ОЛОВ ИЛА САЙҚАЛЛАНГАН ИЙМОН
Muallif: . .
Sana: 22.11.2024
35

بسم الله الرحمن الرحيم

Мен бугун сиз азизларимга иймони олов ила сайқалланган саҳоба ҳақида гапириб бермоқчиман. У кишининг исмлари Хаббоб ибн Аротт Таймий Хузоъийдир. Хаббоб ибн Аротт розияллоҳу анҳу Умму Анмор исмли аёлнинг қўлида қул эди. Хаббоб розияллоҳу анҳу қилич ясаш ва темирчилик хунарини ўрганиб Маккада энг моҳир ва машҳур қилич устаси бўлган. Имом Бовардий роҳимаҳуллоҳ, Хаббоб ибн Аротт розияллоҳу анҳу исломни қабул қилган олтинчи киши бўлган, ва исломни қабул қилганини биринчи ошкор қилган, шу сабабли кўп азобланган саҳоба бўлганини, айтган. Хаббоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга барча ғазотларда қатнашган.

У зот розияллоҳу анҳу кўп вақт ёлғиз қолиб жоҳилиятнинг чиркин зулматидан нурга чиқишни орзу қиларди. Бу нурни Хаббоб розияллоҳу анҳу Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларидан топди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган динлари ҳақ эканлигида бир-он ҳам тараддуд қилмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қўлларини тутиб, “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, ва ашҳаду аннака росулуллоҳ”, дея шаҳодат келтирди. Хаббобнинг жиҳоди мана шу он бошланган эди. Хаббобнинг жасорати иймонини яширишга изн бермаганди. Зеро, қалбдан чиққан тўфонни оғиз қалъаси тутолмас. Ушбу, машъум хабар бутун Маккани чўлғаб олди. Хусусан, бу ишдан Умму Анморнинг фиғони фалакка етди. У бир неча яқинларини йиғиб, Хаббобнинг олдига олиб борди. Улар Хаббобга таҳдид қилиб: “Сен диндан қайтиб, Бану Ҳошимдан бўлган Пайғамбарнинг хабарларини тасдиқлабсанми?”, дедилар. Хаббоб, хотиржамлик ила: “Мен диндан қайтганим йўқ, балки якка Аллоҳга ва У зотнинг бирон шериги йўқлигига имон келтирдим”, деган гаплари уларнинг қулоқ пардасини тебратишга улгурмай, ул бадбахтлар шу заҳоти Хаббобни уриб тепгилашни, оёқ остиларига олиб темир билан калтаклашни бошлаб юбордилар. Хаббоб розияллоҳу анҳу қип қизил қонга беланиб ерга юз-тубан бўлиб қулаган вақтида калтак тохтаган эди. Бу воқеадан бутун Қурайш даҳшатга тушиб қолди. Зеро, Хаббобдан аввал бирон киши мушриклар орасида исломини ошкор қилишга журъат қилмаган эди. Бу ҳолатдан таъсирланган бошқа мусулмонларҳам ўз иймонларини яширмайдиган бўлдилар. Ислмо то бора кенг ёйилаётганини кўрган Қурайш мушриклари Каъба ёнига тўпланиб, машварат қилдилар. Хулоса шу бўлдики, ҳар кимса ўз яқинларидан исломни қабул қилганини билса, уни бу йўлдан қайтариш учун қўлидан келганини қилишга келишиб олдилар.

