Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли байтлари, саҳобалари ва қиёматга қадар уларга эзгулик билан эргашган барча мўминларга салавоту саломлар бўлсин.
Робиъул аввал ойи кириб келиши билан мусулмонлар қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, гўзал ахлоқлари, беқиёс фазилатлари ва бутун инсониятга кўрсатган раҳматлари яна бир бор ёдга олинади. Зеро, у зотнинг ҳаётлари мўмин учун оддий тарих эмас, балки иймон, ахлоқ, ибодат ва инсон камолотининг тирик намунасидир.
Шу боис мавлиди шариф муносабати билан ўтказиладиган йиғинларнинг энг улуғ мақсади — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни янгилаш, у зотнинг сийратларини ўрганиш, Аллоҳ таолонинг бу буюк неъмати учун шукр қилиш ва Пайғамбаримиз суннатларига эргашишга янада жиддий аҳд қилишдир.
Бу ойда мавлиди шариф муносабати билан у зотнинг дунёга келишлари, ҳаётлари, шамоиллари, фазилатлари ва умматларига бўлган меҳр-муҳаббатлари ҳақида суҳбатлар қилинади, у зотга кӯплаб салавоту саломлар айтилади. Бироқ мавлиди шарифнинг ҳақиқий маъносини бир кунлик маросим даражасига тушириб қўймаслик керак. Мавлиди шарифнинг руҳи — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш, севиш ва у зотга эргашишдир. Зеро, у зотни севиш — иймоннинг бир шуъбаси, у зотга эргашиш эса Аллоҳнинг муҳаббатига етказувчи йўлдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ ۗ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
«Айт: “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ ӯта мағфиратли ва ӯта раҳмлидир”» (Оли Имрон, 31).
Демак, мавлиднинг қиймати унинг ташқи шаклидагина эмас, балки инсонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлаштириб, у зотнинг суннатларига эргашишга олиб боришидадир.
Мавлиди шарифни нишонлашнинг мазмуни
Аввало, бир муҳим нуқтани таъкидлаш лозим: мавлиди шарифни нишонлаш масаласига унинг мазмунидан ажратиб қараш тўғри эмас. Агар мавлид йиғинларида Қуръони карим тиловат қилинса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва шамоиллари баён этилса, салавоту саломлар айтилса, Аллоҳ таолога шукр қилинса, муҳтожларга таом улашилса, хайр-эҳсон қилинса ва одамлар яхшиликка тарғиб этилса — буларнинг ҳар бири шариатда ўз асосига эга бўлган савобли амаллардир.
Шу билан бирга, мавлид номи билан шариатда қайтарилган ишларга — исроф, гуноҳ-маъсият, номаҳрам эркак ва аёлларнинг аралашуви, ҳаром кўнгилочарликлар ва бошқа мункаротларга — йўл қўйилмаслиги лозим. Мавлиднинг файзи Расулуллоҳга муҳаббатда бўлса, унинг одоби у зотнинг шариатларига итоатдадир.
Мавлиди шарифни нишонлашнинг асосий мақсадлари ва далиллари:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш ва у зотнинг сийратларини авлодларга етказиш;
Аллоҳ таоло пайғамбарлар қиссаларини баён қилишнинг мақсадларидан бири қалбни мустаҳкамлаш эканини билдириб, шундай дейди:
وَكُلًّا نَقُصُّ عَلَيْكَ مِنْ أَنْبَاءِ الرُّسُلِ مَا نُثَبِّتُ بِهِ فُؤَادَكَ وَجَاءَكَ فِي هَٰذِهِ الْحَقُّ وَمَوْعِظَةٌ وَذِكْرَىٰ لِلْمُؤْمِنِينَ
«Биз сенга пайғамбарлар хабарларидан қалбингни мустаҳкамлайдиган нарсаларни баён қилиб берурмиз. Бунда сенга ҳақ, мўминлар учун эса мавъиза ва эслатма келди» (Ҳуд, 120).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш эса бу маънода янада улуғ аҳамият касб этади. Чунки у зотнинг ҳаётлари Қуръон ахлоқининг амалдаги энг комил намунасидир.
