САОДАТЛИ УМРНИНГ ПОЙДЕВОРИ
Muallif: . .
Sana: 08.07.2026
14

Нега айрим ёшлар ҳаётнинг энг гўзал палласида ҳам безовта, тушкун ва мақсадсиз яшайди? Нега бошқалари эса қийинчиликлар ичида ҳам хотиржам, иродали ва бахтли бўлади?

Бунинг жавоби бойликда ҳам эмас, ташқи муҳитда ҳам эмас. Жавоб инсоннинг қалбида. Ёшлик — ғайрат, орзу ва куч-қувват жамланган даврдир. Аммо шу билан бирга, нафс ва шаҳват ҳам айнан шу даврда энг кучли тус олади. Агар бу кучларни бошқарадиган иймон ва мустаҳкам ақида бўлмаса, ёш қалб турли ҳавойи нафслар, васвасалар ва сохта орзулар қуршовида қолиб зое бўлади.

Бугунги дунё ёшларга шундай хитоб қилмоқда: «Истаганингни ҳозир ол! Ҳеч бир истагингни кечиктирма! Лаззатланиш — бахтнинг айни ўзи!» Аммо бу ҳаётнинг асли бошқача ҳақиқатни кўрсатмоқда: нафс ортидан чексиз югурган инсоннинг хоҳишлари камаймайди, аксинча, янада ортиб боради. Қалби эса тобора бўшаб, руҳи чарчайди. Чунки нафсни қондиришнинг чегараси йўқ. Шундай экан, нафсоний истакларга эргашиш инсонни бу дунёда ҳам, охиратдаги абадий ҳаётда ҳам ҳақиқий бахтдан узоқлаштиради холос. Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақиқатни жуда чуқур таъкидлайди: инсонни ҳалокатга етаклайдиган нарса шаҳватнинг мавжудлиги эмас, балки уни тарбиялайдиган иймон ва ақиданинг йўқлигидир. Ҳақиқий тарбия инсонни нафсдан маҳрум қилмайди. Балки унга нафсни бошқаришни ўргатади. Ислом ёшларга ҳаётдан воз кечишни эмас, балки ҳаётда тўғри яшашни таълим беради. У инсонга: яхшиликни орзу қил, илм ол, касбу ҳунар ӯрган, меҳнат қил, оила қур, бахтли бўл, лекин барчасини Аллоҳ рози бўладиган йўл билан амалга ошир, шунда ҳақиқий саодатга эришасан, дея уқтиради.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Ким мўмин бўлган ҳолида яхши амал қилса — эркак бўладими ёки аёлми — Биз унга албатта покиза ҳаёт бахш этамиз ва уларни қилган амалларининг энг гўзалига кўра мукофотлаймиз.» (Наҳл сураси, 97-оят). Бу оятдаги «ҳаёти тоййиба» — покиза ҳаёт фақат моддий фаровонлик эмас. У — қалб осойишталиги, виждон сокинлиги, мақсадли ҳаёт ва Аллоҳнинг розилигига эришиш бахтидир.

Шайх Бутий раҳимаҳуллоҳ ўз ҳаётлари ҳақида сўзлар экан, ўсмирлик даврида нафс уйғонган паллада қалбларини сақлаб қолган энг катта омил — болаликдан берилган иймон тарбияси бўлганини айтадилар. У зот биринчи марта балоғатга етганларини ҳис қилганларида, кўзларидан ёш чиққанини эслайдилар. Нега? Чунки энди ҳар бир сўзи ва ҳар бир амали учун Аллоҳ таоло олдида жавоб бериш масъулиятини бутун вужудлари билан ҳис қилган эдилар. Бу — иймон тарбиясининг инсон қалбига берган буюк самарасидир.
Ҳақиқий муваффақият нафснинг ҳар бир истагини амалга ошириш эмас. Ҳақиқий муваффақият — нафсни Аллоҳнинг амрига бўйсундиришдир. Ҳақиқий эркинлик нафсоний хоҳишларга эргашишда эмас, балки уларни тӯғри бошқара билишдадир. Ҳақиқий куч бошқаларни енгишда эмас, балки инсоннинг ўз нафсини енгишидадир. Ана шунда инсон том маънода сакинат ва хотиржамликни қӯлга киритади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни Арш соясида паноҳ топадиган бахтли инсонлар қаторида «Аллоҳнинг ибодатида ўсиб-улғайган ёш»ни алоҳида тилга олганлари бежиз эмас. Чунки ёшликда қурилган иймон пойдевори бутун бошли умр биносини мустаҳкамлайди.

Азиз ёшлар! Бугун қалбингизга нимани жойласангиз, эртанги ҳаётингиз шунга айланади. Агар қалбингизга Қуръонни, илмни, ибодатни ва солиҳ амалларни жойласангиз, Аллоҳ таоло ундан хотиржамлик ва саодатни ундиради. Аммо уни ҳавойи нафс, беҳуда машғулотлар ва ўткинчи лаззатлар билан тўлдирсангиз, қалб ҳеч қачон ҳақиқий оромни топмайди. Шунинг учун ёшлигимизнинг энг катта сармояси ташқи кўринишимиз, мол-мулкимиз ёки машҳурлигимиз эмас. Энг катта сармоямиз — соғлом ақида, мустаҳкам иймон ва гўзал ахлоқдир.

Аллоҳ таоло барчамизга қалбларимизни иймон нури билан мунаввар қилишни, нафсимизни Ўзининг итоатига бўйсундиришни ва ёшлигимизни илм, тақво ҳамда солиҳ амаллар билан безашни насиб этсин. Омин ё Роббал оламин.

Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси
Асрорхон Махмудов тайёрлади.
. .