Кириш. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва турли интернет саҳифалари орқали мусулмонлар орасида ҳар хил адашган ғоялар тарқатилмоқда. Ана шундай хавфли оқимлардан бири ўзини «Қуръонийлар» деб атайдиган тоифадир. Улар: «Бизга фақат Қуръон кифоя, суннатга, мазҳабларга ва уламоларга эҳтиёж йўқ», деган шиорни илгари сурадилар. Ташқи кўринишда бу шиор Қуръонни улуғлашга чақирувдек кўриниши мумкин. Аммо унинг моҳиятига назар ташланса, у Ислом динининг асосларини емиришга қаратилган ғоя экани маълум бўлади. Чунки Қуръоннинг ўзи мусулмонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга, аҳли илмга мурожаат қилишга ва динни уммат уламолари тушунганидек тушунишга буюрган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бу фитнанинг ҳақиқий моҳиятини англаб олиши лозим. Исломда ҳақиқатнинг мезони нима? Исломда ҳақиқатнинг мезони машҳурлик, аудиториянинг кўплиги ёки мунозарада овозни баланд чиқариш эмас. Ҳақиқатнинг мезони — Аллоҳнинг китоби, Расулининг суннати ва умматнинг муҳаққиқ уламолари тушунчасидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ﴿فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴾
«Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранглар». (Наҳл сураси, 43-оят).
Агар ҳар бир инсон Қуръонни мустақил ўқиб, ўзи хоҳлаган маънони чиқариши мумкин бўлганида эди, Аллоҳ таоло аҳли илмдан сўрашни буюрмаган бўлар эди. Шунинг учун аҳли сунна вал-жамоа наздида савол: «Фалончи нима деди?» эмас, балки: «Бу масалани умматнинг муҳаққиқ уламолари қандай тушунган?» деган саволдир. Қуръоннинг ўзи суннатга эргашишни буюради. «Қуръон бизга кифоя» деган даъво Қуръоннинг ўзига зиддир.
Аллоҳ таоло шундай дейди: ﴿وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا﴾
«Пайғамбар сизларга нима берса, уни олинглар. Нимадан қайтарса, ундан қайтинглар». (Ҳашр сураси, 7-оят).
Яна марҳамат қилади: ﴿مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ﴾
«Ким Расулга итоат қилса, бас, Аллоҳга итоат қилибди». (Нисо сураси, 80-оят).
Шунингдек: ﴿فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ﴾
«Йўқ! Роббингга қасамки, улар ўзаро чиққан низоларда Сизни ҳакам қилмагунларича мўмин бўлолмайдилар». (Нисо сураси, 65-оят).
Бу оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳам шариатда мустақил ҳужжат эканини очиқ исботлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифалари фақат Қуръонни етказиш эмас эди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ﴿وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ﴾
«Биз Сизга Зикрни (Қуръонни) одамларга уларга нозил қилинган нарсани баён қилиб беришингиз учун нозил қилдик». (Наҳл сураси, 44-оят).
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифалари фақат Қуръонни етказиш эмас, балки уни шарҳлаш, тушунтириш ва амалда қандай татбиқ этилишини кўрсатиб бериш ҳам бўлган.
Шунинг учун суннатни рад этиш аслида Қуръоннинг ушбу кўрсатмасини ҳам рад этиш ҳисобланади.
Суннатсиз Исломни амалга ошириш мумкинми? «Фақат Қуръонга эргашамиз» деган кишидан қуйидаги саволларни сўраш мумкин:
Бомдод намози неча ракат?
Пешин намози неча ракат?
Намознинг тартиби қандай?
Закот нисоби қанча?
Ҳаж ибодати қайси амаллардан иборат?
Рамазон рўзасини нима бузади?
Бу саволларнинг бирортасига Қуръоннинг ўзидан тафсилотли жавоб топиб бўлмайди.
Қуръонда намоз ҳақида: ﴿وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ﴾
«Намозни тўкис адо этинглар».
деб буюрилган. Аммо унинг қандай ўқилиши суннат орқали баён қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «صَلُّوا كَمَا رَأَيْتُمُونِي أُصَلِّي»
«Мени қандай намоз ўқиётганимни кўрган бўлсангиз, шундай намоз ўқинглар», деганлар.
Агар суннат бўлмаганда, мусулмонлар намозни қандай адо этишни ҳам билмаган бўлар эдилар. Бошқа иболатлар ҳам худди шундай. Ислом шариати ҳар бир замон ва макон учун салоҳиятлидир.
Ислом Қиёматгача барча инсонлар учун юборилган мукаммал диндир.
