Аллоҳ таоло ҳолларнинг соҳиби ўзи, ундан ўзга илоҳ йўқ. Фазли билан баъзи вақтларни бошқасидан афзал қилиб қўйди, ўн икки ой ичидан айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожи – бу Рамазон ойидир. Пайғамбар алайҳиссалом бу ойларда нималар қилишимиз керак, бу ойда ўзимизни қандай тутишимиз керак, бу фурсатлардан қандай савоблар билан чиқишимиз кераклигимизни уқтирдилар.
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларга айтадилар: эй саҳобалар, муборак шаҳри рамазон келди. Аллоҳ таоло бу ойга сизларга рўзани фарз қилди. Билиб қўйинг, ушбу ойда жаннат эшиклари ланг очилади, дўзах эшиклари эса қулфланади, саркаш шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ҳадисда баъзи фазилатларни айтяптилар. Биринчиси, рамазон ойи муборак ой эканлигидир. Муборак – баракотли дегани, яъни муддати кам бўлса ҳам, кунлари кам бўлса ҳам, аммо бериладиган ажру савоби бисёр, ваъда қилинган нарсаларнинг чеки-адоғи йўқ. Ажрининг бисёрлигидан Аллоҳ таоло бизга ёрдам беряпти, фатҳ, беряпти, нусрат беряпти, бошқа ойларда бўлмаган нарсаларни, имкониятларни, имтиёзларни шу ойда беряпти. Шулардан бири жаннат эшикларини очиб қўйди, зеро жаннат эшиклари ҳамиша очиқ, бироқ рамазон ойида бу эшиклар ланг очилади, жаннатга озгина илинжи, имконияти бор бўлса, жаннати наъимга киради.
Аллоҳ таоло жаҳаннам эшикларини занжирбанд қилади. Баъзи олимлар айтадиларки, шу ойда одам вафот қилса, у дўзахий бўлса, у жаҳаннамга равона қилинадиган бўлса, бу ойнинг шарофати билан у туриб туради, жаҳаннамга кирмайди, бу ой тугагач, ҳисоб-китоб қилинади.
Ушбу ойда ҳамма шайтонлар эмас, саркаш шайтонлар занжирбанд қилинади. Булар, одатда, ибодат ундан умид қилинадиган, савоб, хайр умид қилинадиган одамларга ҳужум қилади. Беибодат, Аллоҳдан узоқ, Аллоҳни танимайдиган одамлардан, халқини яхши кўрмайдиган одамлардан умид йўқ, уларга фарқи йўқ, бундай одамларни кичик шайтонлар ҳам йўлдан уради, аммо қаттиқ, даҳшатли шайтонлар ибодатли одамларга ҳужум қилади, рўзасини бузишга ҳаракат қилади. Рўзани фазлини камайтиришга ҳаракат қилади, тунларни беҳуда ўтказилишига ҳужум қилади. Демак, шундай имкониятлар бор: шайтонлар занжирбанд бўлган пайтда, жаннат эшиклари очилиб турган бир пайтда, дўзах эшиклари ёпилиб турган бир пайтда ибодатга шошилиб қолинг, деб кўрсатма берадилар пайғамбар алайҳиссалом.
Рўза қалқондир, банда Аллоҳ таолонинг азобидан ўзини тўсади, ўзига қалқон қилиб олади. Демак, қалқонланишнинг имконияти ҳозирги рўза кунларидир. Аллоҳнинг азобидан, ғазабидан сақланадиган кунлар, гуноҳу маъсиятдан йироқ бўладиган кунлар. Кимеки, ушбу кунларда бир нафл яхшилик қилса, Аллоҳ таоло етмишта яхшилик қилганнинг ажру савобини беради. Бошқа бир ривоятда 70 та фарзнинг ажру савобини беради, дейилади.
