Ҳазрат доктор Абдулҳай Орифий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Суннатларга амал қилишни ният қилиш ўлжа молидир. Яъни, бир амалда қанча суннатларни ният қилиб олсангиз, шунча суннат савоби ҳосил бўлади. Масалан, сув ичганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак одатлари уч нафасда ичиш эди. Мен ҳам шунинг учун уч нафасда ичаман, деб ният қилиб олинг. Шунда, бу суннатнинг савоби ҳосил бўлади. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишга нафас олишдан қайтарганлар. Мен ҳам нафас олганимда идишга нафас чиқармайман, деб ният қилинг. Шунда бошқа суннатга ҳам амал қилиш савоби ҳосил бўлади. Шунинг учун суннатларни яхшилаб ўрганиш зарур. Токи, банда бир амал қилса, ўша амалда қанча суннат бўлса, барчасини ёдда тутсин. Уларни ният қилиб, ҳар бир ният ила, иншаАллоҳ, алоҳида суннат савобини топади».
Ҳар ибодатдан кейин ушбу икки ишни қилинг
Бир ривоятда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Банда қачон бирор ибодатни адо қилса, ортидан тезда иккита ишни қилсин. У ибодат хоҳ намоз бўлсин, хоҳ тиловат, хоҳ садақа ва хох рўза бўлсин уларнинг барчасидан кейин дарҳол икки ишни қилсин: олдин «Алҳамдулиллах» деб айтсин, кейин «астағфируллоҳ» десин», деганлар. Банда ибодатни адо этишга тавфиқ бергани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтади. Агар У Зот тавфиқ бермаса, ҳеч ким ҳеч нарсага қодир бўлмайди. Агар У Зот тавфиқ ато қилмаса, ҳидоят ҳам насиб қилмайди. Агар У Зот тавфиқ ато қилмаса, хеч кимга намоз ўқиш ва рўза тутиш насиб бўлмайди. Агар У Зот тавфиқ ато қилмаса, ҳеч ким Унинг ҳузурида туришга қодир эмас. (Бундай амаллардан маҳрум қанча инсонлар бор). Шунинг учун аввало Аллоҳ таолога ҳамд айтилади. Ҳамддан кейин истиғфор айтилишига сабаб эса, ибодатга берилган тавфиқнинг ҳаққини адо этишга ҳеч ким қодир эмас. «Ибодат ҳаққини лойиқ тарзда адо қила олмадим, шу сабабли бу камчилигим учун Сендан авф сўрайман, Аллоҳим», деб У Зотдан мағфират сўраши лозим. Ўзини билган инсон бирор лаҳза истиғфорсиз яшай олмайди. Истиғфор айтиш улкан бойликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам турли вақтларда ўқишни таълим берган дуоларида истиғфорни ҳам қўшиб айтганлар. Ҳатто, таҳорат мобайнидаги дуоларда ҳам аввал ушбу жумлани марҳамат қилганлар:
اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي
«Аллоҳим! Менинг гуноҳимни мағфират қил».