Аллоҳ таоло айтади:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
«Албатта, сизлар учун — Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилган кишилар учун — Аллоҳнинг Расулида гўзал намуна бор» (Аҳзоб, 21).
Шундай экан, мавлид муносабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ахлоқлари ва шамоилларини ўрганиш — авлодларни у зотнинг муборак йўллари билан боғлайдиган муҳим маърифий воситадир.
2. Аллоҳ таолонинг буюк неъматини эслаш ва шукр қилиш;
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ўз қавмига Аллоҳнинг буюк неъматларини эслатишни буюриб:
وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا مُوسَىٰ بِآيَاتِنَا أَنْ أَخْرِجْ قَوْمَكَ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ وَذَكِّرْهُمْ بِأَيَّامِ اللَّهِ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّكُلِّ صَبَّارٍ شَكُورٍ
«Дарҳақиқат, Биз Мусони Ўз оятларимиз билан юбордик: “Қавмингни зулматлардан нурга чиқар ва уларга Аллоҳнинг кунларини эслат”. Албатта, бунда ҳар бир сабрли ва шукр қилувчи киши учун аломатлар бор» (Иброҳим, 5).
«Аллоҳнинг кунлари»ни эслаш — У зотнинг бандаларига ато этган буюк неъматларини ёдга олиш ва улар учун шукр қилиш маъносини қамраб олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари эса инсоният учун буюк илоҳий неъматдир. Зеро, у зот олиб келган ҳидоят билан инсоният ширк ва залолат зулматларидан тавҳид ва иймон нурига чиқди. Аллоҳ таоло айтади:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
«Биз сизни оламларга раҳмат қилибгина юбордик» (Анбиё, 107).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари — ана шу раҳматнинг инсоният ҳаётига кириб келиши эди.
Шунинг учун у зотнинг таваллудларини эслаш орқали қалбда қувонч пайдо бўлиши, Аллоҳ таолога шукр қилиш ва бу неъматнинг қадрини англаш мўминнинг гўзал ҳолатидир.
3. Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан хурсанд бўлиш;
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَٰلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ
«Айт: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан — ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар тўплайдиган нарсалардан яхшироқдир”» (Юнус, 58).
Оятнинг умумий маъноси Аллоҳнинг ҳидояти, дини ва раҳмати билан хурсанд бўлишга тарғиб қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Аллоҳнинг оламларга юборган раҳмати эканликлари ҳақидаги оят билан танишиб ӯтдик. Шундай экан, у зотнинг дунёга келишларини Аллоҳнинг буюк фазли ва раҳмати сифатида эслаш, бу неъматга шукр қилиш ва қалбда хурсандчилик ҳис этиш ушбу оятнинг умумий маъносига мос келади. Бу хурсандчилик беҳуда шовқин-сурон эмас. Унинг энг гўзал ифодаси — Қуръон ўқиш, салавот айтиш, илм ўрганиш, садақа қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ҳаётга киритишдир.
4. Суннати набавиядан далил: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кунларини ибодат билан ёд этганлар. Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ ﷺ سُئِلَ عَنْ صَوْمِ يَوْمِ الِاثْنَيْنِ، فَقَالَ: «ذَاكَ يَوْمٌ وُلِدْتُ فِيهِ، وَيَوْمٌ بُعِثْتُ، أَوْ أُنْزِلَ عَلَيَّ فِيهِ».
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба куни рўза тутиш ҳақида сўралганда, у зот: “Бу мен туғилган ва мен пайғамбар қилиб юборилган ёки менга ваҳий нозил қилинган кундир”, дедилар». Имом Муслим ривояти.
Бу ҳадис мавлид масаласидаги энг таъсирли далиллардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба кунининг фазилатини ўзларининг таваллудлари билан боғладилар ва бу кунни рўза билан ўтказдилар.
Демак, туғилиш неъматини эслаш ва бу неъмат учун Аллоҳга ибодат билан шукр қилишнинг асли суннатда бор экан.
