РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҲАҚЛАРИДА ОЛДИНГИ КИТОБЛАРДА КЕЛГАН БАШОРАТЛАР ВА АҲЛИ КИТОБЛАРНИНГ БУ БОРАДАГИ СЎЗЛАРИ
Muallif: . .
Sana: 26.11.2024
34

Аҳли китоблардан бўлган яҳудий ва насронийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Таврот ва Инжилда зикр қилинмаган, деб даъво қиладилар. Шунинг учун у Зотни Пайғамбар деб тан олмайдилар. Чунки агар Пайғамбар бўлганида бошқа пайғамбар ва расуллар каби зикр қилинган бўлар эди дейдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Биз китоб берган кишилар (яҳудий ва масиҳийлар) уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар. Ва албатта, улардан бир гуруҳлари билиб туриб ҳақни беркитадилар” (Бақара сураси, 146-оят).

Инсон ўз боласини ҳаммадан яхши танийди. Чунки фарзанд унинг жигарбанди, унда ўзининг қони, табиати, ҳис-туйғулари ва бутун вужуди акс этган. Инсон ўз фарзандини хатто ҳидидан ҳам танийди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ана шу ҳақиқатга қиёсан зарбулмасал қилиб айтадики, “Биз китоб берган кишилар уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар”.

Чунки аҳли китобларга нозил бўлган Таврот ва Инжилда охир замон Пайғамбари ҳақида ойдин хабарлар келган. Бироқ, афсуски, улар ўз муқаддас китобларини ўзгартирдилар, ҳақиқатни яширдилар. Аммо қанчалик ўзгартириб, яширишга ҳаракат қилишмасин, барибир Ислом элчиси – охир замон пайғамбари ҳақидаги башоратлар Таврот ва Инжилда сақланиб қолди.

Келинг, ана шу башоратлардан бири ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Муҳаммад

Ислом пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад, Аҳмад, Мустафо ва шу каби муборак исм ва сифатлар билан танилганлар.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг исмларим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг оёқларим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман”, дедилар” (Бухорий ривоят қилган).

Муқаддас китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асл исмлари –Муҳаммад исми келганми? Табиийки, яҳудий ва масиҳийлар бу саволга бир овоздан “Йўқ” деб жавоб беришади. Аммо биз “Ҳа, келган” десак, ишонасизми?

Келинг, бир изланиб, баҳс юритиб кўрамиз.

Тавротда қуйидаги сатрларни ўқиймиз (тушунарлироқ бўлиши учун рус тилидаги таржима ҳам келтирилди): “Унинг овози жуда ширин, Ўзи эса ҳар жиҳатдан мафтункор. Эй Қуддус қизлари, мана шундай йигит Менинг севгилим, дўстимдир”. (Қўшиқ, боб 5/16)

Баҳс юритадиган сўзимиз – ажратиб кўрсатилган менинг севгилим сўзидир. Гап шундаки, бу сўз иврит тилида “муҳаммадим” деб талаффуз қилинади. Мусулмонлар гап ким ва нима ҳақида кетаётганлигини тушуниб бўлишди. Нафақат мусулмонлар, балки қайси динда бўлишидан қатъий назар Исломдан озгина бўлсада хабари бўлган, Ислом пайғамбарининг исми Муҳаммад эканини билган ҳар қандай киши бу иқтибоснинг ишорасини тушунди деб ўйлаймиз.

Аҳмад

“Ийсо ибн Мариям: “Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман”, деганини эсла”. (Саф сураси, 6-оят)

Бу оятларда Ийсо алайҳиссаломнинг башоратлари келтириляпти.

Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сиз учун фойдалидир. Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман. (Юҳанно 16/7)

Ажратиб кўрсатилган лафз Юпатувчи бу юнон тилида Параклетос (Paracletos), агар шу лафзни Периклутос (Pеriclytos) деб ўқилса айнан, Аҳмад лафзи вужудга келади.

Ўн тўққизинчи асрнинг ёрқин олимларидан, масиҳий Лоҳут илми устози профессор Девид Бинямин Килданий (Абдулаҳад Довуд Килдоний) ҳам бу башорат ислом пайғамбарига тегишлигини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб беради. Кўпгинасини эса авф қилади. Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан Нур ва ойдин Китоб келди” (Моида сураси, 15-оят).

Яҳудий ва масиҳийларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса – Аллоҳнинг охирги Пайғамбарининг соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда, у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракотни соллаллоҳу алайҳи васаллам масиҳийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло масиҳийлардан аҳд олган пайтида, у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Бу оятда уларга ўша аҳдномада айтилган Пайғамбар дарҳақиқат келганлигининг хабарини бериб туриб, у зотнинг аҳли китобларга қиладиган баъзи ишлари ҳам айтилмоқда. Ва яна Аллоҳ томонидан уларга “Нур” яъни “Ислом” ва «Китоб» яъни “Қуръон” келганини ҳам таъкидланмоқда.

Яҳудий ва масиҳийларнинг муқаддас китобларида охирзамон пайғамбарининг исми Аҳмад бўлиши ва у Ислом дини билан келиши очиқ ойдин зикр қилинган эди. Улар ўша ваъда қилинган пайғамбарни ва у ўзи билан олиб келадиган динни кутиб яшашарди. Қачонки Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини билан уларнинг ораларида зоҳир бўлганларида эса, аксарлари уни тан олишмади ва унинг динидан юз ўгиришди. Бу ҳам етмагандек муқаддас китобларидаги у ҳақидаги башоратларни беркитишди, йўқ қилишди ва бошқа маъноларга буриб таржима қилишди.

Алибеков Содиқжон,
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .