СЎФИ ОЛЛОЁР ҲАЁТИ ВА ИЖОДИНИ ЎРГАНИШНИНГ ЎЗБЕК ОЛИМЛАРИ ТАДҚИҚОТЛАРИДАГИ ЎРНИ
Muallif: . .
Sana: 18.09.2026
3

Мақолада XVII–XVIII асрларда яшаб ижод этган мутасаввиф, шоир ва аллома Сўфи Оллоёрнинг ҳаёти, ижодий ва илмий-маърифий меросини ўрганишга бағишланган ўзбек олимлари тадқиқотлари таҳлил қилинган. Хусусан, Ҳ. Ҳомидов, Б. Валихўжаев, С. Сайфуллоҳ, Ш. Сирожиддинов, И. Сувонқулов, И. Ҳаққулов ва М. Ҳошимхонов каби тадқиқотчиларнинг Сўфи Оллоёр меросини ўрганишдаги илмий ёндашувлари ёритилган. Тадқиқотларда мутасаввифнинг адабий мероси, тасаввуфий қарашлари, ахлоқий-таълимий ғоялари, инсон маънавий камолоти, жамиятни ислоҳ қилиш концепцияси ҳамда “Маслак ул-муттақин” ва “Сабот ул-ожизин” асарларининг маънавий-маърифий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилгани кўрсатилади. Шунингдек, Сўфи Оллоёрнинг ўзбек адабиёти ва тасаввуф тафаккури тарихида тутган ўрни ҳақидаги илмий қарашлар умумлаштирилган.

Ўзбек олимлари томонидан ҳам Сўфи Оллоёр ҳаёти ва ижодига оид тадқиқотлар олиб борилган. Тасаввуфшунос олим Ҳ.Ҳомидов “Тасаввуф алломалари” китобида 66 та шайхнинг таржимаи ҳоли, фаолиятини ихчам, аммо равон ва оммабоп усулда ёритиб берган. Шу билан бирга шайхларнинг баён этган фикру мулоҳазаларидан намуналар келтирган. Адабиётшунос олим Сўфи Оллоёр ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот бериб, мутасаввиф асарларидаги ҳалоллик, поклик, ростгўйлик, меҳнатсеварлик, одамохун бўлиш, ёшликдан илм-маърифат эгаллаш, садоқатли, қаноатли, имон-эътиқодли бўлиш каби ахлоқий ғоялар билан суғорилганлигини таъкидлайди.[1.478-497.]

Адабиётшунос олим Ботирхон Валихўжаев “Миёнкол адабий муҳитида Сўфи Оллоҳёрнинг мавқеи” номли тадқиқотида кадимги тарихга эга бўлган Самарқанд Сўғди кейинчалик Миёнкол номи билан машҳурлиги, бу воҳа ўзининг сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида ўзига хос мавқега эга эканлигини қайд этган. Олимнинг эътироф этишича, Даҳбеддан Карманагача бўлган ҳудудда жойлашган Хартанг, Лоиш, Иштихон, Янгиқўрғон, Соғарж, Пайшанба, Дабусия ва бошқа мавзелардан етишиб чиққан, ўзларига Соғаржий, Дабусий, Каттақўрғоний, Даҳбедий ҳамда Суғдий, Миёнколий нисбаларини олган олим ва адиблар, шоир ва хаттотларнинг номлари тарихий ва адабий манбалар орқали етиб келган. Жумладан, Ҳошимий Сўғдий, Абу Бакр Сўғдий, Қосим Коҳий Миёнколий, Завқий Миёнколий, Вола Янгиқўрғоний, Мирий Каттақўрғоний ва бошқалар ўзларидан илмий меърос қолдирганлар. Ботирхон Валихўжаев алломаларнииг Марказий Осиё халқлари маданий ва маънавий ҳаётида тутган мавқелари ҳақида шундай фикрларни келтирган: “Ана шундай илмий-адабий муҳит мавжуд бўлган Миёнколда бутун жаҳонда шуҳрат қозонган имом Исмоил Бухорий, хожагон тариқатининг назариётчиси Маҳдуми Аъзам Даҳбедий каби муршиди ҳам бўлганликлари бежиз эмасдек кўринади. XYII-XYIII асрлар маънавият майдонига кириб келган шуҳратли Сўфи Оллоҳёр ана шу бой маънавий, адабий ва илмий анъанага эга бўлган муҳитда вояга етиб, ўзининг ўзбек ва тожик тилларида битилган асарлари билан жамият қалбидан жой олган”.[2.41.]

С.Сайфуллоҳ Сўфи Оллоёрнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиб, “Маслаку-л-муттақин” (“Тақводорлар маслаги”) асаридаги сулук одоби, мурид ва муршид мунособатларини таҳлил қилади. Олим фикрича, асар Аллоҳнинг саккиз субутий сифати: “ҳаёт”, “илм”, “қудрат”, “басар”, “самъ”, “ирода”, “калом”, “таквин” ҳамда яна икки сифати: унинг якка-ягоналиги, яратувчи ва ризқ берувчилиги ҳамда барча айбу нуқсонлардан пок ва муназзаҳлиги тушунтирилади”.[3.16.]

Академик Ш.Сирожиддинов Сўфи Оллоёр таржимаи ҳоли ва илмий меросига оид кўпгина тадқиқотлар олиб борган. Олимнинг фикрича, Сўфи Оллоҳёр ўзбек ва форс тилларида мумтоз адабиётнинг ғазал, маснавий каби лирик жанрларида ижод этган. Бу Сўфи Оллоҳёрнинг иқтидорли шоир сифатида ўзбек ва тожик адабиёти тарихида муносиб ўрни борлигидан далолат беради. Аммо шоирлик унинг асосий фазилати эмас. Сўфи Оллоёр, биринчи навбатда, йирик илоҳиётчи ва фақиҳ, Абу Ҳанифа Имом Аъзам анъаналарини ривожлантирган буюк дин арбоби, деса бўлади.[4.45-46.]

Адабиётшунос олим И. Сувонқулов келтирилишича, Сўфи Оллоҳёр ўзбек адабиёти тарихида Бобораҳим Машраб, Турди Фароғий билан бир қаторда турувчи забардаст шоиргина эмас, йирик мутафаккир олим ҳамдир. Ундан бизгача “Маслак ул- муттақин” (“Тақводорлар маслаги”), “Сабот ул-ожизин” (“Ожизлар саботи”), “Сирож ул-ожизин”, (“Ожизлар чироғи”), “Мурод ул-Орифин” (“Орифлар муроди”), “Махзан ул-мутеъин” (“Мутеълар хазинаси”), “Нажот ул-толибин” (“Толибларнинг нажот йўли”) каби йирик, “Қиёматнома”, “Муборак ҳаж сафари” сингари асарлар, кўплаб лирик шеърлар мерос сифатида етиб келган. Бу асарларнинг кўлёзмалари Республика архивлари ва айрим кишилар кўлида сақланиб, уларнинг ҳажми, ёзилиши сифати турличадир. Бундан ташқари, мутафаккир шоир асарлари Тошкент, Бухоро, Когон, Қозон, Истанбул каби шаҳарларда кўплаб чоп этилган. Масалан, унинг “Сабот ул-ожизин” асари Тошкентда 1882, 1884, 1905,1908, 1915 йилларда, Когонда 1910 йилда, Қўқонда 1890 йилда қайта-қайта нашр қилинган. Шу фактнинг ўзиёқ Сўфи Оллоёр адабий меросининг халқ орасида машҳурлигини, унга эхтиёж кучлилигини кўрсатади.[5.5.]