Бу ерда ибратли жиҳат шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг таваллудларини шунчаки дунёвий қувонч билан эмас, ибодат билан ёд этдилар. Шунинг учун мавлиднинг ҳақиқий руҳи ҳам шундан иборат бўлиши лозим: хурсандчилик — шукрга, шукр — ибодатга, ибодат эса муҳаббат ва эргашишга олиб бориши керак.
5. Ашуро кунига қиёсан неъматни эслаш ва шукр қилиш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
قَدِمَ النَّبِيُّ ﷺ الْمَدِينَةَ، فَرَأَى الْيَهُودَ تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ، فَقَالَ: «مَا هَذَا؟» قَالُوا: هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ، هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللَّهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ، فَصَامَهُ مُوسَى، قَالَ: «فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ»، فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар. “Бу нима?” деб сўрадилар. Улар: “Бу солиҳ кун. Бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган. Мусо унинг рўзасини тутган”, дедилар.
Шунда у зот: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва ўша куни рўза тутдилар ҳамда уни тутишга буюрдилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
Бу ҳадисдан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг муайян бир кунда берган буюк неъматини эслаш ва у неъмат учун ибодат билан шукр қилиш шариатда маълум асосга эга. Шунинг учун уламолар мавлид масаласида Ашуро воқеасини ҳам қиёсий далил сифатида келтирганлар: Мусо алайҳиссаломга берилган нажот неъмати эслаб ўтилганидек, инсониятга берилган энг буюк раҳмат — Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишларини ҳам эслаш ва шукр қилиш мақбул ишдир.
Бу қиёснинг мақсади Ашурони мавлид билан айнан бир ҳукмга қўйиш эмас, балки неъматни эслаш ва у учун Аллоҳга шукр қилиш маъноси шариатда мақбул эканини кўрсатишдир.
6. Жума куни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
خَيْرُ يَوْمٍ طَلَعَتْ عَلَيْهِ الشَّمْسُ يَوْمُ الْجُمُعَةِ، فِيهِ خُلِقَ آدَمُ...
«Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси — жума кунидир. У кунда Одам яратилган...» деганлар. Имом Муслим ривояти.
Нима учун жума куни улуғ? Чунки у кунда буюк бир воқеа — Одам алайҳиссаломнинг яратилиши содир бўлган.
Шундай экан, бир куннинг унда содир бўлган буюк воқеа билан шараф топиши ақлан ҳам, шаръан ҳам тушунарлидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари эса Одам алайҳиссаломнинг яратилишидан ҳам инсоният учун улканроқ маънавий аҳамиятга эга воқеадир. Зеро, Одам алайҳиссалом инсонларнинг отаси бўлсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг сўнггиси ва саййиди, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зотдирлар.
Шу маънода у зотнинг таваллудлари билан боғлиқ кунларни эслаш ва бу неъматни улуғлашга интилишнинг маънавий асоси англашилади.
7. Ҳар бир яхши амал учун алоҳида махсус насс (оят ёки ҳадисдан иборат шаръий шаръий далил) шарт эмас.
Уламоларнинг усулида муҳим бир қоида бор: баъзи амаллар ўзининг аниқ шакли билан махсус нассда келмаган бўлса ҳам, шариатнинг умумий далиллари доирасига кириши мумкин. Бунга саҳобалар ҳаётидан бир неча мисоллар келтирилади.
Билол розияллоҳу анҳу таҳоратдан кейин икки ракъат намоз ўқиб юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бу амалларини мақтадилар.
Шунингдек, Хубайб ибн Адий розияллоҳу анҳу қатл қилинишидан олдин икки ракъат намоз ўқиганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан:
فَكَانَ أَوَّلَ مَنْ سَنَّ الرَّكْعَتَيْنِ عِنْدَ الْقَتْلِ
«У қатл қилиниш пайтида икки ракъат намоз ўқишни биринчи бўлиб йўлга қўйган кишидир», деган ривоят келган. Бу ерда Хубайб розияллоҳу анҳу қилган амалнинг асоси намоз бўлгани учун унинг шаръий яхшилиги маълум эди. Янги бўлган жиҳат — уни айнан қатл олдидан икки ракъат қилиб адо этиш эди.
