Инсон танасидаги энг ҳайратли аломатлардан бири — унинг бармоқ изларидир.
Агар икки эгизак бир тухумдан яралган бўлса — зеро баъзи эгизаклар икки тухумдан, баъзилари эса бир тухумдан яралади — ҳатто шундай ҳолатда ҳам уларнинг бармоқ излари бир-биридан мутлақо фарқ қилади.
Бу ҳақиқатга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг азиз Китобида ишора қилиб шундай марҳамат қилади:
“Инсон Бизни, унинг суякларини жамлай олмас, деб ўйларми? Ҳа, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз”.
(Қиёмат сураси, 3–4-оятлар)
Замонавий илм-фан бармоқ изларида юзга яқин ўзига хос аломат борлигини аниқлади. Агар икки бармоқ изида ана шу юз аломатдан ўн иккитаси ўзаро мос келса, у ҳолда бу икки из бир инсонга тегишли деб қабул қилинади.
Тасодифан икки бармоқ изининг бир хил чиқиш эҳтимоли эса олтмиш тўрт миллиарддан биттадир. Яъни ер юзида олтмиш тўрт миллиард инсон яшаган тақдирда ҳам, шундагина бир жуфт бармоқ изининг ўхшаб қолиш эҳтимоли пайдо бўлади. Ҳолбуки, дунё аҳолиси 6 миллиардни ташкил этади холос (2026-йилга кўра 8 миллиарддан кўп).
Бармоқ изларининг шакли ҳам фавқулодда мураккабдир. Унда ёйлар, эгри чизиқлар, бурилишлар, бурчаклар, тарқалишлар, майда чизиқлар, чуқурчалар ва тармоқланишлардан иборат ноёб тузилиш мавжуд.
Айрим тиббиёт муассасаларида бир бармоқ изи намойиш қилиниб, унинг остига ўн беш мингта бошқа бармоқ изи қўйилганида ҳам, улардан иккитаси ҳатто етти нуқтада ҳам мутлақ ўхшаш чиқмаган.
Бармоқ изи инсон она қорнида бўлганидаёқ, ҳомиланинг олтинчи ойида шакллана бошлайди ва инсон ўлгунига қадар ўзгармасдан сақланади.
Яна ҳам ҳайратлиси шуки, агар бармоқ учидаги тери бутунлай олиб ташланса, унинг ўрнида қайта ўсиб чиққан янги терида аввалги бармоқ изининг ўзи яна пайдо бўлади.
Айрим жиноятчилар бармоқ изларини йўқотиш учун жарроҳлик амалиётларини ўтказганлар. Улар бармоқ терисини кесиб ташлаб, бошқа жойдан олинган терини кўчириб ўтказганлар. Аммо орадан бир неча ой ўтгач, аввалги бармоқ излари яна қайта намоён бўлган.
Чунки бу — Аллоҳ таоло инсонга берган илоҳий муҳрдир. Уни башар қуввати йўқ қилиб ташлай олмайди.
Қиёмат куни Аллоҳ таоло инсонларни қайта тирилтирганида ҳам ана шу чизиқлар, чуқурчалар, тармоқлар ва майда белгилар яна аввалги ҳолига қайтарилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Ҳа, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз”.
(Қиёмат сураси, 4-оят)
Бу — Аллоҳ таолонинг буюк оятларидан биридир. Инсон ҳали она қорнида экан, бу нақшлар қандай яратилади? Кейин инсон ўлганидан сўнг Аллоҳ таоло уларни қандай қилиб яна аввалги ҳолига қайтаради?
Бу саволларнинг ўзи инсон қалбини тафаккурга, ақлни эса Яратувчининг қудрати ҳақида мулоҳаза қилишга чорлайди.
Замонавий илм-фан яна бир ҳайратли ҳақиқатни кашф этди: инсоннинг кўз гавҳари — яъни кўзнинг рангли қисми ҳам ҳар бир инсонда ўзига хос бўлиб, у ҳам шахсни аниқлашда бармоқ изи каби ноёб белги вазифасини бажаради.
Демак, инсон танасидаги ҳар бир аъзо, ҳар бир чизиқ, ҳар бир ҳужайра ва ҳар бир биологик белги — Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи тирик оятдир.
Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар энциклопедиясидан
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Абдулҳодий Абдураҳмонов таржимаси
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
