Ой юзингга жон билакол бандаман,
Меҳри равшан дилбеки то бандаман.
Кўргали юзинг гулистоним кўзим,
Завқ бирла кўз кутар хандоман.
Пой бўсунг даст бергали манга,
Топтим эй жон давлати пойандаман.
Жонни бердим бир йўли йўлингдаман,
Ишқинг ила то қиёмат зиндаман.
Мен сенга жон бирла ошиқман вале,
Сен нигоро қайдасан, ман қайдаман?
Сен шаҳаншоҳи замонсан ҳусн ила,
Хофизи бечорадек ман бандаман.
Шарқ мумтоз адабиётида ишқий ва ирфоний ғазаллар алоҳида ўрин тутади. Бундай асарларда ошиқ ва маъшуқ тимсоллари орқали инсоннинг Яратганга бўлган муҳаббати, Унинг ризоси ва қурбатига интилиши ифода этилади. Юқоридаги «Бандаман» ғазали ҳам ана шундай маънавий мазмунга эга асарлардан бири ҳисобланади.
Ғазал охирида келган «Хофизи бечорадек ман бандаман» мисраси унинг Ҳофиз Шерозий номи билан боғлиқлик эҳтимолини кўрсатади. Гарчи шеър таркибидаги баъзи мисралар халқона талқин ва ижро жараёнида муайян ўзгаришларга учраган бўлса-да, ундаги асосий ғоя — муҳаббат, убудият, тавозе ва Илоҳий жамолга интилишдир.
Қуйидаги шарҳ ғазалнинг ирфоний-тарбиявий талқини бўлиб, лафзларнинг гоҳида очиқ, гоҳида ишоравий далолатларидан келиб чиққан ҳолда имкон қадар ӯша улуғ зотларнинг юксак мақомларига муносиб маъноларда изоҳлашга ҳаракат қилинди.
Байтма-байт шарҳ:
— Ой юзингга жон билакол бандаман
Сенинг ойдек гўзал юзингга жоним билан боғланганман, муҳаббатинг асириман.
Тасаввуфда «юз» ёки «рухсор» кўпинча Илоҳий жамолнинг рамзи сифатида қўлланади. Аллоҳ таолонинг Зоти бу фоний дунёда кўз билан кўрилмайди. Бу улуғ неъмат охиратда жаннат аҳли учун зиёда мукофот сифатида ато этилади. Мўминлар Аллоҳ таолони кайфиятсиз, суратсиз, маконсиз ва масофасиз ҳолда кўрадилар.
Бироқ бу дунёда ҳам Унинг қудрати, ҳикмати ва раҳмати асарлари орқали Илоҳий жамол намоён бўлиб туради. Борлиққа тафаккур назари билан қараган шоир, яратилган ҳар бир нарса ортида Яратувчининг камоли ва жамолини мушоҳада қилиб:
«Мен Сенинг жамолингга маҳлиёман, Сенинг бандангман», деган маънони ифода этади.
Бу ерда «бандаман» сўзи алоҳида аҳамиятга эга. Чунки тасаввуфнинг энг олий мақоми ҳам убудият — Аллоҳга комил бандаликдир. Аҳли сунна уламолари наздида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун энг улуғ васфлардан бири:
عبده ورسوله
«Унинг (Аллоҳнинг) бандаси ва элчисидир», деб таърифланишларидир.
— Меҳри равшан дилбеки то бандаман
Сенинг порлоқ муҳаббатинг туфайли қалбим бутунлай таслим бўлган.
Бу ердаги «меҳр» Илоҳий муҳаббат маъносида келган.
Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига сазовор бӯладиган зотлар ҳақида:
يُحِبُّهُمْ وَيُحِبُّونَهُ
«Аллоҳ уларни яхши кўради, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрадилар» (Моида, 54), деб марҳамат қилинган.
Солик қалбига Роббисининг муҳаббати жойлашгач, у нафс ва ҳавойи хоҳишлар қуллигидан халос бўлади. Натижада Аллоҳнинг буйруқларига муҳаббат ва розилик билан итоат қилувчи, қайтариқларидан ихлос билан тийилувчи ҳақиқий бандага айланади. Муҳаббатнинг ҳақиқий далили ҳам шу — маҳбубнинг амрини нафсоний истакларидан устун қўйишдир.