Шунинг учун мавлиддаги ҳар бир амални ҳам унинг умумий шаръий асоси билан баҳолаш лозим: Қуръон — Қуръон билан, салавот — салавот билан, садақа — садақа билан, сийрат — сийрат ўрганишга оид далиллар билан баҳоланади.
Масалага шу нуқтаи назардан қаралганда, «бу амалнинг айнан шу шакли саҳобалар даврида бўлганми?» деган саволнинг ўзи етарли бўлмайди. Амалнинг мазмуни, мақсади ва шариатнинг умумий қоидаларига мувофиқлиги ҳам эътиборга олинади.
Мавлид ва «бидъат» масаласи
Мавлид ҳақида сўз юритганда «бидъат» атамасини ҳам илмий ва эҳтиёткорлик билан ишлатиш зарур.
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мавлид ҳақидаги қарашларида унинг асли кейинги даврларда пайдо бўлганини, аммо унда яхши ва ёмон ишлар аралашиши мумкинлигини, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан сақланса, унинг амали мақбул бўлишини таъкидлаганлар. Бу қараш кейинги уламолар томонидан ҳам баён қилинган.
Шунинг учун мавлидни бир бутун маросим сифатида эмас, балки унинг ичидаги амаллар ва мақсадларига қараб баҳолаш муҳим.
Агар унда Қуръон, салавот, сийрат, зикр, садақа ва хайрли ишлар бўлса — бу яхшиликлар қадрланади.
Агар унда шариатга зид ишлар аралашса — улар тарк қилинади.
Демак, мавлиднинг номи инсонни ҳар қандай ишдан озод қилмайди. Аксинча, унинг ҳар бир амали шариат мезони билан ўлчанади.
Саҳобаларнинг мавлидни нишонламаганлари унинг ҳаромлигига далолат қилмайди. Масалан, уламолар намозни рукнлар, шартлар ва вожибларга бўлганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум бундай таснифни қилмаган эдилар. Шунга ўхшаб, уламолар муборак мавлидни нишонлашни унда буюк шаръий мақсадлар борлиги сабабли яхши деб билганлар. Мусулмонлар бундан фойда кўрганлар. Худди намозни шартлар, вожиблар ва рукнларга бўлишдан фойда кўрганлари каби. Буни инкор қилиш мумкин эмас.
Саҳобалар: «Бу — ихфо, бу — идғом», деган каби тажвид қоидаларини ҳам белгиламаганлар. Балки уларни саҳобалар давридан кейин уламолар тасниф қилиб, баён қилганлар.
Шунингдек, ҳадис ва бошқа илмларга оид истилоҳларни ҳам саҳобалар жорий қилмаганлар. Балки улардан кейинги уммат уламолари томонидан жорий қилинган. Бу ҳам шаръий мақсадларни амалга ошириш ва мусулмонлар манфаати учун қилинган.
Уламоларнинг муборак мавлидни нишонлаш борасида қилган ишлари ҳам худди шунга ўхшайди. У шаръий жиҳатдан яхши бўлган мақсад ва манфаатлар учун жорий қилинган. Бу шаръий мақсадлар ва манфаатларнинг асосийлари ҳамда далиллари билан юқорида танишиб ӯтдик
Мавлид ҳақидаги энг муҳим ҳақиқатни бир жумлада ифодалаш мумкин: Мавлиднинг мақсади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида бир кеча гапириш эмас, балки у зотни бутун умр севиб яшашдир.
Бир кеча салавот айтиб, кейин салавотни унутиб қўйиш — мавлиднинг руҳини англамасликдир.
Бир кеча сийрат эшитиб, кейин у зотнинг суннатларидан юз ўгириш — мавлиддан кўзланган мақсадга етмасликдир. Аксинча, мавлид инсоннинг қалбида шундай савол уйғотиши керак: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик танийман? У зотнинг қайси суннатларини ҳаётимга киритдим? Ахлоқларидан қай бири менда бор? У зотга бўлган муҳаббатим ҳаётимда нимада кўринади?»