Ҳар бир даврда янги масалалар, янги муносабатлар ва янги муаммолар пайдо бўлади. Замонавий тиббиёт, банк-молия тизими, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, электрон савдо ва бошқа кўплаб соҳаларда юзага келаётган масалалар Қуръон ва ҳадисларда номма-ном зикр қилинмаган. Бироқ бу уларнинг шаръий ҳукми йўқ дегани эмас. Қуръон ва суннатда очиқ зикр қилинмаган масалаларга шариат ижмоъ, қиёс, истиҳсон, урф ва бошқа шаръий усуллар орқали ечим тақдим этади. Бу ишни ҳар қандай инсон эмас, балки ижтиҳод даражасига етган мужтаҳид уламолар амалга оширганлар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа мужтаҳидлар Қуръон ва суннатдан ҳукм чиқариш қоидаларини белгилаб берганлар. Уларнинг издошлари эса мазкур ҳукмларни тартибга солиб, мусулмонлар амал қилиши учун қулай шаклга келтирганлар. Бу эса Ислом динининг ҳар бир замон ва макон учун салоҳиятли, ҳаётнинг барча соҳаларига ечим бера оладиган мукаммал дин эканини кўрсатади. Ижмоъ ва қиёсни ҳам Қуръон тасдиқлайди
Аллоҳ таоло шундай дейди: ﴿وَمَنْ يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَىٰ وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ﴾ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّى﴾
«Ким ҳидоят унга аниқ бўлганидан кейин Расулга қарши чиқса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга эргашса, уни ўзи бурилган томонга буриб қўямиз ва уни жаҳаннамга киритамиз, у қандай ҳам ёмон жой». (Нисо сураси, 115-оят).
Уламолар ушбу оятни уммат ижмоъининг ҳужжат эканига далил сифатида келтирганлар. Қиёс эса саҳобалар давридан бошлаб амал қилиб келинган усул бўлиб, янги юзага келган масалаларни Қуръон ва суннатдаги асосларга таққослаш орқали ҳукм чиқаришдир. Агар ижмоъ ва қиёс қабул қилинмаса, ҳар бир замонда пайдо бўладиган минглаб янги масалаларнинг шаръий ечими ҳам йўқолиб кетади. Демак, бу далилларни инкор қилиш динни "чўлоқ" қилиш учун ӯйлаб топилган фитнадир. Тарихдаги барча бидъатчилар ҳам Қуръондан далил келтирган. Тарихга назар ташласак, адашган фирқаларнинг барчаси Қуръондан далил келтирганини кўрамиз. Хаворижлар ҳам Қуръон ўқиганлар. Муътазила ҳам Қуръондан далил келтирган. Мужассима ҳам Қуръондан далил келтирган. Бироқ уларнинг барчасидаги умумий хато шу бўлганки, улар Қуръонни саҳобалар, тобеинлар ва уммат уламоларининг тушунчасидан ажратиб олганлар ва айрича талқин қилганлар. Бугунги «Қуръонийлар» (бесуннатлар)нинг ҳам асосий адашуви айнан шу нуқтададир.
Қуръонийликнинг ҳақиқий натижаси нима?
Бугун ўзларини «Қуръонийлар» деб атайдиган тоифа ташқи кўринишда:
«Биз фақат Қуръонга эргашамиз»
деган шиорни илгари суради.
Лекин бу даъвонинг амалий натижаси:
суннатни инкор қилиш;
саҳобалар тушунчасини инкор қилиш;
мужтаҳид уламоларни инкор қилиш;
ижмоъни инкор қилиш;
қиёсни инкор қилиш;
умматнинг ўн тўрт асрлик илм меросини инкор қилишдан иборатдир.
Биринчидан, бу фикр Қуръондаги кўплаб буйруқларни амалга оширишни имконсиз қилиб қўяди.
Иккинчидан, Исломнинг ҳар бир замон ва маконда инсон ҳаётида учрайдиган барча масалаларга ечим бера оладиган мукаммал дин эканлигини йўққа чиқаради.
Учинчидан, ҳар ким Қуръонни ўз ақлига кўра талқин қилишни бошлайди. Бу эса охир-оқибат диннинг парчаланишига олиб келади.
Шунинг учун «Қуръон бизга кифоя» деган шиор аслида Қуръонни суннатдан, суннатни уламолардан ва уламоларни умматнинг илм меросидан ажратиб қўйишга хизмат қилади.
Афсуски, уларнинг ҳақиқий мақсадларини англамаган айрим содда мусулмонлар мазкур шиорнинг ташқи жозибасига алданиб қолмоқдалар.
Хулоса:
Ҳар бир мусулмон яхши билиши лозимки, Аллоҳ таоло бизга Ӯз динини Қуръон орқали; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари орқали; Саҳобалар ва салафи солиҳин тушунчаси орқали; Муҳаққиқ уламоларнинг ижтиҳодлари орқали етказган. Шунинг учун мусулмон киши: «Фалончи нима деди?» деган саволдан аввал: «Бу масалани умматнинг муҳаққиқ, мазҳаб уламолари қандай тушунтирган?» деган саволни бериши лозим. Бугун ўзини «Қуръоний» деб атаётган тоифаларнинг даъволарига алданмаслик, аҳли сунна вал-жамоа ақидасини ўрганиш, ишончли уламоларнинг асарларига ва сӯзларига мурожаат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон ва суннатни саҳобалар, тобеинлар ва аҳли сунна уламолари тушунганидек тушуниш неъмати билан ризқлантирсин. Омин.
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси Асрорхон Махмудов тайёрлади.
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
