УМР — ҚАЙТА БЕРИЛМАЙДИГАН НЕЪМАТ
Muallif: . .
Sana: 15.08.2026
12

Инсонга берилган энг буюк неъматлардан бири — умрдир.

Мол-мулк йўқолса, уни қайта топиш мумкин. Аммо ўтиб кетган бир лаҳзани ҳам қайтариб бўлмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ икки буюк неъмат ҳақида шундай деганлар: «Икки неъмат борки, кўп инсонлар уларнинг қадрига етмайдилар: соғлиқ ва бўш вақт» (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло бизга умрни ана шундай омонат қилиб берди. Ҳар бир кун, ҳар бир соат, ҳатто ҳар бир нафас — қайтиб келмайдиган бир марталик имкониятдир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло:
وَالْعَصْرِ ۝ إِنَّ الْإِنسَانَ لَفِي خُسْرٍ «Асрга қасамки, албатта, инсон зиёндадир...» (Аср сураси, 1–2) деб қасам ичган. Нега инсоннинг зиёнда экани вақт билан қасам ичиш орқали таъкидланди? Чунки инсоннинг энг катта капитали — унинг умридир. Умр ўтиши билан инсоннинг энг қиммат бойлиги ҳам камайиб боради. Фақат, иймон асосида солиҳ амаллар қилиш, ӯзаро бир-бирини ҳаққа чорлаш ва сабрга чорлаш билангина бу зиёндан қутилиш мумкинлиги мазкур сура давомида баён қилинган. Бугунги кун кечага айланади. Бугунги соат ўтиб кетади. Бир лаҳза аввал бизники бўлган вақт энди хотирага айланади. Шунинг учун мўмин киши баъзан тўхтаб, ўзидан сўраши керак:
«Менга берилган бугунги умрни нималарга сарфлаяпман?»

Бугун ҳаётимизга кириб келган телефон — катта неъмат. У орқали Қуръон ўқиймиз, илм ўрганамиз, уламоларнинг дарсларини тинглаймиз, яқинларимиз билан алоқада бўламиз, керакли маълумотларни оламиз. Демак, муаммо телефоннинг ўзида эмас. Муаммо — телефон бизнинг вақтимизни бошқара бошлаганида.

Бир неча дақиқа деб очилган телефон ярим соатга, бир соатга, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақтга айланиб кетади: бир хабар, бир видео. Яна бир видео. Яна бир янгилик. Яна бир сурат... Шундай қилиб, инсоннинг энг қиммат бойлиги — умри — сезилмай сарф бўлиб кетади. Баъзан инсон телефондан фойдаланганини эмас, телефон унинг вақтини қандай олиб қўйганини кейинроқ англайди. Шунинг учун телефон қўлимизда бўлсин, аммо умримизнинг эгаси телефон бўлиб қолмасин.

Мўмин учун вақтнинг энг улуғ сарфларидан бири — Аллоҳ таолони зикр қилишдир.

Аллоҳ таоло:


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا ۝ وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Эртаю кеч Уни поклаб тасбеҳ айтинглар» (Аҳзоб сураси, 41–42) деб буюрган.

Эътибор берсак, Аллоҳ таоло «зикр қилинглар» дебгина қўймади, балки:
ذِكْرًا كَثِيرًا — кўп зикрга деб буюрди. Зикрнинг фазилати шунчалик буюкки,

Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳивасаллам: «Сабақол-муфарридун» —«Муфарридунлар ўзиб кетдилар», деганлар. Саҳобалар: «Муфарридунлар кимлар?» — деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳивасаллам: «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар», деб жавоб берганлар (Имом Муслим ривояти). Демак, Аллоҳни кўп зикр қилиш — оддий бир қўшимча амал эмас. У инсонни яхшиликда ўзиб кетишига сабаб бўладиган улуғ ибодатдир.

