​АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ КАЛОМИ МЎЪЖИЗА ЭКАНИГА ЯНА БИР ДАЛИЛ...
Muallif: . .
Sana: 03.05.2024
293

(2) الم (1) ذَلِكَ الْكِتَابُ لا رَيْبَ فِيهِ هُدىً لِلْمُتَّقِينَ

1.Алиф.лаам.Мийм.

2.Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир.

Араб тилида ذلك (ўша) сўзи узоқда бўлган нарсага ишора қилиш учун ишлатилади. Яқин нарсага ишора қилиш учун эса هذا (бу) сўзи ишлатилади.Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада ذلك сўзини танлаб ишлатди.Чунки ояти каримада “Бу китоб (Қуръон) да шак-шубҳа йўқ” дейиляпти. Яъни бу китоб шак-шубҳадан йироқда эканлигига далолат қилиш учун Аллоҳ таоло ушбу ذلك сўзини кейинги маъно(шак шубҳа йўқ) га боғлаб айтди. Ояти каримада Аллоҳ таоло ўзининг китоби шак-шубҳадан йироқ еканлигини ишора лафзи билан ҳам билдирияпти.

"إِنَّ هَٰذَا الْقُرْآنَ يَهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا"

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур”

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада эса ذلك эмас балки هذا сўзини ишлатди. Бу сўз эса юқорида айтилагинидек яқин нарсага ишора қилиш учун эди.Яъни ким Аллоҳнинг китобини ўзига яқин тутиб, Уни ўзига ҳамроҳ килиб юрса, албатта у китоб уни тўғри йўлга, ҳидоятга бошлайди. Юқорида зикр қилинган оятларда Аллоҳнинг китобига нисбатан икки хил ўринда икки хил лафз ишлатилиши Аллоҳнинг Каломи башарнинг каломига ўхшамаслиги, инсоният унга ўхшашини келтиришдан ожиз эканлиги , Аллоҳ таоло Ҳаким,унинг китоби (балоғат, фасоҳат) пур маъно билан тўла эканлигига далолатлар бор.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бежизга Қуръонни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мўъжизаларнинг энг буюги қилиб бермади. Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбарларига ўша қавм нимада моҳир, уста ёки ўша қавмда қайсидир соҳа ривожланган бўлса, шу ривожланган соҳада ўша қавмни ожиз қолдирувчи мўъжизаларни берган. Масалан, Ийсо алайҳиссалом замонларида табобатлик анча ривожланган бўлган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга ўзининг изни билан одамни қайта тирилтиришни , пес, мохов касалликларини тузатишларини катта мўъжиза қилиб берган.Чунки уша замондаги қавмлар бу нарсаларни қилишдан ожиз эди. Шунинг учун ҳам пайғамбарликни шартларидан бири унга мўъжиза берилишлигидир. Чунки инсонлар шундагина у пайғамбар Аллоҳ томонидан юборилган элчи эканига ишонадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганда эса арабларда шеърият, балоғат билан гапириш ҳатто гапининг таъсири билан сеҳрланиб қолиш мумкин эди. Аллоҳ таоло ўша вақтда башарият (инсоният) унга ўхшашини келтиришдан ожиз қолдирадиган, У китобни тушунган ҳар бир инсонни лол қолдирадиган ўзининг Каломини мўъжиза (ожиз қолдирувчи) қилиб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга инъом этди. Аллоҳ нақадар Ҳаким зотдир...

АЗИМЖОН ЯКУБОВ
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .