Ислом дини – мусулмонни илм олишга, маърифатли бўлишга тарғиб қилувчи дин. Башарият ҳамиша илм билан азиз бўлган.
Ҳамшаҳаримиз, ватандошимиз, буюк бобокалонимиз бўлган Абу Мансур ал-Мотурудий ҳазратлари имом Бухорий роҳматуллоҳи аълайҳ ҳазратлари вафот этган йилда бу киши дунёга келганлар.
Бу киши эътиқод масалаларимизда имомимиз бўладилар. Аҳли сунна вал жамоъа эътиқодини Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи ва салламнинг ҳадисларига мувофиқ белгилаб берган зотдирлар. Бу кишининг вафот этиб кетганларига неча минг йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам у кишининг ҳурматлари ҳамон чексиздир. Қанчадан-қанча ўлкалардан бу кишини зиёрат қилиш учун одамлар келади. У кишиларнинг қолдирган мерослари, китоблари ва асарлари ҳозирги кунга қадар бутун дунё мусулмонлари, хусусан, аҳли сунна вал-жамоъа эътиқодидаги тўғри эътиқоддаги инсонларни дастурул амаллари бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Ана шу маънода парвардигоримиз "сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилганларнинг даражалари улуғ бўлади" дея марҳамат қилган. Бу борада гаплашаётганлигимизнинг, бундай улуғ зотларимизни эслашимизнинг асосий сабаби шуки, чунки улар бизга машъала, йўлимизни ёритиб берувчи зотлар ва ибрат намоёндаларидир. Ҳаммамиз ҳам мўъмин-мусулмонмиз, ортимиздан вояга етиб келаётган ёш авлод фарзандларимиз бор, ана ўшаларни илмга ошно қилиб қўйишимиз керак.
Илмга қизиқтириб қўйишимиз керак. Уларни ҳар қандай йўллар билан илмга тарғиб этиб, илм аҳлларидан бўлишларига хизмат қилишлигимиз лозим бўлади. Халқимизда ажойиб бир мақол бор, "Оқар дарё яна оқади" дейди. Ана шундай улуғ зотларни катта олимларнинг давомийчилари, зурриётлари, авлодларимиз. Агар тўғри ҳаракат қилсак, албатта яна ана шундай улуғ зотлар чиқиши ва Аллоҳнинг марҳамати билан муқаррар бўлади. Расулимиз соллаллоҳу аълайҳи ва саллам айтдиларки, "умматларим ўқинглар-ўрганинглар олим бўлинглар. Ёки бўлмасам, ўрганувчи бўлинглар, толиби илм бўлинглар.
Ёки ўшаларни (олимларни) эшитадиган уларнинг панд-у насиҳатларига, мавиъзаи ҳасаналарига қулоқ солиб, шунга амал қилишликга ҳаракат қилинглар. Ёки ҳеч бўлмаса, шу илмли инсонларни яхши кўринглар, улар билан бирга бўлишга ҳаракат қилинглар. Зинҳор ва зинҳор бешинчиси бўлманглар, ҳалок бўласизлар," деб айтдилар. Мана шундан ҳам билинадики, ислом уммати олим бўлишликга интилиши керак. Ўзи олим бўлолмаган бўлса, Аллоҳ таъолодан илтижолар қилиб сўраб, фарзандларини, набираларини олим бўлишликлари учун шапоит қилиб бериши керак. Эринмаслик керак. Илм олиш ҳам осон эмас. Баъзилар айтадики, "бу ўқибди, олим бўлибди", деб қўяди. Лекин ўша илмни ўқиган инсонлар, уни эгаллаган инсонлар унинг машаққатининг нечоғли эканлиги улар биладилар. Олим бўлишни, халқимиз шунақа ўхшатиш қилиб, "нина билан қудуқ қазишга ўхшайди", дейди. Бу ўхшатишга қаранг, нина билан қудуқ қазиш, қанчалик машаққат. Муболағасиз ўхшатилган. Илм олиш, уни ёдлаш,уни мазмун моҳиятини англаб етиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш, бу ҳам ўта бир машаққатли ва мураккаб ҳолат бўлганлигидан кўпчилик бундан эринади ёки ярим йўлдан ҳафсаласи пир бўлиб ташлаб кетади. Ана шу машаққатларга чидаш ва шунга яраша тақво қилиш, илмни холис ўрганиш мана булар ўзини бир натижасини беради инша Аллоҳ. Шунда бир авлодда бир олим чиқади инша Аллоҳ.
Мир Араб олий мадрасаси талабаси