Зикрнинг қадрини янада таъсирли кўрсатадиган бир ривоят бор. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: «Жаннат аҳли дунёда Аллоҳни зикр қилмасдан ўтказган бир соатидан бошқасига надомат қилмайди». Бу ривоятни Табароний, Байҳақий ва Ибнус-Сунний каби муҳаддислар ҳадис тӯпламларида келтирганлар. Унинг маъноси эса жуда таъсирли: инсон жаннатга кириб, Аллоҳнинг раҳматига эришганидан кейин ҳам дунёдаги ҳар бир лаҳзанинг қадрини янада чуқур англайди. Қайси вақтда зикр қилди — фойдаси ўзиники. Қайси вақтда Қуръон ўқиди — фойдаси ўзиники. Қайси вақтда истиғфор айтди — фойдаси ўзиники. Аммо қайси лаҳзани беҳуда ўтказди — у мана шу лаҳза учун пушаймон бӯлади. Лекин, энди кеч, бу лаҳза қайтиб берилмайди. Демак, банда бу лаҳзадан тӯғри фойдалана олмади ва зиён кўрди. Шу маънода салафлар вақтга жуда катта аҳамият берганлар. Чунки улар инсоннинг ҳақиқий бойлиги — унинг умри эканини яхши англаганлар.

Қуръони каримда мунофиқларнинг сифатлари баён қилинар экан, Аллоҳ таоло:
إِنَّ الْمُنَافِقِينَ يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَهُوَ خَادِعُهُمْ وَإِذَا قَامُوا إِلَى الصَّلَاةِ قَامُوا كُسَالَىٰ يُرَاءُونَ النَّاسَ وَلَا يَذْكُرُونَ اللَّهَ إِلَّا قَلِيلًا

«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, У уларни алдайди. Улар намозга турсалар, дангасалик билан турадилар, одамларга риё қиладилар ва Аллоҳни жуда оз эслайдилар» (Нисо сураси, 142-оят).
Бу оятни нотўғри тушунишдан эҳтиёт бўлиш керак.
«Ким зикрни кам қилса, у мунофиқ», деган ҳукмни ҳар бир инсонга татбиқ қилиш тўғри эмас. Балки, оятда мунофиқларнинг бир неча ўзига хос белгилари — намозга дангасалик билан туриш, риё қилиш ва Аллоҳни оз эслаш — биргаликда баён қилинган. Лекин оят бизга жуда катта огоҳлантириш беради: мўминнинг ҳаёти Аллоҳнинг зикридан узоқ бўлиб қолмаслиги керак.

Комил мўмин Аллоҳни кӯп зикр қилувчи бӯлади.
Агар инсоннинг тили кун бўйи дунё гаплари билан банд бўлиб, Аллоҳнинг зикри учун деярли вақт қолмаётган бўлса, у ўз қалбидан қўрқиши ва уни текшириши керак. Инсон танаси озуқага муҳтож бўлганидек, қалб ҳам озуқага муҳтож. Тана овқатсиз заифлашади. Қалб эса зикрсиз, Қуръонсиз тиловатисиз ва Аллоҳга боғланишсиз заифлашади.

Аллоҳ таоло:


أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ«Огоҳ бўлингларки, қалблар фақат Аллоҳнинг зикри билан ором топур» (Раъд сураси, 28-оят) деб марҳамат қилган.

Инсон баъзан телефонда узоқ вақт қолиб, «дам олдим» деб ўйлайди. Аммо қалб ҳақиқий ором топдими?

Яна бир хабарни кўргиси келяпти.

Яна бир видеони кўргиси келяпти.

Яна бир янгиликни текширгиси келяпти.

Бу ором эмас, балки қалбнинг фақатгина чарчаши ва борган сари қотишига олиб келади. Бу инсонга ғафлатни ва руҳий тушкунликни келтириб чиқаради. Қалбнинг ҳақиқий ороми эса Аллоҳни эслашдадир.

Инсон ёшликда кўп нарса ортидан қувади. Илм олади, касб қилади, мол топади, оила қуради, фарзандларини тарбиялайди. Дунё ишлари билан машғул бўлади. Буларнинг барчаси ўз ўрнида зарур. Аммо умр ўтиши билан инсон яна бир ҳақиқатни тобора чуқурроқ англай бошлайди: биз дунёга абадий қолиш учун келмаганмиз. Бир куни бу телефон қўлдан тушади, хабарлар биз учун аҳамиятини йўқотади, ижтимоий тармоқлар, янгиликлар ва дунё ташвишлари ортда қолади. Инсон билан эса унинг амаллари қолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳивасаллам: «Қиёмат куни банда умрини нимада ўтказгани ҳақида сўралмагунча, унинг қадамлари силжимайди...» деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти). Шунинг учун инсон, айниқса умрининг кейинги даврларида, ўзидан кўпроқ сўраши керак: «Мен қолган умримни нималарга сарфлашим керак?» Баъзан инсон ўтган умрига қараб афсус қилади: «Кўпроқ Қуръон ўқишим керак эди. Кўпроқ зикр қилишим керак эди. Кўпроқ истиғфор айтишим керак эди. Вақтимнинг бир қисмини беҳуда ўтказибман». Лекин мўмин учун энг катта умид — ҳали ҳаёт бор.
Ҳали нафас бор экан — имконият бор. Ҳали қалб ураётган экан — тавба қилиш мумкин.