И.Ҳаққулов Сўфи Оллоёр ижоди ва фаолиятини ўрганиб шундай фикрга келади, мутасаввиф жамиятни қайта тарбиялаш, унинг вужудини турли маразлардан даволаш, маънавияти булоқлари кўзини очиш ва халқ мафкурасини ёт унсурлардан тозалаш, ислох килиш ҳаракатларида аниқ дастур билан иш кўрган. Бу дастур мақсадини икки босқичли деб аташ мумкин. Биринчиси, инсон эътиқодини мустаҳкамлаш, аҳоли онгини ёт мафкуралардан, хурофий бидъатлардан тозалаш, сохта авлиёлар ва улар шахсига сиғиниш иллатларини илдизи билан қўпориб ташлаш, иккинчиси, эътикоди мустаҳкам, иллатлардан покланган, тозаланган комил инсонни тарбиялаш. Сўфи Оллоёрнинг ушбу тозаланиш дастури икки йўналишда тарғибот ишларини олиб боришга асослангани ҳам яққол кўриниб туради. Бири, оддий халқ, яъни “авом ун-нос” ичида, иккинчиси, жамиятнинг зиёли табақаси орасида. Дастурнинг биринчи йўналиши ҳақида унинг дастлабки асари “Маслак ул-муттақин”да баён этилган.[6.31-32.]

М.Ҳошимхонов XVII–XVIII асрларда яшаб ижод этган Бобораҳим Машраб таълимотини ўрганиб, Сўфи Оллоёрнинг тариқатлардаги амалий риёзатлари, инсонни камолотга эриштириш ғояларини қиёсий таҳлил қилади. Тадқиқотчи фикрича, XVI–XVII асрларда Мовароуннаҳр ҳудудининг кўп қисмини ташкил этган чўл-саҳро қисмида ўтроқлашган янги ўзбек этник қатлами маданиятида исломга зид урф-одатларнинг сақланиб қолганлиги жоҳилият унсурларининг жонланишига ва аҳоли ўртасида исломий эътиқоднинг сусайишига олиб келди. “Сабот ул-ожизин” китобида Сўфи Оллоҳёрнинг халқпарвар зиёли, фидойи қалб соҳиби сифатида жамиятнинг нақадар аянчли ҳолатга келиб қолганини, залолатга ботиб, нафс қурбонига айланаётганини теран англаб етгани ва даҳшатга тушгани аниқ ифодаланган. Мутасаввиф таълимотида жамиятни ислоҳ қилиш, сохта авлиёлар нафс илинжида халқни гумроҳ этиши, кўр-кўрона сиғиниши оқибатида имон-эътиқодга путур етиши мумкинлигидан огоҳлантирган.[7.34-52.]

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1.Ҳомидий Ҳ. Тасаввуф алломалари. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2016. – Б. 478–497.
2.Валихўжаев Б. Миёнкол адабий муҳитида Сўфи Оллоҳёрнинг мавқеи // Мулоқот. – 1996. – № 3. – Б. 41.
3.Сайфуллоҳ С. Фатво ва тақво китоби. – Тошкент: Фан, 2005. – Б. 16.
4.Сирожиддинов Ш. Сўфи Оллоҳёр ҳаёти ва фаолиятига қайта назар // Сўфи Оллоҳёр. Халқаро илмий анжуман материаллари. – Теҳрон–Тошкент: “Ал-ҳудо”, “Мовароуннаҳр”, 2005. – Б. 45–46.
5.Сувонқулов И. Кўзунг ибрат била оч. – Самарқанд, 2002. – Б. 5.
6.Ҳаққулов И. Сўфи Оллоёр – мутасаввиф адиб // Сўфи Оллоҳёр. Халқаро илмий анжуман материаллари. – Теҳрон–Тошкент: “Ал-ҳудо”, “Мовароуннаҳр”, 2005. – Б. 31–32.
7.Ҳошимхонов М. Машраби мўътабар ўзим. – Тошкент: Nashirlik yog‘dusi, 2018. – Б. 34–52.

Саидов Иброҳим
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси, Бухоро Давлат Техника университети мустақил тадқиқотчиси

. .