“Насхи Бухорий” хатини ким ихтиро қилган?
Muallif: . .
Sana: 20.01.2024
146

Манбаларда таъкидланишича, ёзувга ва китоб кўчиришга талаб ва эҳтиёжнинг ошиши туфайли ўтмишда Хуросон ва Мовароуннаҳрда бир неча хаттотлик мактаблари вужудга келган. Ҳирот, Бухоро, Хоразм, Фарғона (Қўқон), Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шулар жумласидан.

Улар орасида Бухоро хаттотлик мактаби алоҳида ажралиб туради. У XVI–XVII асрларда тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Машҳур хаттотлар етишиб чиқди. Буни бир жиҳатдан мазкур даврда Бухорода маданий ҳаёт маълум даражада ривожланиш пиллапоясига кўтарилгани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Айнан шу даврда Ҳирот хаттотлари ва мусаввирларидан бир қисми Бухорога келади. Пировардида Бухоронинг ўзига хос бўлган янгича китобат ва ҳуснихат санъати ривож топади.

XVI–XVII асрларда яшаб ижод этган Бухоро хаттотлари ўзига хос услуб яратдилар. Тарих саҳифаларида Мир Али Ҳиравий Фатҳободий, Мирзо Исматуллоҳ Мунший, Содиқ Мунший Жондорий, Мир Маъсум Бухорий, Аваз Бадалий Бухорий, Ҳожи Ёдгор, Домло Бобобек, Абдулмажид Махдум Бухорий, Субҳонқули, Муҳаммад Ризо Намадий, Мирзо Мавлон Бухорий, Абдуллоҳ Савдо, Абдулваҳҳобхўжа, Абдулқодирхўжа, Мирзо Муҳаммаджон, Мирзо Исъҳоқ каби зарринқалам соҳиблари – моҳир хаттотларнинг номлари тез-тез учраши бунинг ёрқин далилидир.

Ўша даврда Бухорода кўфий, сулс, ғубор, насх, настаълиқ хатлари жуда ривожланган. Шу жараёнда насх хати асосида “Насхи Бухорий”хати яратилади. У Мир Убайд Бухорий (вафоти 1601-й.) томонидан ихтиро қилинган. Бу хат насх хатидан кўра каттароқ (йирикроқ) бўлиб, жозибадорлиги ва мўъжизакорлиги билан ҳар қандай кишини ҳам ўзига мафтун этади.

Манбаларда айтилишича, Мир Убайд Бухорий Муҳаммад алайҳиссаломни тушида кўради. Пайғамбаримиз Мир Убайдга қалам ҳадя этадилар. Хаттот уйғонганида ҳадя этилган қалам қўлида турганини кўради. Ўша қалам билан ёза бошлаганида эса мўъжиза рўй бериб, янги хат услуби –“Мир Убайдий” вужудга келади ва бу хат “Насхи Бухорий” деб атала бошланади.

Бу хат тез орада Ўрта Осиё, шунингдек, Афғонистон шимолида кенг тарқалади. Мазкур хатда Қуръонни китобат қилиш бошланади. Қори Мир Файз Бухорий, Қори Абдулвоҳид Бухорий, Қори Аҳмад Бухорий, Мирзо Ҳошим Хўжандий, Муҳаммад Эрсорийлар “Насхи Бухорий” хатида Қуръон, “Далоил ул-хайрот”, “Фарзи айн” сингари китобларни, хутбаларни китобат қилганлар. Мир Убайд Бухорий эса шу тариқа ушбу хат ихтирочиси, моҳир хаттот сифатида тарихда қолди.

Абдулғафур РАЗЗОҚ,
Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси мударриси, хаттот

Манба muslim.uz

. .