Ҳали кўзлар кўраётган экан — Қуръон ўқиш мумкин.

Ҳали тил ҳаракат қилаётган экан — зикр қилиш мумкин.

Ҳали қўллар ҳаракат қилаётган экан — яхшилик қилиш мумкин.

Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг. Шунинг учун ўтган вақт учун надомат қилиш билан бирга, қолган вақтни тўғри сарфлашга қарор қилиш керак.
Бунинг ечими вақтимизнинг эгаси телефон эмас, яна ўзимиз бўлишимиздир. Телефондан илм учун, Қуръон учун фойдаланайлик. Яқинлар билан силаи раҳм ва алоқа учун фойдаланайлик. Аммо унинг чексиз ленталари, беҳуда хабарлари ва маъносиз машғулотлари умримизни зое қилиб қўймасин.

Ўзимизга оддий қоидалар қўяйлик:

— Намоз вақтида телефонни четга қўяйлик.

— Куннинг маълум қисмини телефонсиз ўтказайлик.

— Уйқудан олдин телефонни қўлга олмасликка ҳаракат қилайлик.

— Ҳар куни Қуръон ва зикр учун алоҳида вақт ажратайлик.

— Телефонни очишдан олдин ўзимиздан: «Нима учун очяпман?» деб сўрайлик. Агар жавоб: «Шунчаки зерикканим учун» бўлса, телефонни яна жойига қўйиш вақти келди. Аниқ фойдали мақсадсиз, телефонни очмайлик. Мақсад ҳосил бӯлиши биланоқ уни қайта ёпайлик. Бошқа жойларга аниқ фойдали мақсадсиз кириб кетмайлик.

Инсоннинг ёши нечада бўлишидан қатъи назар, унинг олдида бир савол бор: «Қолган умримни нималарга сарфлайман?»
Кимдир ёш, кимдир ўрта ёшда, кимдир умрининг анча қисмини ортда қолдирган. Аммо барчамизга берилган вақт — чекланган. Шунинг учун катта-катта режалардан олдин кичик, аммо баракали одатларни бошлайлик. Ҳар куни бир неча саҳифа Қуръон тиловати, бироз зикр, истиғфор, оила билан самимий суҳбат. Ҳар куни бир яхши амал, Аллоҳнинг неъматлари ҳақида бироз тафаккур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган:
«Ким бир мажлисда ўтириб, у ерда Аллоҳни зикр қилмаса, қиёмат куни бу мажлис унга надомат бўлади». Бу маънодаги ривоятлар инсонга ҳар бир ўтириш ва ҳар бир суҳбатнинг ҳам қадри борлигини эслатади.
Шундай экан, ҳар бир йиғилишимизда, ҳар бир суҳбатимизда, ҳар бир кунимизда Аллоҳнинг зикридан насибадор бўлишга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло:


فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ «Бас, Мени эсланглар, Мен ҳам сизларни эслайман. Менга шукр қилинглар ва ношукрлик қилманглар» (Бақара сураси, 152-оят) деб марҳамат қилган. Демак, Аллоҳни эслаш шунчаки вақт ўтказиш эмас. Аллоҳни зикр қилиш инсоннинг умрини маъноли қилишдир. Шундай экан, бугун ўзимиздан бир савол сўрайлик: «Менга берилган бугунги умрнинг қайси қисми эртага мен билан бирга боради ва фойдамга ҳужжат бӯлади?» Жавобни ҳар ким ўз ҳаётидан изласин. Зеро, умр — бир марта бериладиган омонат. Бу омонатнинг ҳар бир ӯтган лаҳзаси бизни охиратга яқинлаштириб бормоқда.

Аллоҳ таоло умрларимизни Ўзининг зикри, Қуръон тиловати, тоат-ибодати ва розилиги билан обод қилсин. Беҳуда ўтиб кетган вақтларимизни афв этсин ва қолган умримизни аввалгисидан хайрли қилсин. Омин.

Асрорхон Махмудов
Мир Араб олий мадрасаси катта ў
қитувчиси

. .