ЖУМА МЎМИНЛАР БАЙРАМИДИР
Muallif: . .
Sana: 08.11.2023
156

Ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали айримлар томонидан Жума кунининг қадрини туширувчи “Жума айёмингиз муборак бўлсин деб табриклаш бидъатдир“ маъносидаги хабарлар тарқатиляпти. Бунинг бидъат эканлигини Ибн Боз: “На Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, на саҳобайи киромлардан ва на бирор аҳли илм уламолардан бу амални машруъ (шаръий) дейилганини билмаймиз. Шунинг учун ҳам жума куни ёки жума намозидан кейин намозхонларнинг бир бирини “Жума муборак“ деб табриклаши, бу ишни суннат дейилиши жоиз эмас“- дейди.

Ҳақиқатдан ҳам суннатларда собит бўлмаган хабарни суннат деб эътиқод қилиш тўғри бўлмайди. Лекин Ибн Бознинг бу фатвосида чалғитувчи бир жиҳат бор. Яъни суннатда собит бўлмаган лекин шариатга ҳам хилоф бўлмаган амални ўз ҳолича қабул қилиб амал қилиш мумкиндир. Бу масала аҳли сунна вал жамоа уламоларининг иттифоқи билан дуруст бўлади ва Ибн Бознинг фатвоси нотўғри эканиниисботлайди.

Ваҳоланки, Ибн Бозга эргашганлар унинг сўзини далил қилиб, қолган барчани бидъатчига чиқаришяпти. Улар фақатгина жума кунини эмас бошқа байрам кунларидаги табрикларни ҳам рад қилишади. Яна сохта салафийларнинг имоми Албоний “Байрам кунларида тириклар, тирикларни зиёрат қилиши бидъатдир ва шаръан ман қилингандир“- деб фатво берган.

Ислом оламининг машҳур олимларидан бири Жалолиддин Суютий жума кунининг 101 хислатини битталаб санаб, ҳадислар билан асослайди ва “Жума куни умматнинг байрамидир“ дейди ва сўзига ҳадисдан далил келтиради. “Ибн Можа Ибн Аббосдан ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта бу (жума куни) байрам кунидир. Аллоҳ уни мусулмонлар учун (байрам) қилган. (Шундай экан,) ким жумага келса, ғусл қилсин. Агар унда хушбўй атир бўлса, ундан сепиб олсин. Мисвок билан тиш тозалашга ҳам маҳкам турсин”. Мазкур ҳадисни ибн Можа ўзининг китобида “Жума куни зийнатланиш” бобида келтирган ва бу ҳадисни саҳиҳ деган. Қизиғи шундаки, сохта салафийларнинг имоми Албоний мазкур ҳадисга зид фатво берган бўлса ҳам бу ҳадисни саҳиҳ деган. Ҳадисдан маълум бўладики жума кунини Аллоҳ таоло уммати Муҳаммадийя учун хос байрам куни қилиб белгилаган, шунга кўра кунни байрамона кайфиятда ўтказиш, ғусл қилиш, хушбўйликлар сепиш, тишларини тозалаш каби хурсандчилик кунларига хос ишлар жума кунида Ислом суннати ўлароқ йўлга қўйилган.

Яна, Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси жумадир! У куни Одам яралган, у куни жаннатга киритилган, у куни жаннатдан чиқарилган, қиёмат ҳам жума кунидадир”. Ҳадисда жума куни байрам дейилган бўлса ҳам, лекин улар (сохта салафийлар) “Қиёмат ҳам жума кунида бўлади, у кунда инсон қандай хурсанд бўлсин, қўрқинчли кун-ку”- дейишади. Ваҳоланки қиёмат кунининг мўминларга осон қилиб қўйилиши ҳақида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Нафсим қудрат қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта у кунни (қиёматни) мўминларга енгиллаштирилади, ҳатто бу дунёда ўқийдиган фарз намозидан ҳам енгил кетади”, деганлар.

Ибн Можа ва Байҳақийлар бу кун ҳақида қуйидагича ривоят қилишган:

إن يوم الجمعة سيد الايام و أعظمها عند الله .....

“Албатта, жума куни кунларнинг саййиди ва Аллоҳнинг наздида энг улуғидир...”. Бу ҳадислардан маълум бўладики ҳар бир мусулмон шахс учун жума кунини байрам сифатида ўтказиб, инсонлар бир-бирини шундай қувончли кун билан табриклаши жоиздир.

Шунингдек, умуман диний маълумотдан йироқ бўлган ёки саҳифаси фаҳш ва бекорчи хабарлар билан лиқ тўлган, ҳафта давомида умуман яхшиликлар эсланмайдиган, лекин жума кунлари “Жума муборак” деган хабарлар тарқатадиган канал ва гуруҳларнинг ҳам бу иши тўғри бўлмайди. Чунки инсонлар бу ҳолатда Жума куни шаънининг улуғлигини ҳис қилмай қўядилар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ғулувга кетиш ҳам, бепарво бўлиш ҳам ҳам тўғри бўлмайди, балки инсонлар бундай ўринларда мақбул бўлган ўртача йўлни тутиши лозим бўлади. Ҳар бир ишдаолтин ўрталикни топиши зарур.Зеро ВАСАТИЙЯ (ўрта йўл) ҳаёт йўлидир.

Салафийларга илмий раддия китоби асосида
Мир Араб олий мадрасаси 3-курс талабаси
Зиннура Наимова

. .