Хаббобнинг ақлини киритиш Умму Анморнинг акаси Сибоъга юклатилди. У куннинг саратон пайтида, қуёш ерни ёндириб юборадиган даражада қизиб турган вақтида Хаббобни жазирамага олиб чиқиб унинг қип яланғоч баданига темир совутни кийдириб қўяр ва сув бермай бир неча кунлар азоблар эди. Қийноқ сўнги палласига етганида, Хаббобга: “Муҳаммад ҳақида кима дейсан?”, деб айтарди. У киши розияллоҳу анҳу: “У зот Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари ва бандаси. Бизни зулматдан нур сари етаклаш учун ҳақ динни келтирган”, деб, иймонда сабот ила турар эдилар. Бу жавобни олган Сибоъ жиғи бийрон бўлиб, қийноқни баттар кучайтирар эди. “Лот ва Уззо ҳақида нима дейсан?”, деган саволга: “Улар кар ва соқов, на фойдаси ва на зарари бор ҳайкаллар”, деган ҳақоратомус жавобни олган Сибоъ қайноқ тош билан Хаббобнинг орқасини куйдириб, у тошни елкадаги ёғлар эриб кетгунига қадар босиб турар эди. Умму Анморнинг ўзи ҳам акасидан қолишмас эди. Хаббобнинг ёнидан ўтиб қолса босқондан қизиб турган темирни олиб Хаббобнинг бошига босар эди. Бош тутаб, Хаббоб хушидан кетарди. Бу ўрнида Хаббоб Умму Анмор ва акаси Сибоъни ҳаққига бад дуо қилишдан нари ўтолмасди. Хаббоб розияллоҳу анҳу ўзлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга шундай ҳикоя қилиб берганлар: “Мушриклар ўтинга олов ёқиб уни қизиб турган кўмир даражасига келтирардилар ва мана шу кўмир устидан мени судраб ўтардилар. Кўмирнинг олови мени елкамдан оқиб тушган, эриган тернинг суви билан ўчарди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат хуш хабарини берганларида барча мусулмонлар қатори Хаббобҳам маккадан чиқишга тайёргарлик кўра бошлади. Хаббоб розияллоҳу анҳу ҳижрат қилишларидан аввал Аллоҳ таоло у кишининг Умму Анморнинг ҳаққига қилган бад дуоларини ижобат қилди. Умму Анморнинг боши қаттиқ оғрийдиган бўлиб қолди. Фарзандлари унинг дардига шифо қилириб, мурожаат қилмаган табиблари қолмади. Табиблар оғриётган бошни куйдуришдан бошқа йўл қолмаганини айтишди. Умму Анморнинг боши куйдурилганидаги оғриқ бош оғриғини эсдан чиқаришга мажбур қилар эди.

Ҳижрат Хаббоб ибн Аротт учун ёруғ кунларнинг нишонаси бўлди. Вақт ўтган сари мусулмонлари сони кўпаяр, ислом қувватга кириб борар эди. Мана шундай тарихий кунлардан бирида мусулмонлар мушрикларга қарши жанг қиладиган бўлдилар. Бу жанг тарихда “Бадр ғазоти” деб ном олган. Хаббоб розияллоҳу анҳу бу жангда энг аввалги сафни эгаллади. Хаббоб розиллоҳу анҳу бу даҳшатга тўлган жангда жон олиб, жон берар экан, қачонлардир аёвсиз қийноқларни бошига солган Сибоъга кўзи тушади. Сибоъ Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қўлидан аянчли ўлим топади.

Хаббоб розияллоҳу анҳунинг кун ўтган сари моллари кўпайиб борар эди. У зот розияллоҳу анҳу бойликлари сақланадиган жойга умрилари давомида бирон маротаба қулф илмаганлар. Кимга қанча керак бўлса бемалол келиб олиб кетарди. Лекин у кишининг бу саховатларига қарамай, Хаббоб розияллоҳу анҳу бу молнинг Аллоҳга ҳисобини беришдан хавотирда юрган. Хаббоб кейинчалик Куфага кўчиб ўтиб, ўша ерда ҳижрий 37-йили, 63 ёшда вафот топган. Имом Табарий роҳимаҳуллоҳ, бу киши Куфада биринчи дафн қилинган саҳоба эканлигини, айтган.

Сўзимни Али розияллоҳу анҳу, Сиффин воқеасидан қайтиб, Хаббоб розияллоҳу анҳунинг қабрини устида айтган гаплари ила якунламоқчиман: “Аллоҳ Хаббобни раҳматиган олган бўлсин. Ўз хоҳиши ила мусулмон бўлди, итот ила ҳижрат қилди, мужоҳид ҳолда ҳаёт кечирди”.


Маҳмуджон Мухторов,
Мир Араб олий мадрасаси
ҳадис фани ўқитувчиси

. .