КИМЛАРГА ЯҚИН БЎЛИШ КЕРАК?
Muallif: . .
Sana: 01.12.2021
382

Халқимиз орасида “ЯХШИГА ЁНДОШ, ЁМОНДАН ҚОЧ” деган гўзал мақол бор. Ушбу ибораларни чуқурроқ ўрганадиган бўлсак чиндан ҳам яхши одам билан бирга юриш инсоннинг табиатига қанчалик ижобий таъсир этишини кўришимиз мумкин.

Ҳадис шарифда шундай ривоят қилинади:

عن ابي امامة عن الني صلى الله عليه وسلم ان لقمان قال لابنه يا بني عليك بمجالسة العلماء واستماع كلام الحكماء فان الله يحي القلوب بنور الحكمة كما يحي الارض بوابل المطر.

Яъни: “Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Луқмони Ҳаким ўғлига: болажоним, уламолар билан бирга ўтириш ва ҳакимлар сўзини тинглашни канда қилма! Зеро, Аллоҳ таоло худди ёмғир ила ерни тирилтирганидек, ҳикмат нури билан қалбларни тирилтирар” дедилар.

Ҳадис шарифда ҳам яхшилар билан бирга бўлишнинг нақадар улкан фазилат экани айтилмоқда. Яхши инсонлар илмли кимсалар бўлишига ҳам ишора қилинмоқда. Чунки, илмсиз инсондан фойдали сўз чиқиши ҳам даргумон. Бундайлар билан юриш фақат вақтни беҳуда сарфлашдан ўзга нарса эмас. Инсон ёмонларга яқинлашса, ўзи билмаган ҳолда бадхулқ бўлиб бораверади. Аксинча яхшилар билан бўлса, кундан-кун гўзал ахлоқ эгасига айланаверади.

Шу ўринда Шоирлар султони ҳазрат Навоийнинг бир байтларини келтириб ўтамиз.

Бобомиз ҳазрат Алишер Навоий шундай баён қилади:

Аҳи маъни гуруҳида зинҳор

Ҳеч ор айлама гадолуғдин.

Ким буларға гадолиғ ортиғдир

Аҳли суратға подшолуғдир.

Яъни: беамал, сурати гўзалу сийрати, ички дунёси бузуқларга бошлиқ подишоҳ бўлгандан кўра, олим, фозил ва аҳли тақволар ичида энг паст мартабали гадоси бўлиб юрганинг афзал.

Мир Араб олий мадрасаси ходими, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти

Муҳаммад Юнус СОЛИЕВ

. .