ИНСОННИНГ “ҲАММА НАРСАГА ҚОДИРЛИГИ” ДАЪВОСИГА МОТУРИДИЙ ТАЪЛИМОТИ АСОСИДА ИЛМИЙ ТАҲЛИЛ
Muallif: . .
Sana: 06.04.2026
6

Аннотация. Ушбу мақолада инсон қудратининг моҳияти Мотуридий ақидаси нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Замонавий атеистик қарашларда учрайдиган “инсон ҳамма нарсага қодир” деган даъвонинг мантиқий, онтологик ва илмий жиҳатдан асоссиз экани далиллар асосида ёритилади. Шунингдек, инсон қудратининг чекланганлиги ва унинг илоҳий ирода ҳамда ўрнатилган коинот қонунларига боғлиқлиги илмий тарзда асослаб берилади.

Калит сўзлар: қудрат, касб, мумкинул-вужуд, мотуридийлик, сабаб-натижа, калом.

Кириш. Замонавий илм-фан ва технология тараққиёти натижасида инсон ўз имкониятларини кенгайтириб, борлиқ сирларини очишда катта ютуқларга эришди. Айниқса, космик тадқиқотлар, сунъий интеллект ва биоинженерия соҳаларидаги ривожланиш инсоннинг табиат устидан ҳукмронлиги ҳақидаги нотўғри тасаввурларни кучайтирди. Шу асосда айрим қарашларда инсон “ҳамма нарсага қодир” деган умумий даъво илгари сурилмоқда.

Бироқ бу даъво илмий таҳлил қилинганда, унинг мантиқий ва фалсафий жиҳатдан муаммоли экани намоён бўлади. Масалага калом илми, хусусан, Мотуридий ақидаси доирасида ёндашиш инсон қудратининг чегараларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.

Асосий қисм. “Инсон ҳамма нарсага қодир” деган даъво, аввало, мантиқий жиҳатдан таҳлил қилиниши лозим бўлган умумий (куллий) ҳукмдир. Бу ерда “ҳамма нарса” тушунчаси аниқлаштирилмаса, даъво ноаниқ ва ҳатто зиддиятли мазмун касб этади. Агар мазкур ибора барча мумкин нарсаларни англатса, у ҳолда инсон қудрати ақлан мумкин ишлар ичида ҳам маълум доира билан чеклангани боис бу ибора воқеликка тўғри келмайди. Агар у ҳатто ақлан имконсиз (муҳол) нарсаларни ҳам ўз ичига олса, бундай даъво мантиқан бекор ҳисобланади. Чунки мантиқ ва каломда муҳол (ақл жиҳатидан имконсиз) нарсалар — масалан, бир вақтнинг ўзида икки маконда бўлиш ёки мавжудотнинг ўзини ўзи яратиши — амалга ошиши мумкин бўлмаган ҳолатлар сифатида қабул қилинади.

Калом илмида қудрат тушунчаси аниқ таърифланган бўлиб, у фақат мумкин нарсаларга тааллуқли сифат ҳисобланади. Абу Мансур Мотуридий таълимотига кўра, қудрат — феълни амалга ошириш қобилиятидир, лекин у муҳол нарсаларни қамраб олмайди. Шу сабабли, “ҳамма нарсага қодирлик” тушунчаси тўғри талқин қилинмаса, у маъносиз иборага айланади.

Инсон қудратининг ақлан мумкин ишлар доирасида ҳам чекланганлигини тушуниш учун унинг онтологик мақомини кўриб чиқиш зарур. Мотуридий каломига кўра, мавжудотлар икки турга бўлинади: вожибул-вужуд (зарур мавжуд) ва мумкинул-вужуд (имконли мавжуд). Инсон иккинчи тоифага киради, яъни унинг мавжудлиги мустақил эмас, балки ташқи омилларга боғлиқ. Бундай боғлиқ мавжудот мутлақ ва чексиз қудратга эга бўла олмайди. Чунки мутлақ қудрат ҳар жиҳатдан мустақилликни, боғлиқликдан мутлақ озодликни талаб қилади.

Мазкур масала сабаб-натижа муносабати доирасида ҳам яққол намоён бўлади. Мотуридий таълимоти сабабларни инкор этмайди, балки уларни Аллоҳ томонидан яратилган қонуниятлар сифатида қабул қилади. Инсоннинг ҳар қандай фаолияти муайян сабабларга боғлиқ бўлиб, у мустақил равишда натижа ярата олмайди. Масалан, космосга чиқиш жараёни кўплаб омиллар — техника, энергия манбалари, физик қонунлар ва муҳит шароитларига боғлиқ. Агар шу омиллардан бири етишмаса, натижа ҳам амалга ошмайди. Бу ҳолат инсоннинг мутлақ эмас, балки шартланган қудрат соҳиби эканини кўрсатади.

Замонавий илм ҳам инсон қудратининг чекланганлигини тасдиқлайди. Биологик жиҳатдан инсон кислородсиз яшай олмайди, физик жиҳатдан у гравитация ва энергия қонунларига бўйсунади, когнитив жиҳатдан эса унинг билими нисбий ва чекланган. Демак, эмпирик далиллар ҳам инсоннинг “ҳамма нарсага қодир” эмаслигини кўрсатади.

Инсон фаолиятини тушунтиришда мотуридий каломидаги “касб” назарияси муҳим ўрин тутади. Унга кўра, инсон феълни танлайди ва унга интилади, аммо уни яратмайди. Феълнинг вужудга келиши Аллоҳнинг яратиши билан амалга ошади. Бу назария инсонга масъулият юклайди, лекин уни мутлақ қудрат соҳиби сифатида қабул қилмайди. Шу нуқтаи назардан, инсон фаолияти нисбий ва боғлиқ хусусиятга эга.

Замонавий технология ютуқлари, жумладан Apollo 11 Moon Landing ҳамда ҳозирги кунда амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган бошқа лойиҳалар, айрим қарашларда инсон қудратининг чексизлиги сифатида талқин қилинмоқда. Бироқ бундай хулоса сабаб ва натижани нотўғри умумлаштиришдан келиб чиқади. Аслида бу ютуқлар инсоннинг Яаратувчи томонидан борлиқда ӯрнатилган табиат қонунларини англаш даражасини ва улардан фойдаланиш қобилиятини кўрсатади, холос. Улар инсоннинг мутлақ қудратга эга эканини исботламайди.

Хулоса

Олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, “инсон ҳамма нарсага қодир” деган даъво мантиқий, каломий ва илмий жиҳатдан асоссиздир. Қудрат тушунчаси фақат мумкин нарсаларга боғланади. Инсоннинг ӯзи ҳам моҳиятан мумкинул-вужуд сифатида боғлиқ ва чекланган мавжудотдир. Унинг фаолияти илоҳий иродага мувофиқ равишда сабаб-натижа қонунлари асосида амалга ошади. Шунинг учун инсонни мутлақ қудрат соҳиби сифатида тасаввур қилиш илмий ва фалсафий жиҳатдан нотўғри хулосага олиб келади. Тўғри ёндашувга кўра, инсон — ақлан мумкин ишлар доирасида маълум имкониятларга эга чекланган қудрат соҳиби бўлиб, шу доирада масъулиятга эга мавжудотдир. Мутлақ қудрат эса фақат Аллоҳ таолога хосдир.

Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси
Асрорхон Махмудов тайёрлади.

. .