ЛАДУНИЙ ИЛМ
Muallif: . .
Sana: 13.04.2026
144

Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандасига илм ато этади. Кимга илм беришни ирода қилса, унинг қалбини илмга муҳаббат ва рағбат билан тўлдириб қўяди. Бу эса банда учун Роббиси томонидан инъом этилган улкан неъмат ва беқиёс яхшиликдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يُؤتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْراً كَثِيراً وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُوْلُواْ الأَلْبَابِ

У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина тушуниб етадилар[1]

Илм икки хил бўлади:

1. Инсон ўз ҳаракати ва таҳсили орқали эгаллайдиган илм.

2. Ладуний илм, Аллоҳ бу илмни бандалари ичидан Ўзи хоҳлаганига беради.

Илм ладуний хос илм бўлиб, унинг мураббийи Аллоҳ таолонинг Ўзи бўлиб, у илм баъзи ғайб ишларни ўз ичига олади. Илми ладуний яъни, сиртдан бошқа кўринган нарсаларнинг ичидаги, ортидаги сирларини билиш илми. Бундай илм ҳақида Аллоҳ таоло Мусо алайҳис салом ва Хизр алайҳис салом учрашувида келтиради:

فَوَجَدَا عَبْدًا مِّنْ عِبَادِنَا آتَيْنَاهُ رَحْمَةً مِنْ عِندِنَا وَعَلَّمْنَاهُ مِن لَّدُنَّا عِلْمًا

«Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик»[2].

Ибн Атия айтади: "Хизрнинг илми — унга ваҳий қилинган ботинлар (ички, яширин ҳақиқатлар) маърифати илми эди. (Шариатдаги) зоҳирий ҳукмлар унинг қилган ишларига қараб (уларни баҳолаш учун) асос бўла олмас эди. Мусонинг илми эса — ҳукмлар ва одамларнинг зоҳирий сўзлари-ю амалларига қараб фатво бериш илми эди."

Фахриддин Розий дейдилар: “Бу оят шуни англатадики, Аллоҳ таоло унга бирор муаллимнинг таълими ёки муршиднинг иршодисиз бевосита илм берган.”

Ҳозирги замоннинг таниқли суриялик олимларидан бири, йирик фақиҳ ва муфтий Шайх Аҳмад Шариф ан-Наъсон: "Аллоҳ таоло томонидан тўғридан-тўғри мўмин банданинг қалбига келадиган бу илмни уламолар: «Ладуний илм» деб номлайдилар. Бу бизга шуни ўргатадики, Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан бирини танлаб олади ва уни махсус бир илм билан неъматлантиради, бу эса «илҳом» деб аталади."

Бундай илмни Аллоҳ таоло кимга беради? Буни ҳам Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган:

وَاتَّقُوا اللَّهَ وَيُعَلِّمُكُمُ اللَّهُ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

Аллоҳга тақво қилинг ва Аллоҳ таолонинг Ўзи сизга ўргатиб қўяди. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир[3]

Тақво — қалбнинг покланиши. Қалб покланса, у Аллоҳдан келадиган нурни (илмни) қабул қилишга тайёр бўлади. «Ладуний илм» айнан мана шу тақвонинг натижаси ўлароқ бериладиган илҳомдир. Оятда «Аллоҳ ўргатади» дейилиши илмнинг асл эгаси Аллоҳ эканига ва У Зот хоҳлаган бандасига муаллимсиз ҳам илм бера олишига ишора қилади.

Тақво аслида нима? Қалб қачон покиза бўлади? Ҳамма ҳам тақводор бўлаверадими? Бу ҳақида Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳудан сўрашганда шундай жавоб берадилар:

سُئِلَ عَلِيُّ بْنُ أَبِي طَالِبٍ كَرَّمَ اللَّهُ وَجْهَهُ عَنْ التَّقْوَى فَقَالَ: "هِيَ الْخَوْفُ مِنْ الْجَلِيلِ وَالْعَمَلُ بِالتَّنْزِيلِ وَالْقَنَاعَةُ بِالْقَلِيلِ وَالِاسْتِعْدَادُ لِيَوْمِ الرَّحِيلِ"

Тақво бу ҳар ерда Худодан қўрқиш, Қуръон ва суннатга амал қилиб яшаш, озига рози бўлиш, кетадиган кунга тайёргарлик кўриш”.

Бундан келиб чиқадики, илми ладуний тақводор бандаларга берилар экан. Тақво эса жоҳиллик билан бўлмайди, яъни Қуръонни яхши билган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, амал қилган бандагина тақводор бўлиши мумкин. Айрим жоҳил “сўфийлар” таъбирича, илми ладуний ҳар кимга ҳам берилаверади, дейилиши хато экан. Аллоҳга тақво қилиб, оят-у ҳадислар билан ҳақиқий яшаган бандагагина, Аллоҳ хоҳласа ладуний илм бериши мумкин. Аллоҳ таоло шу илмдан насибадор қилсин.

ЖАМОЛ МАВЛОНОВ,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассаса мударриси



[1] Бақара 269

[2] Каҳф 65

[3] Бақара сураси, 282-оят

. .