— Кўргали юзинг гулистоним кўзим
Кўзларим сенинг гулистондек жамолингни кўриш учун интизор.
Тасаввуфда бутун коинот Илоҳий жамолнинг ойнаси сифатида қаралади. Шу боис ориф инсон борлиқдаги ҳар бир гўзаллик ва ажойиботда Аллоҳ таолонинг қудрати, ҳикмати ва раҳматини мушоҳада қилади. Баъзи сўфийлар бу ҳолатни «мушоҳада» мақоми деб атаганлар. Яъни, кўз моддий суратларни кўрса ҳам, қалб улар орқали Яратувчининг мутлақ камоли ва жамолига йўналади. Шу сабабли шоирнинг кўзи ҳар қандай гўзаллик ортида Илоҳий жамолни излайди.
— Завқ бирла кўз кутар хандоман
Сени кўриш умидида кўзларим қувонч ва иштиёқ билан интизор бўлиб турибди.
Бу байтда тасаввуфдаги «шавқ» мақоми ифода этилган. Имом Қушайрий раҳимаҳуллоҳ шавқни «маҳбубга етишиш учун қалбда пайдо бўладиган кучли интилиш» деб таърифлайди.
Аҳли сунна ақидасига кўра, бу интилиш жисмоний учрашув маъносида эмас. Чунки Аллоҳ таоло жисмликдан, макон ва масофадан покдир. Балки шавқ — Аллоҳнинг ризоси, қурбати ва жаннатда Унинг жамолини кўриш неъматига мушарраф бўлиш орзусидир.
Қуръони каримда:
مَنْ كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ اللَّهِ فَإِنَّ أَجَلَ اللَّهِ لَآتٍ
«Ким Аллоҳ билан учрашишни умид қилса, бас, албатта Аллоҳ белгилаган вақт келувчидир» (Анкабут, 5), деб марҳамат қилинган.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ бу оятдаги «лиқоуллоҳ»ни жисмоний яқинлашиш эмас, балки Аллоҳ ваъда қилган ҳолатга етишиш маъносида шарҳлайди.
Мана шундай шавққа тўлган банда ўзини доимо Роббисининг ризосига муносиб ҳолда сақлашга ҳаракат қилади.
— Пой бўсунг даст бергали манга
Агар менга лутф қилиб қўл узатсанг...
Бу ердаги «қўл бериш» ибораси рамзий маънода бўлиб, тавфиқ бериш, ҳидоят қилиш ва илоҳий мадад ато этиш маъноларини англатади.
Қуръони каримда Шуайб алайҳиссалом тилларидан:
وَمَا تَوْفِيقِي إِلَّا بِاللَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَإِلَيْهِ أُنِيبُ
«Муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унга таваккул қилдим ва Унгагина қайтаман» (Ҳуд, 88), деб ҳикоя қилинади.
Солик ўз кучи ва тадбирига эмас, балки Аллоҳнинг фазли ва тавфиқига таянади. Чунки ҳар қандай хайрли амал ва ҳар қандай маънавий юксалишнинг ҳақиқий манбаи ҳам Аллоҳнинг мадади ҳисобланади.
— Топтим эй жон давлати пойандаман
Агар бу лутфга мушарраф бўлсам, мангу давлат ва саодатга эришган бўламан.
Бу ердаги «давлат» дунёвий бойлик ёки мансаб маъносида эмас. Тасаввуф адабиётида давлат деганда маърифатуллоҳ, Аллоҳнинг ризоси, Унинг тоатида собитқадамлик ва охиратдаги абадий саодат назарда тутилади.
Шу боис ориф банда абадий бахту саодатга эришиш учун ҳамиша Аллоҳнинг тавфиқини сӯраб боради.
— Жонни бердим бир йўли йўлингдаман
Сенинг йўлингда жонимни ҳам фидо қилдим.