Ана шунда мавлиднинг маъноси қалбга тӯғри ӯрнашади.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат — фақат тилдаги даъво эмас. Аллоҳ таоло айтади:
قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ
«Айт: “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади...”» (Оли Имрон, 31).
Шунинг учун мавлиднинг энг улуғ самараси — муҳаббатдан эргашишга етиб боришдир.
Мавлидни қандай ўтказиш мақсадга мувофиқ?
Мавлид йиғинларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва шамоиллари баён қилинсин. Қуръони карим тиловат қилинсин. Салавоту саломлар кўпайтирилсин. Зикр ва дуолар қилинсин. Илм аҳлидан ибратли ваъз-насиҳатлар эшитилсин. Муҳтожларга таом ва садақалар улашилсин.
Энг муҳими, йиғинга келган киши у ердан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида кечагидан кўра кўпроқ илм, қалбида кечагидан кўра кучлироқ муҳаббат ва ҳаётида амал қилиш учун янги бир ният билан қайтсин.
Мавлидда ўқиладиган шеър ва қасидалар ҳам шу мақсадга хизмат қилсин. Агар улар маъноси тушуниладиган тилда ўқилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, ҳаётлари ва фазилатлари ёритилса, унинг тарбиявий таъсири янада кучаяди. Шариатга зид бўлган ҳар қандай иш эса, номи мавлид бўлишидан қатъи назар, тарк қилинади.
Мавлид санаси борасидаги ихтилоф
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд санасини аниқ белгилаш борасида тарихий манбаларда турли ривоятлар мавжуд.
Бу ихтилофни мавлиднинг моҳиятига қарши далилга айлантириш тўғри эмас. Чунки фиқҳий фаръий масалаларда кўпинча қатъий эмас, балки кучли далилга асосланган таржиҳ мавжуд бўлади.
Шунинг учун мавлид санасидаги тарихий ихтилоф сабабли мусулмонларни бир-бирини инкор қилишга, айблашга ёки адоватга боришдан қайтариш лозим.
Бу масалада илм билан баҳс қилиш мумкин, аммо одобсизлик билан эмас; далил келтириш мумкин, аммо биродарликни йўқотиш эвазига эмас.
Хулоса
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари — инсоният тарихидаги энг буюк воқеалардан биридир.
Аллоҳ таоло у зотни оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот келдилар, ҳидоят нури таралди.
У зот келдилар, Қуръон нозил бўлди. У зот келдилар, Ислом овози бутун дунёга етди. У зот келдилар, инсонга инсонлигини англатган гӯзал ахлоқ, адолат ва раҳмат мактаби дунёга келди.
Шунинг учун Робиъул аввал ойи келганда қалбларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга интилиши табиийдир. Мавлиднинг энг гўзал маъноси ҳам шудир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаш, у зотни таниш, у зотни севиш, у зотга салавот айтиш ва у зотнинг суннатларига эргашиш.
Мавлидни бир кунга қамаб қўймайлик. Унинг файзини бутун йилга ёяйлик. Робиъул аввалда сийрат ўқиган қалбимиз Рамазонда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини изласин. Мавлидда айтган салавотимиз кундалик зикримизга айлансин. У зотнинг ахлоқлари ҳақида эшитганимиз умримиз давомида ўз ахлоқимизда намоён бўлсин.
Шунда мавлид бир маросим бўлиб қолмайди. У қалбда муҳаббатнинг туғилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло қалбларимизни Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари билан обод қилсин. У зотнинг сийратларини ҳақиқий маънода ўрганишни, суннатларига севиб эргашишни, ахлоқларини ҳаётимизда намоён қилишни ва қиёмат куни у зотнинг шафоатларига ноил бўлишни барчамизга насиб этсин!
Мир Араб олий мадрасаси катта ӯқитувчиси Асрорхон Махмудов тайёрлади.
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
