АЗИЗ УСТОЗЛАР!
Muallif: . .
Sana: 30.09.2024
33

Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога бе адад ва бе ҳад ҳамду санолар бўлсин. Уммат учун устоз бўлган Пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга дуруду салому салавотларимиз бўлсин.

Орамизда шундай зотлар борки, уларнинг яхшилигини ҳар қанча мукофот билан қайтариб бўлмайди. Устозлар, ўқитувчилар ва мураббийлар ана шундай эҳтиромга лойиқ инсонлардир. Динимиз ҳам одамлар орасига яхшилик уруғларини сочувчи устоз ва муаллимларга ҳар икки дунёда юқори мартабалар ваъда қилган.

Ҳақ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилишини баён қилиб, бундай дейди:

Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир. (Мужодала сураси 11-оят)

Аллоҳ таоло Олимларнинг нақадар омонатли ва тақволикларини таъкидлаб бундай дейди:

“Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”. (Фотир сураси 28-оят)

Мазкур ояти карималар, Аллоҳ таоло илм эгаллаган ва уни бошқаларга етказишда холис жиддий саъйи-ҳаракат қиладиган улуғ устозларнинг обрў-эътиборларини янада юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда.

Олимлик, устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат ўзларидан илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту саодатни қўлга киритибди”. Бу ҳадиси шарифни Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айни пайтда, ҳар йили 1 октябръ – “Устоз ва мураббийлар куни” байрам сифатида нишонланади. Аллоҳ таоло устоз мураббийларимизнинг машаққатли меҳнатлари, юрт равнақига қўшган ҳиссаларини даргоҳида қабул айласин. Уларнинг умрларини узун, амалларини солиҳ қилсин, шогирдлари ва фарзанлари ортидан доим раҳмат эшитишларини насиб айласин. Уларнинг хайрли ишлари давомли бўлишини насиб айласин. Омин.

Мир Араб олий мадраса талабаси
Бобоқулов Сайфиддин
. .