ИСЛОМДА УСТОЗ ВА УЛАМОЛАРГА ЭҲТИРОМ
Muallif: . .
Sana: 29.09.2025
102

Таълим-тарбия жамиятимиз ривожи учун муҳим аҳамиятга эга. Мана шу оғир юк таълим иши билан бевосита шуғулланадиган муаллимлар зиммасига тушади. Динимизда устознинг қадри ва фазли улуғдир. Чунки айнан ўша зотлар келажак авлоднинг шаклланишида катта ўрин тутади. Ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига ёш авлоднинг илмига илм, одобига одоб қўшилади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари ўқитувчиларнинг фазилати учун етарли ҳисобланади:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرَضِينَ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ(رواه الامام الترمذى عن أبى أمامة رضي الله عنه) яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлар ва ерлардаги зотлар, ҳатто инидаги чумолилар ва (сувдаги) балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга раҳмат йўллайди ва истиғфор айтади”(Имом Термизий ривоятлари).

Таълим-тарбия иши пайғамбарларнинг вазифаларидан биридир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:

إِنَّ اللَّهَ لَمْ يَبْعَثْنِي مُعَنِّتًا وَلَا مُتَعَنِّتًا وَلَكِنْ بَعَثَنِي مُعَلِّمًا مُيَسِّرًا(رواه الامام مسلم عن عائشة رضي الله عنها) яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло мени одамларни қийинчиликка соладиган, уларнинг адашишини хоҳловчи қилиб эмас, балки муаллим ва осон қилувчи қилиб юборди” (Имом Муслим ривоятлари).

Ёш авлод муаллимлар олдида омонатдир. Албатта, уларнинг таълим-тарбияси борасида устозлар масъулдирлар. Улар келажакда комил инсон бўлиб етишишлари учун бор имкониятларини ишга солишлари зарур. Чунки ҳадиси шарифда шундай дейилади:

كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ

مُتَّفَقٌ عَلَيهِ عن ابن عمر رضي الله عنهماяъни: “Ҳар бирингиз раҳбардирсиз ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз” (Муттафақун алайҳ).

Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўзини кўрсатиб, халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили “1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Шундай экан, ҳар биримиз устоз ва мураббийларни доимо ҳурмат ва эҳтиром қилиб, фарзандлар тарбиясида уларга ёрдамчи бўладиган бўлсак, ёшларимиз биз ўйлагандан-да илм-маърифатли, таълим-тарбияли, эл-юртига хизмат қиладиган етук шахслар бўлиб вояга етадилар, иншааллоҳ.

Бобоқулов Сайфиддин,
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .