«БИРНИ КЕССАНГ, ЎННИ ЭК»
Muallif: . .
Sana: 07.10.2025
55

“Дилба Ёру дастбакор” – Қалбингиз Яратган Зот билан қўлингиз ҳалол-пок меҳнатда бўлсин! Бу шиор, Азим Бухоромиздан етишиб чиққан Нақшбандия силсиласининг еттинчи устози бўлмиш Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг бутун Ислом дунёсига татигулик ибратли шиори десак муболаға бўлмайди. Азиз ватандошимиз она заминимизнинг бетакрор табиати, ўсимлик дунёсини асраб-авайлашни ўзининг муқаддас бурчи, инсонийлик вазифаси деб билишлик ҳам қалбни Яратганга, қўлингизни ҳалол-пок меҳнатда тутишингизнинг амалий ифодасидир.

Негаки, табиатни асраш, атроф-муҳитни покиза тутиш башарият учун ҳаёт-мамот масаласи, келажак авлод олдидаги долзарб мажбуриятдир. Юртимиз бўйлаб ташкил этилаётган яшил ҳудудлар, обод этилаётган манзиллар эса ана шу мақсад йўлидаги эзгу ташаббусларнинг амалий ифодасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва қишлоқларимизда “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири, “Бирни кессанг, ўнни эк”, деган мақолига амал қилгувчи барча юртдошларимизни ягона мақсад атрофида бирлаштирди.

Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш, кўчат ўтқазиш масалаларига алоҳида фазилатли амал сифатида қаралади. Деҳқон уруғни экади, осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳдан сўрайди, сўнг ўша эккан кўчати униб чиқишини кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир мусулмон банда кўчат ўтқазса, ёки экин экса, ундан бирон инсонми, қушми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа қилинганнинг савоби бўлади”,- дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти)

Демак ерга кўчат ўтқазиш, экин экиш, боғ барпо қилиш кўп манфаатли иш бўлганлиги учун ундан инсон истеъмол этади, қушлар ва ҳайвонлар ейди ёки кўчат соясидан баҳра топади. Табиатни кўркам қилади. Ҳеч бўлмаганда, ўтин бўлиш эҳтимоли бўлганлиги сабабли инсон садақа савобига эга бўлади.

Ҳикматларда айтиладики: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди биз экамиз, ундан биздан кейингилар ейдилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва бирортангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас уни экиб олсин.” (Бухорий ва Термизий ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларни кўчат ўтқазиш, экин экишга шу даражада тарғиб қиладиларки, қиёмат қойим бўлиши арафасида бўлса ҳам, имкон топа олса кўчатни қадаб қолишга буюрдилар.

Аллома Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки: “Инсон тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади. Деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчиликдир. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”.

Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз ҳоли ва тили билан тасбеҳ этади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар”. (Ар-Роҳман сураси, 6-оят)

Буюк саҳобалардан бири Ҳузайма ибн Собит (р.а.)нинг бир ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнига келиб, “Эй, Ҳузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг” дедилар. Шунда отам: “Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам ўтиб қолди” дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу “Йўқ ундай қилманг! Бўш турган бу ерингизга албатта кўчат экинг, деб ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.

Муқаддас китобимиз — Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб-авайлаш мавзулари зикр этилгани Исломда бу масалага қанчалик катта эътибор қаратилганини англатади. Шундан кўриниб турибдики, тупроқ, сув, ҳаво ва остонасини пок сақлашлик савобли ва барокатлидир. Аллоҳ таоло Юртбошимизнинг хайрли саъй-ҳаракатларини бардавом айлаб, барчамизга шундай савобли амаллар устида бирлашмоқликни насиб этсин!

Устоз Жобир домла Элов,
ЎМИ Бухоро вилояти вакили,
Мир Араб олий мадрасаси ректори

. .