ВАТАН УЧУН ФОЙДАЛИ ИНСОН БЎЛАЙЛИК
Muallif: . .
Sana: 11.08.2026
12

Бугун уммат оммасини нималар ташвишга солаётган бўлса, бу — эртага уни нималар кутаётганидан дарак беради. Бугун зиёлилар ва етакчи қатламни қандай масалалар ўйлантираётган бўлса, эртага келажагимизни ҳам ана шу нарсалар шакллантиради. Умматнинг зиёли ва етакчи қатламидаги муаммолар унинг оддий халқидаги муаммолардан асло кам эмас.

[Яъни, бугунги халқнинг нимани муҳим деб билиши, нимадан ташвишланиши ва ниманинг ортидан эргашиши — эртанги жамиятнинг қандай бўлишидан дарак беради. Агар бугун ёшларнинг асосий қизиқиши илм, касб, маънавият ва жамиятга хизмат қилиш эмас, балки енгил ҳаёт, кўнгилочарлик ва моддий манфаатлар бўлса, бу ҳолат эртага қандай авлод шаклланишини олдиндан кўрсатади. Шунингдек, бугун олимлар, зиёлилар, мутахассислар, тарбиячилар ва раҳбарларни нималар ўйлантираётган бўлса, эртанги куннинг йўналиши ҳам кўп жиҳатдан шу асосда шаклланади: агар уларни таълим, илм-фан, ёшлар тарбияси ва уммат эҳтиёжлари ташвишлантирса, бунинг самараси эртага кўринади; агар уларнинг асосий ташвиши мансаб, обрў, бойлик ва шахсий манфаат бўлса, унинг оқибати ҳам эртага намоён бўлади. Шу боис умматдаги муаммоларни фақат оддий халқдан излаш тўғри эмас. Халқни ўқитадиган, тарбиялайдиган ва унга йўл кўрсатадиган зиёли ва етакчи қатламнинг ўзидаги муаммолар ҳам жиддий эътиборга муҳтож. Демак, умматнинг келажагини ислоҳ қилиш учун ҳам омманинг бугунги ҳолатига, ҳам унинг пешқадам қатлами нимани ўйлаётгани ва нима билан машғул эканига қараш лозим.]

Ватанга шиорлар эмас, амал керак. Бирор бўшлиқни тўлдирадиган жиддий меҳнат керак. Бундай бўшлиқлар эса жуда кўп. Ёки умматнинг бирор эҳтиёжини қондирадиган меҳнат керак. Эҳтиёжлар эса жуда кўп. Ҳақиқий иш билан машғул бўлган инсон кўп гапларга берилиб кетмайди ва майда-чуйда, арзимас нарсалар билан ўзини банд қилмайди.

Ривоят қилинишича, Халил ибн Аҳмад Фароҳидий ҳаж қилганида Замзам сувидан ичиб, Аллоҳга шундай дуо қилган экан: «Эй Аллоҳ! Мени одамлар муҳтож бўладиган илм билан ризқлантир». [Шундан сўнг Аллоҳ унга аруз илмини насиб қилди. Ўша даврда аруз илмига эҳтиёж юзага келган эди, шундай қилиб Халил ибн Аҳмад Фароҳидий аруз илмига асос солиб бу эҳтиёжни қондирди.]

Қадимгилар шундай деганлар:«Ҳар бир инсоннинг қадри у яхши биладиган ва моҳир бўлган нарсаси билан ўлчанади».

Шунинг учун ҳар биримиз ўз ичимизда — ҳеч кимга билдирмасдан — биргина ишни жуда яхши ва мукаммал даражада эгаллашга қарор қилайлик. Уни шу қадар пухта ўзлаштирайликки, унда биздан билимдонроқ ва моҳирроқ одам деярли бўлмасин. Натижада одамлар ўша ишда бизнинг билим ва маҳоратимизга муҳтож бўлишсин.

Шу орқали инсонларга хизмат қилиш билан Аллоҳ таолога ибодат қилайлик, жамиятдаги бир бўшлиқни тўлдирайлик, бирор эҳтиёжни қондирайлик ва уммат зиммасидаги фарзи кифоялардан бирини адо этишга ҳисса қўшайлик.

Даъво қилиш қанчалар осон, аммо ростгўй ва самимий бўлиш қанчалар қийин! [Ҳадисда айтилганидек:] «Ўзига берилмаган нарса билан тўйгандай кўринишга уринган киши икки ёлғон либосини кийган кишига ўхшайди». [Яъни, инсон ўзида йўқ фазилат ва имкониятларни бордек қилиб кўрсатиши, ўзини эга бўлмаган нарсаси билан безатиши — риё ва ёлғондан бошқа нарса эмас.]

"ما يشغل عموم الأمة الآن دليل على ما ينتظرها غدا .. وهموم النخبة اليوم هو ما يشكل مستقبلنا غدا .. بلاء الأمة في نخبتها ليس بأقل من بلائها في عموم الناس فيها ..

الأوطان تحتاج إلى عمل ، لا شعارات ، عمل جاد تسد به ثغرا ، وما أكثر الثغور ، أو تكفي الأمة به حاجة ، وما أكثر الحاجات .. ومن يعمل لا ينشغل بالكلام، ولا يهتم بالتوافه ..

قيل: حج الخليل بن أحمد الفراهيدي، فشرب زمزم ودعا الله قائلا: اللهم ارزقني علما يحوج الناس إلي. ففتح الله عليه بعلم العروض!

قالوا قديما: قيمة كل امرئ ما يحسنه، فليجعل كل واحد منا بينه وبين نفسه شيئا واحدا يحسنه ويتقنه بما لا مزيد عليه، ويكون أعرف الخلق به، بحيث يحتاج إليه الناس، ليعبد الله تعالى بخدمة الناس من خلاله، وليسد ثغرا من الثغور وحاجة من الحاجات وفرضا كفائيا من الفروض ..

ما أسهل الدعوى ، وما أصعب الصدق .. و"المتشبع بما لم يعط كلابس ثوبي زور".

Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази мутахассиси
Аҳмад Саъд Даманҳурий тайёрлади.

Тажимон ва изоҳлар муаллифи: Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси Асрорхон Махмудов.

. .