофизроқ ишончли ровийлардан Яҳё ибн Саид, Имом Зуҳрий, Яҳё ибн Абу Касирлар Абу Саламадан у эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан у эса Набий алайҳиссаломдан қуйидагича ривоят қилишган: “Кимки рамазон ойида иймон ва савоб умид қилган ҳолда қиёмул лайл қилса ўтган гуноҳлари кечирилади. Кимки қадр кечасида иймон ва савоб умид қилиб қойим бўлса аввалги ўтган гуноҳлари кечирилади”. Бас шунга кўра Назр ибн Шайбон ҳадиснинг санадида ҳам матнида ҳам ўзидан кучлироқ бўлган ровийларга хилоф тарзда ҳадисни ривоят қилган. Ушбу эътибор билан унинг ҳадиси “мункар” ҳадис ҳисобланади. Ушбу ўринда эслатма ўлароқ мавзуйимизга алоқадор бўлган баъзи бир муҳим масалаларга ҳам эътибор қаратиб ўтсак:

- Биринчиси: биз мункар ҳадисни таърифини шарҳлаш пайтида: “ҳифзи жиҳатидан заиф бўлган ровий бир ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилган бўлса”, деб келтирдик. Бу эса энг кўп кузатилувчи ҳолат ҳисобланади. Лекин баъзи уламолар адолати борасида камчилиги бўлган ровийнинг ёлғиз қилган ривоятини ҳам мункар деб санаганлар. Шу эътибордан мутақаддим уламоларнинг кўплари мавзу яъни тўқима ҳадисни мункар деб атаганларини ҳам учратиш мумкин. Биз зикр қилган таъриф эса мутааххир уламолар истелоҳи ҳисобланади.

- Иккинчиси: Баъзи уламолар мункар ҳадис ўрнига “ғариб” деган сўзни ишлатишган. Бу ғариб ҳадис деб ундан мункарни назарда тутишган. Мункарни ўзини эса мавзу ҳадис ўрнида ишлатишган.

- Учинчиси: Ҳадиснинг мункар бўлиши фақатгина санадга тегишли эмас. Балки баъзида матнга ҳам алоқадор бўлиши мумкин. Бунинг кўриниши, кўплаб жамоат кишилар бир ҳадисни маълум бир лафз ила ривоят қилган бўлишади. Бошқа заиф ровий эса бошқача лафз ила ҳадисни ривоят қилади. Бунга Назр ибн Шайбондан юқорида келтирган ҳадисимиз яққол мисол бўла олади. Ёки маълум бир ишончли кишилардан бўлган жамоат бир ҳадисни ривоят қилишади. Заиф ровий эса ҳудди шу ҳадиснинг лафзига ишончли кишиларнинг ривоятида бўлмаган зиёда гапни қўшиб ривоят қилади. Бунга мисол: Имом Аҳмад, Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ҳамда Насоийлар Абдулазиз ибн Суҳайбдан ривоят қилган ҳадисда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Набий алайҳиссалом халога кирган вақтларида: “Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубси вал хобаис”, деб айтар эдилар, деб ривоят қилганлар. Лекин ҳудди шу ҳадисни Ибн Абу Шайба заиф ровийлардан бўлмиш Абу Маъшар Ас-Синдийдан, у Абдуллоҳ ибн Абу Талҳадан, у эса Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Набий алайҳиссалом халоган кирган вақтларида: “Бисмиллаҳ. Аллоҳумма инний аъузубика минал хубси вал хобаис”, деб айтардилар деб келтирган. Абу Маъшар ишончли ровийларга ҳадисни матнида мувофиқ бўлган. Фақатгина “бисмиллаҳ” сўзини зикр қилиш ила уларга хилоф қилган. Бу зиёдалик эса мункар ҳисобланади.

- Тўртинчиси: гоҳида ишончли ровийнинг ҳадиси заифга чиқазилган кишидан ёлғиз қилган ривояти мункар саналган. Бунга Маъмарни Қатодадан қилган ҳадиси мисол бўлади. Маъмар ўзи ишончли ҳофиз муҳаддислардан саналади. Фақатгина унинг Қатодадан қилган ривояти заифдир. Чунки у Қатодадан ёшлик чоғида ҳадисларни эшитиб, ундан санадларни ёдлаб олмаган. Шунга кўра қачонки у Қатодадан бир ҳадисни ривоят қилса ёки ҳадисни зиёда билан зикр қилса ҳамда бошқа ишончли ровийлар ушбу ҳадисни ривоят қилишда унга мувофиқ бўлишмаса унинг Қатодадан қилган ривояти мункар ҳисобланади.

- Бешинчиси: забти борасида ишончли ровийдан бир поғона пастда турувчи содуқ яъни, ростгўй ровийнинг ҳадиси қуйидаги икки ҳолатда мункар саналади.

Биринчиси: қачонки у бир ҳадисни мункар матн ила ривоят қилишда ёлғиз бўлса ва унга бу ҳадисни ривоят қилиш борасида бирор киши эргашмаса ёки ўзидан кучлироқ бўлган ишончли ровийларга хилоф тарзда ҳадис ривоят қилса унинг ҳадиси мункар ҳисобланади.