Бу байт банданинг сидқи ва ихлосини ифода этади. Яъни у Роббисининг ризоси учун ўз нафси, ҳавойи хоҳишлари ва дунёвий манфаатларини қурбон қилишга тайёр эканини баён қилмоқда.
Аҳли сунна тасаввуфида бу ҳолат нафс билан мужоҳада қилиш, уни тарбиялаш ва Аллоҳнинг амрини ўз хоҳишидан устун қўйиш маъносида тушунилади.
— Ишқинг ила то қиёмат зиндаман
Менинг ҳаётимга маъно бериб турган нарса — Сенинг муҳаббатингдир.
Мўминнинг ҳақиқий ҳаёти қалб ҳаётидир. Қалб Аллоҳнинг зикри ва муҳаббати билан тирик ва ҳотиржам бўлади. Шу маънода шоир ҳам муҳаббатсиз ҳаётни ҳақиқий ҳаёт деб билмайди. Роббисининг муҳаббати билан яшаган қалб эса шунчаки ўлмайди, балки имон ва маърифат билан камол топади, вафотидан сўнг ҳам Роббисининг ҳузурида барҳаёт бўлиб, Унинг нозу неъматлари билан ризқланади.
— Мен сенга жон бирла ошиқман вале,
Сен нигоро қайдасан, ман қайдаман?
Мен бутун вужудим билан ошиқман, лекин Сен қайдасану мен қайдаман? Яъни, сенинг мақоминг буюк, мен эса ожизман.
Бу байтда орифнинг ўз ожизлигини эътироф этиши ва юксак тавозеси намоён бўлади. Демак, қалбдаги муҳаббат қанча кучайса, инсон ўзининг нуқсон ва ожизлигини шунча кўпроқ ҳис қилади. У ўзини маҳбубнинг фазли олдида ҳеч нарса деб билади. Бу ҳолат кибр ва ғурурнинг эмас, балки маърифат ва камолотнинг белгисидир. Зеро, инсон Роббисини қанча яхши таниса, ўзининг муҳтожлиги ва ожизлигини шунча равшанроқ англайди. Кейинги байт ҳам айни шу ҳақиқатни исботлайди.
— Сен шаҳаншоҳи замонсан ҳусн ила
Сен ҳусн, камол ва жамол соҳиби бўлган мутлақ подшоҳсан.
Барча гўзалликлар, барча камолотлар ва барча фазилатлар аслида Аллоҳ таолонинг комиллик сифатларидан бир шуъладир.
Қуръони каримда:
لِمَنِ الْمُلْكُ الْيَوْمَ ۖ لِلَّهِ الْوَاحِدِ الْقَهَّارِ
«Бугун мулк кимники? Ягона ва Қаҳҳор Аллоҳники» (Ғофир, 16), деб марҳамат қилинган.
Шоир барча ҳусн ва камол манбаи ягона Аллоҳ эканини эътироф қилиб, ўзини Унинг ҳузурида мутлақ муҳтож банда сифатида кўрмоқда.
— Хофизи бечорадек ман бандаман
Мен эса Ҳофиз каби бир ожиз бандаман.
Ғазалнинг хулосаси айнан шу мисрада мужассам. Шоир муҳаббат сафарининг охирида на мақом даъвосига, на каромат даъвосига, на илму маърифат билан фахрланишга мурожаат қилади. Балки бор-йўғи бир ҳақиқатни эътироф этади: «Мен бандаман».
Аҳли сунна вал-жамоа таълимотига кўра ҳам инсон учун энг юксак шараф — Аллоҳга комил бандалик мақомидир. Муҳаббатнинг энг олий самараси эса банданинг ўз Роббисига муҳтожлигини англаб, Унинг ҳузурида камтар, муте ва ихлосли бўлиб яшашидир.
Шу маънода мазкур ғазалнинг марказий ғояси қуйидагича ифодаланиши мумкин: Ҳақиқий муҳаббат инсонни даъволарга эмас, балки убудиятга олиб боради; мақтанишга эмас, балки тавозега етаклайди; ўзини улуғлашга эмас, балки Роббисининг улуғлигини англаб, Унинг амрини бажаришга ундайди.
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси
Асрорхон Махмудов тайёрлади.
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