Рўза бу сабр ойи, Аллоҳ таоло рамазон ойида сабр қилиб рўза тутганларга беҳисоб ажрлар беради. Ҳам моддий, ҳам маънавий нарсалардан сабр қилмоғимиз лозим. Моддий нарсалардан сабр қилиш қўлимиздан келади, Аллоҳ қодир қилганича, хусусан, шу кунларда об-хаво қаттиқ совуқ ёки қаттиқ иссиқ эмас, сабр қила оламиз, еб-ичиш бизни кўп безовта қилмайди, ёз фаслидагидек сувсизлик бизни кўп қийнамайди. Лекин маънавий нарсалардан, масалан, Аллоҳ қайтарган нарсалардан сақланиш ниҳоятда қийин. Хусусан, баъзи одамлар ёмон гапларга, ёмон гурунгларга ўрганиб қолган бўлса, уни тарк қилиши қийин кечади. Кимики, ёлғон сўзни, беҳуда амални, беҳуда ишларни моҳи шарифи рамазонда тарк қилмаса, оч-наҳор юрганнинг ҳеч фойдаси йўқ. Бу – рўзанинг қоидаси, асосий шартларидандир. Сохтакорликдан тийилмасак, рўзамизнинг қаймоғидан маҳрум бўламиз, сохта табассум, сохта гап, сохта саломдан, сохта муомаладан, сохта нарсани ёзиб беришдан, сохталардан тийилмасак, рўзамиз мукаммал бўлмайди, рўзанинг ажру савобидан маҳрум бўламиз. Абу Фазл келтирган ҳадисда: “Рамазон сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир”, дейилган.
Рўза Қуръон ойидир, Қуръон ўқиш ва Аллоҳнинг зикри кишининг рўйи заминда ва осмону фалакда обрўйидир. Усмон ибн Аффон айтадилар, агар қалбларингиз покиза бўлганда эди, каломи шарифнинг тиловатидан тўймас эдингиз. Кимнинг қалбида ғила-ғашлик бўлса, қилмишлар қалбларни қоттирган бўлса, ундай қалбларга Қуръон ёқмайди. Имом Жалолиддин Суютий (р.) Қуръоннинг мўъжизалари бор, шулардан бири – Қуръон ўқувчиси ҳаргиз зерикмайди, дейдилар. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: “Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоат қилади”, деганлар.
Ҳасан Басрий (р.) айтадилар, ҳаёт лаззатини, ҳаловатини, тароватини уч нарсадан қидиринглар, биринчиси, намоздан, ким намоздан маза қилса, ҳаётнинг таровати ўшанда экан. Иккинчиси, Қуръондан, ким Қуръон ўқишлик билан роҳатланса, демак, ҳаёт лаззати ўшанда экан. Учинчиси, дуо билан, ким кўп-кўп дуо қилса, ҳамма нарсани худодан сўраса, бутун истагини, матлабини Арш соҳибига солса, ҳаловат ва лаззатни топибди.
Рамазон ойида ифторлик бериш фазилатдир. Ибн Можа (р.а.)дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди”, дедилар. Яна дедилар: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади”.
Фазилатли ойда турибмиз, Аллоҳ таолодан Каломи билан машғул бўлмоқликни, фарзанди-зурриётларимизни бу Калом билан ошно қилмоқликни сўраймиз. Пайғамбар алайҳиссалом дейдилар, ёшларимизга раҳм-шафқат қилмаган, катталаримизни ҳаққини билмаган биздан эмас, яъни бизнинг йўлимизда эмас. Болаларимизни ҳалол-покиза едирайлик, кийинтирайлик, энг муҳими гўзал тарбия, ахлоқ-одоб берайлик, тарбиянинг аввали эса унга Каломуллоҳни танитиш, Аллоҳ буюрган фарзларни тушунтириш экан, рўза тутиш – моддий, маънавий тарбиянинг бир кўринишидир.
Аллоҳ таолодан бу йилги Рамазон ойини азиз ва жанатмакон диёримиз учун ҳам хайрли, баракали қилишини, жонажон халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламиз.
Азизхўжа домла Иноятов
Мир Араб олий мадрасаси доценти
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказидиректори, исломшунослик ф.ф.д. (PhD)
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