Бунга мисол Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд Ҳаммод ибн Саламадан, у Муҳаммад ибн Амр ибн Алқамадан, у Абу Саламадан, у эса Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Сизларнинг бирингиз (бомдод намозига бўлган) нидони эшитган вақтида, қўлингизда бирор идиш бўлса, то ундан ўз эҳтиёжини қондирмагунча идишни қўймасин”, деб айтган эканлар. Ушбу ҳадисни ровийларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Амр ибн Алқама содуқ кишилардан. У ушбу ҳадисни Абу Саламадан ёлғиз ривоят қилган бўлиб, унга бу борада бошқа бирор киши эргашмаган. Шунингдек, у ривоят қилган ҳадиснинг матнида Оиша розияллоҳу анҳонинг саҳиҳайнда келган ҳадисига хилоф бўлганлиги жиҳатидан ҳам мункарлик бор. Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “То Ибн Умми Мактум азон айтгунича еб ичаверингиз. Чунки у то тонг отмагунча азон айтмайди”, деб айтганлар. Набий алайҳиссаломнинг: “азон айтгунича”, деган сўзлари чегарани ифодалайди. Яъни таом ва ичимликларни азон айтилган пайтда тўхтатиш учун белгиланган чегара ҳисобланади. Юқоридаги Муҳаммад ибн Амрнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси эса азон айтилаётган пайтда ҳам қўлидаги нарсани қўймасдан ичиб олиши жоиз эканлиги тушунилади. Бас, шунга кўра Муҳаммад ибн Амрнинг ҳадиси у содуқ яъни ростгўй ровий бўлишига қарамасдан мункар ҳадис жумласидан ҳисобланади.

Иккинчиси – содуқ яъни ростгўй ровий ёки баъзида ҳадис ривоят қилишда хатога йўл қўювчи сиқа яъни ишончли ровий шогирлари кўп бўлган машҳур ҳофиз муҳаддисдан бир ҳадисни ривоят қилса, ҳамда ушбу ҳадисни ривоят қилишда ёл‘ғиз ўзи бўлса, ҳофиз муҳаддиснинг бирор шогирти унга бу борада шерик бўлмаса, унинг ёлғиз қилган ривояти мункар ҳисобланади. Бунга мисол:

Имом Байҳақий “Сунанул кабир” да Имом Заҳабий эса “Сияр аъламин нубала” китобида Маҳмуд ибн Одам Ал-Марвазийдан, у Суфён ибн Уяйнадан, у Жомеъ ибн Абу Рошиддан, у эса Абу Воилдан қилган ривоятида Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга: “Сенинг ҳовлинг билан Абу Мусонинг ҳовлиси ўртаси эътикоф ўтириладиган жойдир. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эътикоф ўтириш фақатгина масжидул ҳаромда ёки фақатгина учта масжидда бўлади”, деб айтган сўзларини таълим олганман”, деб айтди. Шунда Абдуллоҳ: “Балки сен унитиб улар ёдда сақлаб қолгандирлар”, деб жавоб берди.

Ҳадиснинг ровийларидан бўлмиш Маҳмуд ибн Одам содуқ киши бўлишига қарамасдан ушбу ҳадисни Суфён ибн Уяйнадан ёлғиз ҳолатда ривоят қилган. Ҳолбуки Суфён шогиртлари кўп бўлган ҳамда уни лозим тутган ҳофиз муҳаддислардан бири ҳисобланади. Улар ушбу ҳадисни ривоят қилишда Маҳмуд ибн Одамга бирорталари шерик бўлмаганлар. Суфён ушбу ҳадисни шогиртларидан беркиткани ёки барча шогиртлари ушбу ҳадисни устозидан қабул қилиш борасида эътиборсиз бўлиб тингламагани, фақатгина Маҳмуд ибн Одамнинг ўзи эътибор қаратиб ушбу ҳадисни эшитгани ушбу ҳадиснинг мункар эканлигига далил бўлади. Чунки бир ҳадис борасида бунча тасодиф бўлиши кишининг ақлига ҳам тўғри келмайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, киши ҳадис илмини ўрганар экан ўта зийрак ва эътиборли бўлиши, учраган ҳадисни ўқиб олиб уни ўзига ҳужжат деб билмаслиги, балки бу борада аҳли сунна вал жамоа уламоларининг йўлларини маҳкам тутиши лозим ҳисобланади. Эътиборли жиҳати яна шундаки, ҳадисларни ҳатто содуқ яъни рўстгўй ровийлар ривоят қилган бўлсаларда, улар ҳам инсонийлик жиҳатдан баъзида хато қилишлари мумкин экан. Бас шунга биноан юқорида биз зикр қилиб ўтган мункар ҳадис заиф ҳадислар сирасига киради ҳамда уни ҳужжат қилиш ҳам жоиз бўлмайди.


Боқиев Азизбек,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .