عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: سَيِّدُ الْاِسْتِغْفَارِ أَنْ تَقُولَ: اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ، أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ، وَأَبُوءُ لَكَ بِذَنْبِي فَاغْفِرْ لِي، فَإِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ. قَالَ: وَمَنْ قَالَهَا مِنَ النَّهَارِ مُوقِنًا بِهَا فَمَاتَ مِنْ يَوْمِهِ قَبْلَ أَنْ يُمْسِيَ فَهُوَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ، وَمَنْ قَالَهَا مِنَ اللَّيْلِ وَهُوَ مُوقِنٌ بِهَا فَمَاتَ قَبْلَ أَنْ يُصْبِحَ فَهُوَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Истиғфорнинг саййиди – «Аллоҳумма! Анта Роббии. Лаа илааҳа илла анта. Холақтании ва ана ъабдука. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри маа сонаъту. Абуъу лака биниъматика ъалайя. Ва абуъу би занбии. Фағфир лии, фаиннаҳу лаа яғфируз-зунуба иллаа анта», демоғингдир.
Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша кечаси тонг отишидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Шарҳ: Дуонинг мазмуни: «Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг, ва мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».
Кўпчилик азизлар ушбу «Саййиди истиғфор» номи ила машҳур бўлган дуони ўқиб юришни одат қилганлар. Ушбу дуони яхшилаб ёд олиб, ўқиб юришни ҳаммамиз одат қилишимиз лозим.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَاللهِ إِنِّي لَأَسْتَغْفِرُ اللهَ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ فِي الْيَوْمِ أَكْثَرَ مِنْ سَبْعِينَ مَرَّةً. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
عَنِ الْأَغَرِّ الْمُزَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّهُ لَيُغَانُ عَلَى قَلْبِي وَإِنِّي لَأَسْتَغْفِرُ اللهَ فِي الْيَوْمِ مِائَةَ مَرَّةٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.
Ал-Ағарр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, (баъзан) қалбимни булут босади ва албатта, мен бир кунда Аллоҳга юз марта истиғфор айтурман», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Уламоларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини босадиган булут нур бўлганлигини таъкидлайдилар. Ушбу ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда куннинг маълум вақтида юз марта истиғфор айтишни вазифа қилиб олиш керак.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَوْ لَمْ تُذْنِبُوا لَذَهَبَ اللهُ بِكُمْ وَلَجَاءَ بِقَوْمٍ يُذْنِبُونَ فَيَسْتَغْفِرُونَ اللهَ فَيَغْفِرُ لَهُمْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб, истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Гуноҳ содир этмаган банда бўлиши мумкин эмас. Ожиз банда доимо гуноҳ қилиш эҳтимоли остида яшайди. Шунинг учун банда доимий равишда истиғфор айтиб туриши лозим. Ана ўшанда банданинг синиқлиги ва Аллоҳ таолонинг афв ва мағфирати намоён бўлади. Аммо зинҳор-базинҳор бу ҳадиси шарифдан гуноҳ қилишга даъват маъносини тушунмаслик керак.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 35-жуз
